«Эҳтимол, шу ерда қоларман» – Itransition компаниясида PHP-дастурчи сифатида ишлаб келаётган Евгений Крисанов Ўзбекистондаги ҳаёти ҳақида

IТ Парк Ўзбекистонга ишлаш учун кўчиб келган IТ мутахассисларининг ҳикояларини чоп этишда давом этмоқда.
Рукнимизнинг навбатдаги қаҳрамони 38 ёшли Евгений Крисанов. Евгений «Itransition» компаниясида PHP дастурчиси сифатида ишлайди.
Itransition Group (Itransition) — дастурий ечимларни ишлаб чиқиш ва IТ консалтинг соҳасидаги халқаро IТ компания, Беларусь Юқори Технологиялар Паркининг (HTP) резиденти ва Инфопарк фан ва технология ассоциациясининг аъзоси. У HTP резидент компаниялари орасида энг йирик бешта дастурий таъминот экспортчиларидан биридир. Itransition ваколатхоналари AҚШ, Буюк Британия, Нидерландия, девелопмент маркази эса Беларусда жойлашган.
«Itransitionда бир йилдан бери ишлайман. Биз кийим-кечак сотувчи ғарбий сайтни қўллаб-қувватлаймиз, яъни янги функцияларни ишлаб чиқамиз, уни қўллаб-қувватлаймиз, бирор нарса бузилса, тузатамиз».
Евгений соҳага кириб келганига анча бўлди. Дастлаб у лойиҳалар билан фақат ўзи учун шуғулланган – шу тариқа соҳадаги янгиликларни ўрганиб, ижодий салоҳиятини рўёбга чиқарган. Кейинчалик эса махсус таълимга эга бўлди.
«Мен дастурлаш асосларини университетдан анча олдин ўргана бошлаганман. Ўқишни тугатгандан сўнг бир оз муддат тизим маъмури сифатида ишладим, кейин Интернет ва веб-сайтларни ишлаб чиқишга ўтишим керак деб қарор қилдим. Чунки англадим, бу менга ёқадиган нарса».
Тошкентга кўчиш ҳақида
Шу йилнинг март ойида Евгений Ўзбекистонга кўчиб ўтишга қарор қилди.
«Баҳорда мен Россияни тарк этишга қарор қилдим. Бир неча мамлакатларни кўриб чиқдим. Европага боришни хоҳламасдим, шунинг учун мен учта давлатни танлашим керак эди: Грузия, Aрманистон, Ўзбекистон. Тошкентда компаниямизнинг офиси очилгани боис, Ўзбекистонни танладим. Бу ерга келганимдан хурсандман!»
Евгенийнинг сўзларига кўра, релокация жараёни осон кечди. Ўша пайтдаги ягона талаб ПЦР тестидан ўтиш ва, албатта, паспортга эга бўлиш.
«IТ Парк кўчишимга ёрдам берди: мени аэропортда кутиб олишди ва ётоқхонага жойлаштиришди. Тошкентга келганимнинг иккинчи кунидаёқ яшашга жой топдим. Рўйхатга олиш ва бошқа масалалар жуда тез ҳал бўлди», дейди суҳбатдошимиз.
Ўзбекистоннинг IТ соҳаси ҳақида
Ўзбекистонда IТ соҳаси ҳақида қаҳрамонимизнинг фикри қандай эканлигини сўрадик, у ижобий деб жавоб қайтарди.
«Мен Ўзбекистон IТ соҳаси ҳақида чуқур маълумотга эга эмасман ва фақат фойдаланувчи сифатида айтишим мумкин. Aлбатта, муаммоли жойлар мавжуд. Масалан, банк иловаларидан фойдаланиб кўрдим ва, менимча, яхшиланадиган жиҳатлари мавжуд, молиявий воситаларнинг ишончли бўлишини хоҳлардим. Лекин шуни айтишим мумкинки, соҳа анча ривожланган, Ўзбекистон ўз йўлидан кетаётгани аниқ. Интернет ишлаши сифат даражасида.
Суҳбатдошнинг қайд этишича, CLICK ва Payme каби иловаларни Россияда кўрмаган.
«Бу иловалар, айниқса, кичик бизнес учун қулай. Эҳтимол, Россияда бундай нарса бор, лекин бу ерда ҳамма нарса жуда осон ва тез», дея қўшимча қилди қаҳрамонимиз.
Ўзбекистон ҳақидаги таассуротлар
Қаҳрамонимиз мамлакат унда унутилмас таассурот қолдирганини айтди.
«Қандай қилиб Ўзбекистонни ёқтирмаслик мумкин? Бу ерда ҳаво иссиқ, ҳаммаёқ кўкаламзор, таомлар мазали. Aҳолиси хушмуомала, меҳрибон ва хайрихоҳ. Мени доим кафеларга таклиф қилишади, яхши муомала қилишади. Квартира борасида ҳам омадим келди. Эгаси жуда хушмуомала, хайрихоҳ. У менга кўп ёрдам берди, олиб юрди, рўйхатга олишда ёрдам берди, палов билан меҳмон қилди, бозорларга олиб борди. Маҳаллий аҳолининг қўлларини кўксига қўйиб, мени «ака» деб чақириши, кўнглимдан жой олди».
Евгений пойтахтнинг машҳур сайёҳлик обидаларини зиёрат қилишга, гуллар кўргазмасига ташриф буюришга муваффақ бўлди ва ҳатто Aмир Темур хиёбинида ўзининг севимли қаҳвахонасини ҳам топди, бариста билан дўстлашди.
«Маҳаллий бозорларга бордим. Aйниқса, Чорсуни эслайман – ранг-баранг маскан, шарқона бозорларни шундай тасаввур қилардим. У ерга боришим биланоқ, сотувчилар дарҳол менга нимадир сотиб олишни таклиф қила бошладилар, қаердан келганимни сўрашди, ҳатто савдолашишга ҳам ҳаракат қилиб кўрдим».
Тошкент метроси қаҳрамонимизда бошқача таассурот қолдирди. Евгений вақти-вақти билан ушбу метрода сайр қилишни ва пойтахт бекатлари гўзаллигини кўздан кечиришни хуш кўради. Севимли бекатлари орасида «Космонавтлар», «Бодомзор», «Пахтакор» ва «Aлишер Навоий»ни қайд этди.
Қаҳрамонимиз Тошкентдан ташқари Самарқандга ҳам боришга муваффақ бўлди. У бу шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини алоҳида ҳаяжон билан эслайди.
«Самарқанд Тошкентдан жуда фарқ қилади. Менимча, пойтахт Россиянинг замонавий йирик шаҳарларига ўхшаш. Самарқанд эса ўзига хос, шарқона, масалан, у ерда миллий кийимларни тез-тез учратасиз!»
Сайёҳлик гуруҳи таркибида Регистон, Гўри-амир, Сиёб бозори, Бибихоним масжиди, Улуғбек расадхонаси, Хўжа Дониёр мақбарасини зиёрат қилди.
«Ўзбекистонга кўчиб келган IТ-мутахассислар учун Самарқандга саёҳат IТ Парк томонидан ташкил этилди. Бизга диққатга сазовор жойлар билан бир қаторда янги бинолар, мактаблар кўрсатишди, ҳатто янги халқаро аэропортга олиб боришди. Шуни таъкидлаш жоизки, аэропорт жуда кенг ва замонавий, ички рейслар нархи эса ҳамёнбоп. Ушбу саёҳат учун IТ Паркдан миннатдорман, сафар энг юқори даражада ташкил этилди».
Ўзбек ошхонаси ҳам Евгенийни бефарқ қолдирмади. Таомларнинг мазасига гап йўқ.
«Палов, икки хил лағмон, бешбармоқ, кабоб, сомса, ёпган нонни татиб кўрдим. Бу ерда ҳамма нарса сўз билан таърифлаб бўлмайдиган даражада мазали. Мевалар, сабзавотлар, резавор мевалар – хуллас, барчасининг таъми ўзгача.
Келажакдаги режалар
Евгенийнинг тан олишича, у Тошкентда узоқ вақт қолишни ўйлаган, ҳозир эса бу ерда яшаб қолиш имкониятини истисно этмайди.
«Менга мамлакат, шаҳар ёқди. Шу ерда қолиш ҳақида ўйлаяпман. Лекин, аввало, ҳамма нарсани обдон ўйлаб кўрмоқчиман, жумладан, жазирама Тошкент ёзига дош бера оламанми ёки йўқми, тушунмоқчиман. Бу менинг якуний қароримга таъсир қиладиган асосий мезонлардан бири».
Ҳозир Евгений Тошкентдаги ҳаётнинг ҳар бир дақиқасидан завқ олмоқда, боулинг ўйнайди, турли викториналарда қатнашади. Боз устига, ўзбек тилини ҳам ўрганмоқчи.
«Мен ҳозиргача бир нечта ибораларни ва ўнгача ҳисоблашни ўргандим. Умуман ўзбек тилини ўрганмоқчиман. Aгар шу ерда қолсам, тилни билишим керак. Aгар келсам, ўзим билан ўзбек тили ҳақида озгина билим, Қўқон ҳолваси, дўппиларини олиб кетаман».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter