Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Банклардаги электрон хизматлар ҳақида мулоҳазалар (2-қисм)

Банклардаги электрон хизматлар ҳақида мулоҳазалар (2-қисм)

Фото: Novostipmr.com

“Bank of America”нинг дебет картаси

Мижозга “Bank of America”да ҳисоб рақам очиш билан биргаликда қулайлик тақдим этиш учун дебет картаси берилади. Дебет тўлов картаси магазинларда маҳсулот ва товарлар ҳамда турли хизматлар учун тўлов терминаллари ёрдамида тўловларни амалга ошириш имконини беради. Шунингдек, дебет карта ёрдамида банк бўлимлари ва банк банкоматлари тармоғи орқали ўз маблағларини нақдлаштириб олиш мумкин.

  • Дебет картасининг дизайнини мижоз кенг ассортимент ичидан танлаб олиши мумкин.
  • Ушбу карталардан ойлик иш ҳақини олишда кўп фойдаланилади.
  • Тўлов картаси стандарт электрон микрочип ва маълумотни ўқишга мўлжалланган магнит чизиғи билан ҳимояланган.
  • Мижоз томонидан картадан фойдаланиши ҳақида хабарномалар мижознинг маблағларини ишончли ҳимоялайди ва зарурат бўлганда карта блокланади.

Омонат ҳисоб рақамлари

“Bank of America”да омонат ҳисоб рақамини очиш учун 25 АҚШ доллари миқдорида минимал тўловни амалга ошириш лозим. Бунда ҳар ойда 5 АҚШ доллари миқдорида хизмат ҳақи олинади. Банк томонидан хизмат ҳақи ундирилмаслиги учун ҳисоб рақамнинг ҳар кунлик баланси камида 300 АҚШ долларини ташкил этиши зарур. Ушбу ҳисоб рақамдан транзакциялар ва тўловларни амалга ошириш мақсадида қўшимча ҳисоб рақам сифатида фойдаланса ҳам бўлади. Омонат ҳисоб рақамидан, шунингдек, овердрафтни расмийлаштирилишда гаров ўрнига қабул қилиш мумкин.

Пул бозорининг омонат ҳисоб рақамлари

Ушбу ҳисобни очиш учун дастлабки минимал миқдор 25 АҚШ долларини ташкил этади. Банк хизмат кўрсатиши учун бир ойда 12 АҚШ доллари миқдорида комиссия олинади. Ҳисобнинг кунлик баланси 2500 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда сақланиб турилса комиссия ундирилмайди. Пул бозорининг омонат ҳисоб рақами бўйича стандарт фоиз ставкаси 0,03% ни ташкил этади. Қимматбаҳо металлар бўйича йиллик фоиз ставкалари қуйидагича:

  • Олтин – йиллик 0,04%;
  • Платина – йиллик 0,05%;
  • Платина (имтиёзли мижозлар учун) – йиллик 0,6%.

Мазкур ҳисоб суғурталанган ҳисобланади ва ундан овердрафт тақдим қилиш ҳолатларда кафолатланган гаров сифатида фойдаланса бўлади.

Муддатли омонатлар

Белгиланган муддатли омонат

Белгиланган муддатли омонатни очиш учун минимал омонат миқдори 10000 АҚШ долларини такшил этади. Маблағларни омонатга 12 ойлик муддатга жойлаштиришингиз мумкин. Шартномада кўрсатилган муддат давомида 0,7% белгиланган ставка амал қилади. Муддатли ҳисобни тўлдириб бориш кўзда тутилмаган. Омонат муддати тугагандан сўнг шартнома янгиланиши мумкин.

Стандарт муддатли омонат
Стандарт муддатли омонатни очиш учун минимал омонат миқдори 1000 АҚШ долларини такшил этади. Ушбу омонат бўйича шартнома 28 кундан 10 йилгача бўлган муддатга тузилиши мумкин, бунда фоиз ставкалар 0,03% дан 0,15% гача бўлган оралиқда тебраниб туради.

Хатарсиз муддатли омонат

Омонатнинг минимал миқдори 5000 АҚШ доллари бўлиб, йиллик
0,01% га 9 ой муддатга очилади.

Пенсия омонати

Ушбу ҳисобни очиш учун банк 2000 АҚШ доллари миқдоридаги минимал тўловни талаб этади. Йиллик 0,07% ставка қўлланилади ва ушбу маҳсулотдаги омонат муддати 12 ой этиб белгиланган.

Курси ўзгарувчи омонат (пенсия учун)

Ушбу омонат минимал миқдори 100 АҚШ доллари бўлиб, 18 ойдан 23 ойгача бўлган муддатга жойлаштирилади ва омонат муддати давомида ҳисобни тўлдириш чекланмаган. Омонат бўйича фоиз ставкаси 0,03% ни ташкил қилади.

Муддатли омонатларнинг барча турлари хатарлардан суғурталанган.

“Bank of America”нинг кредит карталари

“Bank of America” ўз мижозларига уларнинг эҳтиёжи ва мақомига қараб турли кредит карталарини таклиф этади. Карталар фоиз ставкалари, йиллик тўловлар, бонуслар олиш имкониятлари, чегирмалар ёки имтиёзлар тақдим этиши билан фарқ қилади. Мижозларнинг баъзилари бир нечта кредит карталаридан фойдаланадилар, чунки уларнинг ҳар бири қўлланиладиган махсус соҳасида ўз афзалликларига эга.

Visa BankAmericardCash Rewards™ кредит картаси

Ушбу карта «Мукофотли» деб номланади, чунки унда товарларни харид қилиш вақтида сарфланган маблағларни қайтариш афзалликлари мавжуд. Бунда карта эгаси ҳар бир харид учун сарфланган маблағларининг 1% ни қайтариб олади, маҳсулотларни улгуржи ва чакана сотувчи дўконларда харид қилса 2% гача, 3% газ учун тўловларни амалга оширганда қайтарилади.

Қайд этиб ўтиш лозимки, карта фаоллаштирилгандан сўнг дастлабки
90 кун давомида унинг эгаси Интернет-магазинларда 500 АҚШ долларидан юқори нархда харидлар амалга оширса, у 100 АҚШ доллари миқдорида мукофотланади. Visa Cash Rewards картаси эгалари учун кредит бўйича қарзларни ўз вақтида тўлаб борганлиги сабабли банк томонидан рағбатлантириш сифатида қарзнинг 10 дан 25% гача бўлган миқдордаги пул маблағлари қайтарилади.

Visa BankAmericard Travel Rewards® кредит картаси

Кредит карталарининг ушбу тоифаси сайёҳатлар давомида товарларни харид қилишда ёки хизматларга ҳақ тўлашда ҳар бир сарфланган долларнинг 1,5 баробари миқдорида бонуслар йиғилишини кўзда тутади. Халқаро парвозларни амалга оширувчи мижозларга ушбу карта чипталар, меҳмонхоналар ва ресторанларда овқатланиш учун тўлов қилишда, айниқса, фойдали бўлади.

Карта эгалари йиллик аъзолик бадалини тўламайдилар. Картадан фойдаланишнинг дастлабки 12 ойида, харидлар амалга оширилиб борилганда йиллик фоиз ставка 0% миқдорида белгиланади. Кейинчалик 15,24% дан 23,24% гача бўлган миқдорда ўзгарувчан йиллик ставка ўрнатилади. Картадан фойдаланиш даврининг илк 90 куни давомида қиймати 1000 АҚШ долларига тенг бўлган сайёҳлик йўналишига оид товарларни харид қилганда, банк ўз мижозини 20000 интернет-бонус билан рағбатлантиради. Бунинг натижасида ушбу йиғилган бонус кредит бўйича қарзнинг 200 АҚШ доллари миқдоридаги қисмини қоплаш учун ишлатилиши мумкин.

BankAmericard® кредит картаси

Ушбу кредит карта “Bank of America”нинг бошқа кредит карталарига нисбатан энг паст йиллик фоиз ставкасига эга, у 11,24% дан 21,24% гачани ташкил қилади. Дастлабки 18 ой давомида картадан фойдаланганлик учун карта эгаси йиллик фоиз ставкадан озод қилинади.

BankAmericard Better Balance Rewards®кредит карта

Better Balance Rewards кредит картасида унинг эгалари учун ҳисобни виждонан ёндашиб, тартиб билан, яъни муддатидан ўтказиб тўлаш каби ва бошқа қоидабузарликларсиз юритгани учун банк мукофотлари кўзда тутилган.

Бунинг учун карта эгасини банк ҳар чоракда 25 АҚШ доллари билан рағбатлантиради, табиийки, йил давомида мижоз 100 АҚШ долларини тўплаб олиши мумкин.

Online инвестициялар

Банк хусусий тадбиркор ва алоҳида шахс бўлган мижозларига ўзининг шўъба корхонаси бўлмиш Merrill Edge онлайн брокери хизматларидан фойдаланишни таклиф этади. Merrill Edge Интернет орқали Bank of Amerika кўмагида инвестицияларни ўтказиш имкониятини жисмоний шахсларга таклиф этади. Банк мижоз маблағларининг хавфсизлигини, ҳисоб рақамлардан эркин фойдаланиш ва танланган инвестиция маҳсулотларидан келиб чиққан ҳолда ишончли молиявий механизмларни кафолатлайди. Merrill Edge тимсолидаги биржа брокери инвестицион ечимларнинг қуйида келтирилган кенг спектрини таклиф этиши мумкин:

  • Пенсия инвестиция инструментлари;
  • Иқтисодиётнинг турли секторларидаги савдо компанияларининг акцияларига инвестицион қўйилмалар;
  • Активларни диверсификация қилиш ва эҳтимолли хатарларни ҳисобини чиқариш мақсадида акциялар олди-сотдиси билан шуғулланиш ва сақлаш;
  • Ўзаро фондлар асосида диверсификациялаш мақсадида инвестиция портфелини шакллантириш;
  • Акциялар ва омонатга қўйилган маблағлар асосида белгиланган инвестициялар.

Интернет-банк

Ҳар қандай мижоз Bank of Amerikaга мижоз бўлган заҳоти Интернет-банк хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Бунинг учун банк сайтида рўйхатдан ўтиш ва ўз шахсий маълумотлари ҳамда кириш кодларини киритиш етарли бўлади. Ўз ҳисобига кириш имконияти мавжудлиги эвазига ҳисоб рақам эгаси ўз балансини дунёнинг исталган нуқтасидан текшириши ва тўловлар тарихини кузатиши мумкин. Интернет-банк орқали мижозларнинг ҳисоб рақамларига боғлиқ бўлган дебет ва кредит карталарнинг ҳисоб рақамларини бошқариш ҳам мумкин. Осонлик билан инвестицион қўйилмаларни амалга ошириш ва зарур бўлган банк маҳсулотларига буюртма бериш мумкин. Шунингдек онлайн-режимида доимий тўловларни ўтказиш функциясини осонлик билан жойлаштириш ёки сарф-харажатларни назорат қилиш мақсадида зарур бўлган чекловларни ўрнатиш мумкин. Банкнинг хавфсизлик тизими мижозлар шахсий маълумотлари ва молиявий активларининг ҳимоясини зарур даражада таъминлайди.

Юқорида келтириб ўтилган хорижий тажрибалардан келиб чиқиб, республикамиз банклари фаолиятини янада ривожланишга сабаб бўладиган таклифларни қуйида тақдим этамиз.

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги барча банкларнинг хизматларини қамраб оладиган ягона портални ишга тушириш. Бу барча юридик ва жисмоний шахслар, жумладан, инвесторлар ва истеъмолчилар учун дунёнинг исталган нуқтасидан банк маълумотларига эга бўлиш имконини беради. Жумладан, банклар, уларнинг фаолияти, кўрсатаётган хизматлари ва имкониятлари ҳақида ягона маълумотлар базаси яратилади. Шунингдек, банклараро рақобат кучайишини, банклар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлайди.

Иккинчидан, банклар фаолиятида биометрик маълумотлардан фойдаланиш амалиётини жорий қилиш. Бу ҳам мижозларни идентификациялаш, ҳам фирибгарликка қарши курашишда қулайликлар тақдим қилади. Ушбу тизим йўлга қўйилган банк мижози паспорт ёки бошқа қоғоз кўринишидаги ҳужжат тақдим қилиш зарурати қолмайди. Ўз шахсини тасдиқлаш учун мижоз ўз смартфонида юзининг биометрияси ёки бармоғининг изи ёрдамида хабарнома очиши зарур бўлади. Шунингдек, мижоз юзини ва овозини мобил илова орқали таниб олиш ёрдамида ўз ўтказмаларини амалга ошириши мумкин. Шу билан бирга, қалбаки паспортлардан фойдаланувчилардан қўшимча ҳимоя воситаси бўлиб ҳам хизмат қилади.

Учинчидан, мижозларга кредит ажратиш вақтида уларнинг тўлов қобилияти ҳақида барча маълумотларга эга бўлиш мақсадида улар томонидан тўланаётган солиқлар, сув, газ, электр энергияси ва бошқа тўловлар тўғрисидаги маълумотларнинг ягона базасини яратиш зарур. Ушбу база Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекэнерго ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг маълумотлар базаларини бирлаштиради ва мижозга кредит бериш мақсадга мувофиқлигини аниқлаб беради.

Тўртинчидан, мижозларнинг активларини диверсификация қилиш ва эҳтимолли хатарларни ҳисобини чиқариш мақсадида акциялар олди-сотдиси билан шуғулланиш ва сақлаш мақсадида Online инвестициялар хизматини жорий қилиш.

Бешинчидан, Ўзбекистон банкларида ҳам хорижий тажрибадан келиб чиқиб, сунъий интеллектдан фойдаланиш мижозлар учун катта қулайликлар яратади, маблағларини самарали бошқаришда кенг имкониятлар тақдим этади.

Олтинчидан,мамлакатимизда илғор хорижий давлатлардаги каби криптовалюта банкини очиш аҳоли, тадибркорлар ва инвесторлар учун тенгсиз имкониятларни тақдим этади. Хусусан, аҳолидан криптовалюта кўринишида омонатлар қабул қилиш, мижозларга кредитларни криптовалютада бериш ва инвестицияларни криптовалютада олиб кириш республикамиз иқтисодиётини янги босқичга кўтарилишини таъминлайди.

Еттинчидан, хорижий тажриба таҳлили, нафақат қоғоз кўринишидаги пуллардан, балки банк пластик карталаридан воз кечаётган илғор давлатлар тери остига чип жойлаштириш амалиётини қўллаб келаётганини қўрсатмоқда. Ушбу тўловларни инновацион амалга ошириш усулини ҳам ўрганиб чиқиш ва маъқул келса жорий этиш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Мадина Абдураҳмонова,  “Ахборот технологиялари ва ахборот ресурсларини ривожлантириш маркази” давлат унитар корхонаси масъул ходими

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг