"Айти"ни ўрганаётганлар қандай хатоларга йўл қўяди?
Ҳозирда ахборот технологиялари кўпчиликни қизиқтираётган соҳа ҳисобланади. Нафақат ёшлар, балки аллақачон бошқа касбнинг бошини тутган катта ёшлилар ҳам "айтичи"ларга ҳавасан ушбу касб сир-асрорларини ўрганишга киришмоқдалар.
Аммо мазкур соҳани тўғри ўрганган одамгина муваффақият қозона олади. Хўш, тўғри ўрганиш қандай бўлади? Бу борада йўл қўйиладиган асосий хатолар нималардан иборат?
Толиби илмларнинг кўпи мустақил, ўзига ўзи ўргатиш усулини маъқул кўрадилар. Бу яхши, албатта. Самараси ҳам исботланган. Лекин манба танлашда адашмаслик керак. Ҳозир интернетда "self-study" шаклида ўрганиш учун керакли манбалар қалашиб ётибди, бироқ ҳаммаси ҳам ишончли эмас. Агар сиз айти оламига эндигина кириб келган бўлсангиз, ўзига ўргатиш эмас, масофавий таълимни танлаганингиз маъқул. Ўзини ўргатиш малака оширувчиларга кўпроқ тўғри келади.
Бу оламга кириб келганларнинг кўп такрорлайдиган хатолари беқарорликдир. Масалан, сайт ёки газетани саҳифалашни ўрганяпсиз, танишингиз "Бу ҳозир долзарб эмас, ундан кўра дастурлаш тилини билиб ол" деб маслаҳат берса, дарров курсини ўзгартиради. Бироз вақт ўтгач яна олдинги қарори тўғридек туюлиб қолади. Натижада шохдан шохга қўниб вақтдан ютқизиб қўяди.
Яна бир хато - шошқалоқлик. Айниқса, ёшлар бесабр бўлиб, курсни битиргач, дарҳол иш топиш, буюртмалар қабул қилиш, пулга кўмилишни мўлжаллайдилар. Юқори қаватга кўтарилиш учун зиналарни босиб ўтиш лозимлигини тушунмайдилар. Бу нотўғри тасаввур эса умидсизликка берилиш, бошлаган ишини ташлаб кетишга сабаб бўлади.
Ўқувчилар ўрганиш жараёнида босқичма-босқичликка амал қилмай хатога йўл қўядилар. Илмга чанқоқлик ва қизиқишнинг юқорилигидан маълумотлар оқимини кўпайтириб юборадилар. Бундан онг, хотира, идрокда ортиқча босимдан зўриқиш келиб чиқиб, мия тез чарчаб қолади. Оқибатда уммундек кенг ахборот технологиялари оламидаги маълумотларни ўзлаштиролмай қолади. Шундай экан, "Уч ҳафтада дастурлаш тилини ўргатамиз", "Ўн беш кунда саҳифалашни ўрганасиз" каби рекламаларга ишонманг.
Юзаки ёдлаш кўплаб соҳалар сингари айтичиларга ҳам қўл келмайди. Балки ҳар бир атаманинг амалий ифодасини тушунган ҳолда ёдда сақлаш керак. Шундагина тажрибада бемалол қўллай олади. Сўзма-сўз ёдланган, аммо тасаввур шакллантирилмаган қоидалар келажакда иш бермайди.
Қўрқув - бўлажак "айтичи"нинг олдидаги хавф. Тўғри, соҳада рақобат кучли, ўрнини топиш осон эмас. Лекин бу факт қўрқувга эмас, ўз устида янада кўпроқ ишлашга ундаши керак. Қўрқув, ўзига паст баҳо берувчи шубҳа-гумонлар эса юқори натижа олишга халақит беради.
Ахборот технологияларининг қайси қиррасини забт этишни хоҳлайсиз? Буни олдиндан аниқлаштириб олинг. Ўз қизиқишларингиз билан бирга ҳозирги бозор ҳолатини ҳам назардан четда қолдирмаслик шарт. Шундай йўналишлар борки, улар йиллар ўтса ҳам долзарблигини йўқотмайди - иккиланмай танлаш мумкин. Айримларининг эса бугунги кун учун ҳам аҳамияти камайди, уларни кўзламаган маъқул.
Соҳада мутахассисга айланганларнинг иш жойи танлаши ҳам хатолар сирасига киради. Турли ташкилотлардан таклиф тушса, нуфузи ёхуд маоши баландини танлашга интилишади. Аслида улар қайси жой билимларини ошириш, тажриба тўплашда ёрдам берса, ана ўшанисини танлашлари керак. Чунки бу касбда такомиллашув нуқтаси йўқ. Соҳа одами уни умри давомида ўрганади ва янги маълумотлар заҳирасидан илмини бойитиб боради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter