Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Эъзоза Турғунова

«Агар инсон ниманидир чин дилдан орзу қилса, бутун коинот уни шу орзусига етиштириш пайида бўлади!»

Аёлларнинг донолигига ҳамиша шубҳа билан қарашади! (видео)

IТ-Wоman кўрсатувининг бугунги қаҳрамони 20 дан зиёд IТ лойиҳаларни муваффақиятли бошқарган мутахассис ҳамда 2022 йилда бўлиб ўтган республика форумида “Йилнинг энг яхши лойиҳа менежери” мукофоти совриндори Малика Раҳимова.

— Анъанавий саволимиздан бошлаймиз: IТ оламига кириб келишингиз қандай бўлган?

— IТ соҳасига қизиқишим 8-9-синф пайтларим информатика дарсида пайдо бўлган. Илк бор веб-дастурлаш ва код ёзиш қоидаларини ҳам информатика устозимдань ўрганганман. Лицейга кирганимдан сўнг эса ИНҲАда бўлиб ўтган ҳакатонда иштирок этиш баҳонасида соҳани янада чуқурроқ ўрганганман ва шу орқали IТ оламига кириб келганман. Ҳозирги кунда эса Қишлоқ қурилиш банкининг молиявий технологиялар бўлимида бош мутахассис сифатида фаолият юритмоқдаман.

— Энг биринчи иш жойингиз?

— Иш фаолиятимни лицейда ўқиб юрган кезларим репетиторликдан бошлаганман. Университетга киргач, Хитойда талабалар ишлашига рухсат йўқлиги сабабли, Upwork ва Fiverr каби платформаларда UX/UI дизайнер сифатида фрилансерлик қилганман. Шу кунгача Ўзбекистон, Европа ва АҚШ бозорида IТ лойиҳаларни бошқариш ва уларни янада юқори даражаларга олиб чиқишга ўз ҳиссамни қўшиб келмоқдаман.

— Қиз бола сифатида ушбу соҳани танлашингизга оила аъзоларингиз қандай фикр билдиришган?

— Хитойда ўқиш учун грант ютиб олганимда оила аъзоларим бегона давлатга юборишга қўрқишган ва табиийки, бу соҳада асосан эркаклар фаолият юритганлиги боис, қаршиликлар ҳам бўлган. Аммо уларга ўзим ва қолаверса, устозларим ҳам тўғри тушунтирганимиздан кейин қароримни тўғри қабул қилишган. Кейинчалик карантин туфайли 2-босқичдан бошлаб Ўзбекистонда онлайн тарзда ўқишни давом эттирганман.

— Шахсан ўзингиз аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш платформасини ривожлантиришга ҳам мураббийлик қилгансиз, мутахассис сифатида соҳанинг аёллар учун афзалликлари ҳақида нималар дея оласиз?

— Юқорида таъкидлаганимдек, нафақат мамлакатимизда, балки, хорижда ҳам камдан-кам аёллар IТ соҳасини танлайди. Бунга эса албатта маълум бир стереотиплар сабаб бўлади. Аслида аёллар учун бир нечта соҳалар мавжуд бўлса, улар ичида ҳар тарафлама энг қулайи бу — IТ! Чунки бу соҳада эрталаб 09:00 дан 18:00 гача ишлаш керак деган қонун-қоида йўқ. Асосийси, офисга бориб ишлаш ҳам шарт эмас. Бу эса соҳанинг айнан ўзбек аёллари учун энг катта устунликларидан бири, десам муболаға бўлмайди. Қисқа қилиб айтганда, мазкур соҳада эрталабдан кечгача офисда ўтирмасдан юқори даромад топиш мумкин. Қолаверса, IТ фақат дастурлашдан иборат эмас. Унинг шундай бир йўналишлари ҳам бор-ки, унда айнан аёл кишининг меҳнати ва қобилияти билангина муваффақиятга эришиш мумкин.

— IТ га 3 та сўз билан таъриф… IТ сиз учун нима?

— Инновация, креативлик ва мўжиза!

— Сир бўлмаса, бугунги кундаги ўртача даромадингиз қанча?

— Айни дамда Қишлоқ қурилиш банкидаги фолиятим ҳамда фрилансерлик орқали бир ойда ўртача $3 000-4 000 топаман. Ҳамма аёллар ҳам мана шундай даромад топиш имкониятига эга. Фақат ўз устида ишлаб, бироз ривожланишлари лозим. Ўз меҳнатларини юқори баҳолашдан чўчимасликлари керак. Чунки меҳнатга яраша берилмаган маош мотивацияни сўндиради. Бу эса, табиийки, меҳнат унумдорлигига ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Албатта, аёллар учун нафақат IТ соҳаси, балки бошқа соҳаларда ҳам ишга жойлашиш бироз мушкул. Ҳатто ўзим ҳам суҳбатдан ўтиш жараёнларида қиз бола бўлиб туриб шунча нарсани биласизми, каби саволларга кўп дуч келаман. Чунки аксарият ташкилотларда аёлларнинг донолигига ҳамиша шубҳа билан қарашади. Шу боис иш жараёнида аёлларнинг ҳам салоҳияти эркакларникидан сира қолишмаслигини исботлашга ҳаракат қиламан.

Биламизки, барча аёллар ҳам IТ бўйича университет ёки ўқув марказларида ўқиш имкониятига эга эмас. Аммо Ўзбекистондаги кўплаб машҳур стартапларни ривожлантиришга ҳисса қўшган Малика Раҳимова IТ соҳасини мустақил тарзда ўрганиш истагидаги хотин-қизлар учун бир нечта бепул платформалар номини ошкор қилди.

Хўш, кўплаб IТ мутахассислари сир сақловчи билимлар манбаи қайси? Буни билиш учун эса кўрсатувимизнинг тўлиқ шаклини YouTube платформаси орқали томоша қилинг!

Эъзоза Турғунова суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг