Аёл «айти»чи жамоада ўз ўрнини топиши учун...
Бугунги кунга келиб, IT соҳасида фаолият юритувчи веб-дизайнер, фронтэнд, бэкенд дастурчи қизларни кўрсак, ҳайрон қолмаймиз. Аммо, стреотиплар ҳануз сақланиб қолган, аёллар айнан IT жамоада ўз ўринларини топишлари учун нималарга аҳамият беришлари керак?
Aгар IT жамоасидаги биринчи аёл бўлсангиз, профессионаллик синовига тайёр бўлинг. Жинсдан қатъи назар, ҳар қандай ишга қабул қилинувчи ходим бундай синовдан ўтади, деб баҳслашиш мумкин. Aммо, баъзи дастурчилар истеҳзо билан таъкидлаганидек: агар эркак дастурчи junior позициядан бошласа, нозик жинс вакиллари учун «аёл» позициясидан бошланади. У ҳам ҳар қандай мураккабликдаги лойиҳани ўз зиммасига олишини исботлаши керак. Бу ҳақда суҳбат жараёнидаёқ айтиб ўтилиши лозим.
Бошқа ҳар қандай жамоада бўлгани каби, IT жамоасида ҳам нотўғри тушунча мавжуд: масалан, аёл юқори малакали мутахассис бўла олмайди, чунки унда оилавий масъулият катта ва болаларга ғамхўрлик қилади. Шу сабабли, иш берувчилар номзодларни танлашда, ҳатто аёлнинг тажрибаси кўпроқ бўлса ҳам, эркакларга ён босадилар.
Негадир аёл киши учун эркак дастурчилар билан умумий тил топиш қийинроқ, деб ишонилади. Четдан қараганда, дастурчилар ўз ишига берилган, ўз дунёсида яшовчи ва характери бир қарашда ёмон кўриниши мумкин бўлган ўзига хос инсонларга ўхшайди. Aммо улар билан бир жамоада ишлай бошлагач, соқолли, қаттиққўл йигитлар қиёфаси ҳақиқатга тўғри келмаслиги аён бўлади. Улар ўз ишларига шунчалик иштиёқмандларки, ҳатто таътилда ҳам соҳил бўйида дам олишни эмас, балки фойдали ишларни афзал кўришади, масалан, янги дастурлаш тилини ўрганиш ёки профессионал адабиётларни ўқиш. Aёл учун бундай ҳамкасблар билан умумий тил топиш унчалик осон бўлмаслиги мумкин, лекин бунга жуда қийин масаладек қарамаслик керак. IT жамоасидаги муносабатлар бошқа ҳар қандай жамоада бўлгани каби қурилган.
Профессионализмни сақланг. Ҳар қандай жамоада бўлгани каби профессионализм ва ишга масъулият билан ёндашув ўзаро ҳурматга лойиқдир.
Жамоанинг бир қисмига айланинг. Аралаш жамоалар самаралироқ ишлайди - турли хил идрокга эга инсонлар муаммоларга турли томонлардан қараш, кўпроқ ижодий ғоялар яратиш, муваффақиятли маҳсулотлар яратишга қодир. Шунинг учун жамоада роллар мувозанатини сақлаш аёллар учун ҳам, эркаклар учун ҳам катта аҳамиятга эга.
Ишончли дўст бўлинг. Шахслараро муносабатларда ўзаро ёрдам, ишонч ва энг муҳими, юмор туйғуси каби оддий инсоний фазилатлар биринчи ўринга чиқади. Бу фазилатлар маълум бир жинсга мансублигига боғлиқ эмас ва ҳар бир инсон учун индивидуалдир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter