“Androidchi Yusuf” : Ҳар қандай стартапнинг асосий мақсади муаммони бартараф этиш бўлса, у ўзидан-ўзи оммалашиб бораверади (+видео)
Сўнгги йилларда фрилансерлик фаолияти ҳар қачонгидан ҳам оммалашиб, деярли ҳар учинчи одам шу тарзда ишлашни маъқул кўрмоқда. Кўпчилик ўзига-ўзи хўжайин бўлиб, эркин фаолият юритиш учун ҳам фрилансерликни танлаяпти. Бугун ушбу фаолият тури ҳақида Android-дастурчи, фрилансер Юсуф Абдуллаев билан суҳбатлашамиз.
– Сизнингча, IТ соҳасида ишни нимадан бошлаган маъқул?
– IТ соҳасининг қайси йўналишида таълим олишингиздан қатъи назар, ўз билимларингизни амалиётда синаб кўришингиз шарт. Бунинг учун бошланишига текинга ишлашга ҳам тўғри келади, аммо бу ўз портфолионгизни яратишингиз учун жуда муҳим. Шахсан ўзим ҳам ишимни ана шундай бошлаганман. Ушбу соҳада фаолиятнинг биринчи, иккинчи йилларида эътиборни маошга эмас, билим олишга, тажриба орттиришга қаратган маъқул.
– Теlegram ижтимоий тармоғида “Androidchi Yusuf” тахаллуси остида шахсий каналингизни юритасиз. Шу кунга қадар нечта Android дастур яратдингиз? Нега фақат Android учун? iОS учун ҳам дастурларингиз мавжудми?
– Ҳа, Теlegram ижтимоий тармоғида “Androidchi Yusuf” сифатида ўз шахсий брендимни юритаман. Илгари дастурчилигимни айтсам, доим қандай дастур яратишимни ҳам тушунтиришимга тўғри келарди. Шу боис ҳам ҳеч қандай саволларга ўрин қолдирмаслик мақсадида шу номни танлаганман. Албатта, фақат Android учун эмас, iОS учун ҳам дастурлар яратганман. Аммо уни асосий йўналишим сифатида айта олмайман. Боиси, менга Android дастурлар ёзиш бирмунча қулайроқ. Ҳозирга қадар 20 дан зиёд лойиҳалар устида ишлаб, фойдаланувчилар эътиборига ҳавола этганман. Улар ичида энг оммалашгани сифатида Миллий банкнинг расмий иловаси, шунингдек, Noon Academy онлайн таълим платформасини айта оламан. Айнан шу Noon Academy онлайн таълим платформасининг iОS версиясини ҳам ишлаб чиққанман.
– IТ соҳасида ишлашнинг ва айнан фрилансерлик билан шуғулланишнинг афзалликлари ҳақида айтиб ўтсангиз.
– Айнан Ўзбекистонда IТ ва фрилансерлик билан шуғулланишнинг афзалликлари ҳақида айтадиган бўлсам, энг биринчи навбатда, ўз-ўзингизни иш билан таъминлаб, ҳеч қандай солиқ тўламасдан фаолият олиб боришингиз мумкин. Шунингдек, қаерда бўлишингиздан қатъи назар, дунёнинг исталган мамлакатидаги ўзингизни қизиқтирган лойиҳаларда бемалол ишлашингиз мумкин. Умуман олганда, фрилансерларнинг иши ниҳоятда қизиқарли, десам, муболаға бўлмайди.
– Фрилансерликка эндигина кириб келганлар асосан қандай муаммоларга дуч келишади? Бундай муаммоларга дуч келмаслик ва уни бартараф этиш учун нима қилиш керак?
– Фрилансерликка илк бор кириб келганларнинг асосий муаммоси бу – буюртма топиш. Бунинг асосий сабабларидан бири эса, табиийки, сизни ҳеч ким танимаслигидир. Бундай ҳолатда ҳам юқорида айтиб ўтганимдек, турли компанияларга ўз хизматларини бепул таклиф қилиш ва ундан ташқари турли конференцияларда, тадбирларда иштирок этиш орқали танишлар орттириш ҳам яхши самара беради.
– Мана, ҳозирги кунда юртимизда IТ соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда, қолаверса, ёшларимиз орасида ҳам дастурчи бўлиш истагидагилар сони тобора ортиб бормоқда. Нима деб ўйлайсиз, қачон бизнинг юртдошларимиз IТ соҳасида қилган янгиликларни ҳам Тelegram, Instagram ёки Twitter (Х) даги янгиланишларини кутгандек кутиб олишади? Шу даражага етиш учун сиз каби соҳа мутахассисларидан, хусусан, фрилансерлардан нималар талаб қилинади?
– Ўзбекистондан глобал миқёсдаги лойиҳалар чиқиши учун, энг аввало, мамлакатнинг ўзи учун лойиҳалар ишлаб чиқиш керак. Чунки ҳеч бир катта лойиҳа дастлаб бутун дунёда фойдаланиш учун ишлаб чиқарилмаган. Улар шунчаки бир муаммони топиб, уни ҳал қилишга қаратилган. Шундан кейингина лойиҳалар кенгайиб, бутун дунё миқёсида кенг фойдалана бошланган. Ҳар қандай стартапнинг асосий мақсади машҳурликка эришиш эмас, муаммони бартараф этиш бўлса, у ўзидан-ўзи оммалашиб бораверади.
Фрилансерлик ва IТ тушунчалари кўп ҳолларда ёнма-ён келганлиги боис аксарият кишилар “мен дастурлашни билмайман, соҳага қизиқмайман”, деб ўзларини тортишади, ваҳоланки, исталган соҳа вакиллари ўз ишларини фрилансерликка айлантиришлари мумкин. Ҳеч иккиланмай ўз иш тарзларини фрилансерликка айлантириш мумкин бўлган фаолият турлари ҳақида билишни истасангиз, кўрсатувнинг тўлиқ шаклини YouTube платформамиз орқали томоша қилинг ва ict.xabar.uz саҳифасига обуна бўлишни унутманг!
Эъзоза Турғунова суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter