AКТ вазири: Ушбу қонунда ўзаро ишонч масаласи кўзда тутилмоқда

Aхборот технологиялари ривожи ушбу соҳадан янада самарали фойдаланиш имконини яратмоқда. Aйниқса, онлайн ва электрон тарзда турли амалиётларни бажариш қулай эканлиги билан ажралиб туради.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида «Электрон тижорат тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан кўриб чиқилди. Мажлисда Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов қонун лойиҳасининг мақсади, концепцияси хусусида қуйидагиларни таъкидлади.
«Электрон тижоратда сотувчи ва олувчи бор. Aммо айрим ҳолларда товарни олиб, алдаб кетиш ҳолатлари бўлади. Ушбу қонунда ўзаро ишонч масаласи кўзда тутилмоқда. Шунингдек, рақамли тижорат амалиёти назарда тутилмоқда. Умуман, қонун лойиҳасидан асосий мақсад электрон тижорат соҳасини соддалаштириш, имкониятларни кенгайтиришдан иборат. Қонун лойиҳасида белгиланаётган нормалар электрон тижорат соҳасидаги тадбиркорликни ривожлантиришдаги кераксиз бюрократик тўсиқларни бартараф этишга, ишбилармонлик муҳитини яхшилашга, қўшимча иш ўринларини яратишга хизмат қилади», – деди AКТ вазири Ш. Шерматов.
Мазкур қонун лойиҳасида электрон тижорат соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг бир қатор ҳуқуқий жиҳатлари акс эттирилган.
Янги қонун лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилмоқда:
– электрон шартномалар тузишнинг аниқ тартиби, хусусан, умумий талаблар, электрон ҳужжатларнинг юридик кучи, офертага қўйиладиган талаблар, электрон ҳужжатларни сақлаш хусусиятлари, электрон битимни амалга ошириш тартиби, электрон шартномаларни тузиш шартларини белгилаш;
– электрон тижоратда тўловларни амалга оширишнинг рухсат этиладиган шаклларини (нақд пул билан, банк ҳисоб варағидаги маблағларни ўтказиш йўли билан, тўлов тизимлари воситалари ва электрон пул билан тўлаш) белгилаш;
– электрон тижоратда харидорнинг шартлари тўлиқ қондирилмагунча ахборот тизимида пул маблағларини ушлаб туриш имкониятини берувчи пулни депонентлаш тизимини жорий қилиш;
– юридик шахслар билан бир қаторда ўзини ўзи банд қилган шахсларга электрон тижорат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини бериш;
– рақамли маҳсулотларни (операцион тизимлар, дастурий таъминотлар, онлайн хизматлар ва ҳ.к.) сотиш, экспорт ва импорт қилиш, уларнинг божхона расмийлаштируви тартибини жорий этиш;
– электрон тижоратда инсофсиз рақобатнинг олдини олиш қоидаларини киритиш. Бунда интернет тармоғида қалбаки ҳавола ва манзиллардан фойдаланиш, электрон тижорат субъектларининг бир-бири билан олдиндан келишиб олиш, интеллектуал мулк объектларидан ноқонуний фойдаланган ҳолда товар ва хизматларн таклиф этиш, ёлғон ёки чалғитувчи ўхшаш белгидан фойдаланиш, нотўғри таққослашлар тақдим этишни тақиқлаш кўзда тутилган;
– электрон тижоратни амалга ошириш доирасида харидорларнинг ҳам ҳуқуқларини белгилаш.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter