Алоқа музейида янги экспозиция (видео, фото)
Бугун, 10 март куни алоқа ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳасининг ривожланиш босқичларини ҳамда ютуқларини ўзида мужассам этган Алоқа тарихи музейида «Ўзбекистон Республикаси почта маркалари Давлат коллекцияси» ташкил этилди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов ҳамда «Ўзбекистон почтаси» АЖ бош директори Алишер Файзуллаев қатнашди.

Почта маркалари Давлат коллекциясида 1500 дан ортиқ маркалар мавжуд. «Янги Ўзбекистон», Ўзбекистон амалий санъати, тарихий шахслар, флора, фауна, каби бир нечта йўналишларга бағишланган маркалар туркуми коллекциядан ўрин эгаллаган ва улардан энг қадимийси «Нодира» почта маркасидир. Ушбу марка XX асрнинг таниқли ижодкори Моҳларойим Нодиранинг 200 йиллик таваллудига бағишланади.

Эслатиб ўтамиз, соҳанинг ривожланиш босқичлари ва ютуқларини ўзида акс эттирувчи Алоқа тарихи музейи тизимдаги корхона ва ташкилотлар ташаббуси билан 2008 йилда ташкил этилган бўлиб, 2009 йил 24 октябрда расман очилган ва ўз фаолиятини бошлаган.
Ҳозирги кунда Алоқа тарихи музейи республиканинг энг нуфузли музейлари қаторидан жой олган. Унинг экспозиция зали 5 та бўлимдан иборат бўлиб, почта алоқаси, телеграф-телефон алоқаси, радио-телевидение, мобиль алоқаси ва соҳанинг мустақиллик йилларидаги ривожланиш тарихини ўз ичига олган.

Бўлимлардаги экспозициялар жойлашув уйғунлиги соҳанинг босқичма-босқич ривожланишини акс эттиради. Ҳар бир бўлим ўз экспонатларининг илк, ривожланиш ҳамда ҳозирги кундаги ҳолатини давр руҳида намоён этади.
Маълумот учун:
Ўзбекистон алоқа тарихи музейи душанбадан шанбагача соат 9:00 дан 18:00 гача ишлайди. Танаффус 13:00 дан 14:00 гача. Якшанба дам олиш куни. Кириш – бепул.
Ўзбекистон алоқа тарихи музейи Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Aлишер Навоий кўчаси, 28A уйда жойлашган. Энг яқин бекатлар: «14-сонли поликлиника», «Aлишер Навоий музейи» ва «Aлишер Навоий метроси».


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter