Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эъзоза Турғунова

“Агар инсон ниманидир чин дилдан орзу қилса, бутун коинот уни шу орзусига етиштириш пайида бўлади!”

Зафарбек ИБРОҲИМОВ: Фрилансерлик – касб эмас, аммо...

Суҳбатдошимиз ҳақида:

Зафарбек ИБРОҲИМОВ – 1990 йил 8 майда Андижон вилоятида туғилган;

2011 йилда Тошкент Халқаро Вестминстер университетининг Business Information System йўналишини тамомлаган;

2019 йилда АҚШнинг Калифорния штатида IТ ва бизнес йўналиши бўйича магистратурани тамомлаган;

Дастурчилик соҳасидаги фаолиятини NBC Universal ва Forte Group каби йирик халқаро компанияларда бошлаган;

2019 йили ТеchCells компаниясига ва 2021 йили IТ Stars лойиҳасига асос солган.

Бугунги кунда оила бағрида, ишга кеч қолмасдан, раҳбарлардан дакки эшитмасдан, асабларни асраган ҳолда юқори даромад топиш бу шунчаки чўпчак эмас! Орамизда фрилансерлик фаолиятида ҳақида эшитган, аммо яхшироқ маълумотга эга бўлмаган кишилар кўп. Бугун сизни қизиқтирган саволларга IТ тадбиркор, IТ Stars лойиҳаси ва ТеchCells компанияси асосчиси, муваффақиятли фрилансер Зафарбек Иброҳимовдан жавоб оламиз.

– Ассалому алайкум, IТ соҳасига кириб келишингиз қандай бўлган ва нега айнан фрилансерлик фаолияти? Илк бор ишингизни қайси компанияда бошлагансиз?

– Вестминстер университетида ўқиб юрган кезларим бизнес ва IТ йўналишларидан қай бирини танлаш борасида менда жуда кўп иккиланишлар бўлган. Шунда дадамнинг мотивациялари билан IТ мутахассиси бўлишни танлаганман. Фрилансер сифатида фаолият юритишимга эса курсдош дўстим сабабчи бўлган. Мен у пайтлар университетни тамомлаб, GМ компаниясида ишлардим. IТ соҳасига бўлган қизиқишим ва эркин ишлашга бўлган хоҳишим мени фрилансерлар оламига олиб кирган.

– Фрилансер ўзи ким ва IТ мутахассислигидан ташқари яна қандай касб эгалари фрилансерлик билан шуғулланишлари мумкин?

– Фрилансерлик – бу касб эмас, ишлаш услуби. Мисол учун, бир ўқитувчи мактабда ишлайди, эрталаб ишга боради, кечқурун қайтади, раҳбарларга ҳисобот топширади. Унинг мактабдаги фаолияти доимий иш услуби ҳисоб бўлса, ўқитувчининг уйда қўшимча дарс бериши бу фрилансерлик ҳисобланади. Ўз ишини масофадан туриб амалга оширса бўладиган соҳа вакилларининг барчаси фрилансер услубида ишлаб даромад топишлари мумкин. Агар сиз инглиз тилини билсангиз мижозларингизнинг чегараси бўлмайди. Тил билиш, компьютер ва интернет орқали дунёнинг исталган бурчагида сизга иш топилади!

– Тил билмасдан туриб ҳам фрилансер сифатида фаолият юритиш мумкинми?

– Албатта, тил билмаганлар ҳам фрилансерлик билан шуғулланишлари мумкин! Фрилансерликнинг асосий иккита йўналишини оладиган бўсак, биринчисида мижозларга фрилансерларнинг ўзлари алоқага чиқишади, иккинчисида эса фрилансерларга мижозлар алоқага чиқишади. Мижозларнинг ўзлари сизга алоқага чиқишлари учун сиз ўз маҳсулотингизни сайтга жойлашингиз керак бўлади. Агар сиз дизайнер бўлсангиз, бирор нарсанинг дизайнини ясаб ҳам сайтга жойлаштириш орқали мижоз топишингиз мумкин. Бу жараёнда инглиз тили талаб этилмайди.

– Фрилансерлик билан шуғулланиш учун айнан қайси платформалар орқали иш топиш мумкин?

– Ўзимдан мисол келтирадиган бўлсам, мен ўз фаолиятимни «UpWоrk»да бошлаганман. Кейинчалик «Тоptal»да давом эттирганман. Аммо «Тоptal» янги иш бошлаётганлар учун тўғри келмайди. Чунки у камида икки йиллик иш тажрибаси ва мукаммал инглиз тили талаб қилади. «UpWоrk» эса тажрибасиз фрилансерлар учун айни муддао. Шунингдек, ҳали фаолиятини бошлаганига кўп бўлмаган «Fiverr» платформасини ҳам фрилансерлар орасида энг трендга чиққан платформа, десам муболаға бўлмайди.

– Мактабда энг қийин фанлардан бири бу математика. Сизнингча, фанни яхши ўзлаштира олмаслик ўқувчининг танбаллигиданми ёки ўқитувчи ўз дарсини қизиқарли ўта олиш маҳоратининг етишмаслигидами? Бу саволни бежизга бермадим, сиз ҳам 6-синфгача математика ва инглиз тили фанларидан 3 баҳога ўқиган экансиз…

– Тўғрисини айтсам, иккаласидан ҳам, деб биламан. Мактабимни ўзгартирганимда у ердаги ўқитувчилар менинг ичимдаги ниманидир топа олишган, ҳозир уни сизларга сўз билан тушунтириб бера олмайман. Аммо ана шу ўқитувчилар бошқа ўқувчиларга ҳам дарс беришган, улар орасида ҳам муваффақиятсизлари бўлган. Шу каби аввалги мактабимдаги ўқитувчилар дарс берган бошқа ўқувчилар ҳам ўзига яраша ақлли ва муваффақиятли бўлишган. Бундан хулоса қиладиган бўлсак, қарс икки қўлдан чиқади.

– Сизнингча, IТ соҳасини университетда ўрганган яхшими ёки ўқув курсларида ўқиб ҳам яхши мутахассис бўлиш мумкинми?

– Агар имконияти бўлса университетда ўқигани яхши. Чунки университет ҳар тарафлама кўп нарса беради инсонга. Жумаладан, шахсий ривожланишига туртки беради. Аммо университетда ўқимаган дегани, бу соҳага кира олмайди дегани ҳам эмас. Олий маълумотли бўлмасдан туриб ҳам яхши мутахассис бўлиш мумкин.

– Ўзбекистонда фрилансерлик фаолиятини олиб бориш учун қандайдир тўсиқлар мавжудми?

– Ўзбекистонда фрилансерлар фаолиятига ҳеч қандай тўсиқ йўқ! Хоҳ маҳаллий, хоҳ глобал бозорда бўлсин, бемалол фрилансерлик билан шуғулланиш мумкин. Тўлов масалаларида ҳам ҳеч қандай муаммолар йўқ.

– Сизнингча, бутун дунё фриланс бозорида Ўзбекистоннинг ўрни қандай?

– Ўзбекистонлик мутахассисларнинг жаҳон фриланс аренасида ҳали шахсий картинаси чизилмаган. Биз ҳақимизда ҳали кўпчилик билишмайди. Аммо биз дунё фриланс бозорига чиқмасимиздан аввал бир нарсани унутмаслигимиз керак. Фриланс этикаси, wорк этикаси деган нарсалар бор. Дунё мамлакатлари билан ишлаётганда ана шу мамлакатлардаги мижозларнинг дунёқарашидан келиб чиқиб ишлашимиз керак, яъни wорк этикасига қатъий амал қилишимиз даркор. Шунингдек, мижознинг ишончини суиистеъмол қилиб қўл учида иш қилиш, сифатсиз хизмат кўрсатиш ярамайди. Бу каби ҳолатлар мамлакатимиз имижини дунё мамлакатлари орасида нотўғри шаклланишига олиб келади. Бу эса юртимиздаги барча мутахассисларнинг глобал бозордаги муваффақиятига салбий таъсир кўрсатади.

– Кўпчилик фрилансерлар асосан вақтини оила даврасида ўтказади, деб ҳисоблашади. Ҳақиқатан ҳам шундайми?

– Айни дамда мен фрилансерликнинг учинчи бизнес даврига ўтганман ва қўл остимда бир нечта ходимларимиз бор. Ўзим компания бошқаруви билан шуғулланганим боис асосан ишхонада бўламан. Ишдан кейин бўш вақтимни ва дам олиш кунларимни оила даврасида ўтказаман. Аммо фрилансер бўлган пайтларим 99 фоиз оила даврасида бўлардим. Сабаби ишимни ҳам уйдаги алоҳида хонада олиб борардим. Албатта, оила аъзоларим иш вақтида безовта қилишмасди. Шунга қарамай, иш орасидаги танаффуслар ва йўлга кетадиган вақтим оила аъзоларимга бағишланар эди.

– ТеchCells компаниянгизнинг миссияси ва келгусидаги режалари қандай?

– Жуда менга ёқадиган саволни бердингиз. Компаниямизнинг келажакдаги режалари жуда катта. Аввало, мақсадимиз миллий қадриятларимизга асосланган ўзбекона энг катта IТ компаниялардан бири бўлиш. Эътибор берсангиз, ҳозир Ўзбекистондаги IТ компанияларнинг аксарияти хориждан келган компаниялар. Чет элда пайдо бўлиб, ривожланиб, сўнг Ўзбекистонда филиалини очган компаниялар, десак муболаға бўлмайди. Аммо биз Ўзбекистонда бунёд бўлиб, шу ернинг ўзида ривожланиб, бошқа мамлакатларда филиалларимизни очмоқчимиз. Компаниямиз фаолияти йўлга қўйилганига ҳали кўп вақт бўлмаган бўлса-да, эришган ютуқларимиз талайгина.

– IТ Stars лойиҳаси ҳақида ҳам батафсил айтиб ўтинг?

– Инсонларга ўз тажрибам ва билимларимни улашиш мақсадида бир нечта лойиҳалар ҳақида бош қотирганимда бир нарса эътиборимни тортган, юртимизда IТ соҳасини ўргатувчи бир қанча ўқув марказлари бўлса-да, кўплаб ёшлар фақат маҳаллий корхоналар билан ишлашади, хориж билан ҳамкорликда фаолият олиб борадиганлар жуда кам. Шуни инобатга олган ҳолда, инсонларга иш топишда кўмаклашсам, янада манфаатлироқ бўлади, деган мақсадда ушбу лойиҳага қўл урганман. Ўзимизнинг дастурчиларни жаҳон аренасида юлдуз даражасига олиб чиқишни ният қилиб лойиҳамизни IТ Stars деб номлаганмиз.

– Биламизки, IТ соҳасини ўрганиш осон эмас, боз устига, асосан компьютер билан ишланади. Бўлажак фрилансерларнинг ота-оналарига тавсиялар…

– Мени шу кунга қадар эришган катта-кичик ютуқларимнинг бари ота-онамнинг дуолари билан, десам муболаға бўлмайди. Тўғри, IТ соҳаси осон эмас, уни ўрганиш ҳам инсондан юксак сабр, вақт, билим, ва албатта, уйқусиз тунларни талаб қилади. Менинг ҳам онам тунда дарс қилаётган вақтим бедор эканлигимни кўриб, оналик меҳри жўшиб йиғлаган пайтлари ҳам бўлган. Аммо нимагадир эришиш учун нимадандир воз кечиш керак. Бўлажак IТ мутахассисларининг, фрилансерларнинг ота-оналарга маслаҳатим, фарзандингизнинг қарорларини қўллаб-қувватланг, чунки ота-оналар ва фарзандларнинг замони ҳеч қачон бир хил бўлмайди. Вақт ўтгани сари инсонларнинг дунёқараши ўзгариб боради. Шунинг учун ҳам фарзандларингизни фақат дуо қилинг!

Зафарбек ИБРОҲИМОВнинг шогирдлари бугунги кунда фрилансер сифатида соатига қанча пул топмоқда? Сиз ҳам фрилансер бўлмоқчимисиз? Ишни нимадан бошлашни билмаяпсизми? У ҳолда кўрсатувнинг тўлиқ қисмини YouTube каналимиз орқали томоша қилинг ва оила даврасида ўтириб қандай қилиб америкача маош олиш сирларидан бохабар бўлинг!

Эъзоза ТУРҒУНОВА суҳбатлашди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг