''UZ-NLP Challenge'' хакатони бошланди (ВИДЕО)
Бугунги кунда “ақлли” технологияларни жорий этиш иқтисодий ўсиш ва аҳоли фаровонлигини оширишнинг асосий “драйвер”ига айланмоқда. Сунъий интеллект эса ушбу замонавий технологияларнинг ажралмас қисмидир. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш ғоя ва интилишларга бой ёшлар билангина амалга ошади.
Айнан ушбу сунъий интеллект технологияларини ёшлар орасида оммалаштириш, улар орасидан иқтидорли ёшларни аниқлаш ва рағбатлантириш мақсадида республикамизда шу кунга қадар 2 та “хакатон” мусобақаси ўтказилди.
Ташкил этилган “хакатон”ларнинг мантиқий давоми сифатида айни кунларда Тошкент шаҳридаги Амити университетида “UZ-NLP Challenge” деб номланган учинчи “хакатон” бўлиб ўтмоқда.
IT-Pаrk, Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти ҳамда Uzinfocom билан ҳамкорликда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбир сунъий интеллект ва математик тилшуносликка бағишланган бўлиб, унда иштирокчилар ўзбек тилидаги овозли маълумотлар асосида илова, бот, дастур ёки бошқа исталган дастурий маҳсулотни яратишлари зарур бўлади.
“Хакатон”да рўйхатдан ўтган жами 351 нафар иштирокчидан 150 нафари саралаб олинди ва бугун тадбирда 3 кишидан иборат жами 50 та жамоа қатнашмоқда.
“Хакатон”да иштирок этиш орқали танлов иштирокчилари ўз лойиҳаларини амалга ошириш ва 8 нафар юқори малакали мутахассис ёрдамида минимал ҳаётий маҳсулотни ишлаб чиқиш имкониятига эга бўладилар.
Эслатиб ўтамиз, "Хакатон" мусобақаси 25 декабрга қадар давом этади. Тадбирнинг сўнгги кунида финал босқичига ўтган жамоаларнинг яратган лойиҳалари ҳайъат аъзолари томонидан баҳоланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter