Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эъзоза Турғунова

“Агар инсон ниманидир чин дилдан орзу қилса, бутун коинот уни шу орзусига етиштириш пайида бўлади!”

Мy.gov.uz орқали хусусийлаштирилган уйлар «снос»га тушмайдими?(ВИДЕО)

Авваллари қайсидир давлат ташкилотига ишинг тушса, бир қанча ҳужжатларни тўплаш учун ҳафталаб, баъзан ойлаб овора бўлишга тўғри келарди. Энди бу ташвишлар рақамлашув жараёнлари, давлат хизматларининг электрон кўринишга ўтиши туфайли қисқа муддатда унутилди ҳисоб.

Бугунги суҳбатдошларимиз эса қайсидир маънода ушбу жараёнга ўз ҳиссаларини қўшиб келаётганлардан десак ҳам муболаға бўлмайди.

Яъни, бизнинг меҳмонларимиз Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази ходимлари. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, асосий фаолияти кўпчилик биладиган my.gov.uz, яъни Ягона интерактив давлат хизматлари порталини ривожлантиришга масъул мутахассислар Жаҳонгир ТОПИЛДИЕВ ва Даврон АҲМЕДОВ.

– Бугун халқимизнинг узоғини яқин қилган, ортиқча ҳаражат ва вақт сарфини тежаётган фаолиятларингиз, яъни Электрон ҳукумат (е-gov) ва электрон давлат хизматлари (my.gov.uz) ҳақида қисқача маълумот берсангиз. Бу тушунчаларнинг бир-биридан фарқи нимада?

– Электрон ҳукумат – бу аҳоли ва ҳукумат ўртасида вужудга келиши мумкин бўлган муносабатларнинг замонавий ахборот технологиялари ёрдамида амалга оширилишидир. Шу ўринда сизда савол туғилиши мумкин: электрон ҳукуматнинг анъанавий ҳукуматдан нима фарқи бор? – деб, электрон ҳукумат – бу аввало шаффофликни таъминлайди. Унда барча маълумотлар рақамлашган бўлади ва навбатлар қисқаради.

– Хизматларнинг рақамлаштирилиши коррупциянинг ҳам олдини олади, тўғрими?

– Албатта, давлат хизматларининг рақамлашуви қоғозбозлик ва коррупциянинг олдини олади.

– Aйтинг-чи, my.gov.uz платформаси жами нечта хизматни ўз ичига олган?

– Ҳозирги кунда ушбу порталда 330 дан зиёд хизматлар аҳолига тақдим этилган бўлиб, мазкур хизматларнинг 200 дан ортиғи мутлақо бепул.

– Уларнинг қайсиларидан аҳоли кенг фойдаланмоқда?

– Асосан жисмоний шахслар орасида болани боғчага жойлаштириш, кадастр паспортини шакллантириш, электрон рақамли имзо калитларини олиш ва тонировка хизматларимиз жуда оммалашган.

– Яна қандай янги хизмат турларини жорий этишни режалаштиргансиз?

– Шу яқин кунлар ичида «ерни хусусийлаштириш» хизматимиз ишга тушди. Бу хизмат аввал бизда бўлмаган. Бунинг афзаллиги шундаки, бизнинг хизматимиздан фойдаланиб, хусусийлаштирилган уй-жойлар ҳеч қачон «снос»га тушмайди!

– Сизнингча, одамлар нега давлат хизматларидан масофавий, қулай бўлган усулдан фойдаланишга чўчишади?

– Чўчишдан ҳам кўра аҳолида ишончсизлик кўпроқ десам, муболаға бўлмайди. Биз ҳар бир хизматимиз сўнгида уларга маълумотнома, гувоҳнома ёки сертификат тақдим этамиз. Аммо одамлар қўли билан олмаган қоғозига ишонишмайди. Бунга сабаб эса баъзи ташкилотларнинг электрон тарзда тақдим этилган маълумотномаларни қабул қилмаслигидадир. Аслида эса биз тақдим этган хужжатлар асл хужжатга тенглаштирилган бўлади ва уни рад этиш қонунга зиддир.

– Ҳозирда ишга жойлашаётган ходимлардан талаб қилинадиган барча маълумотномаларни my.gov.uz порталидан топиш мумкинми?

– Бугунги кунда фуқароларнинг ишга жойлашишлари учун зарур бўлган барча маълумотномаларни ва ҳаттоки аввал ишлаган жойлари ҳақидаги маълумотларни ҳам my.gov.uz порталидан олишлари мумкин. Қолаверса, ҳозирда давлат ташкилотлари томонидан фуқаролардан 30 дан зиёд маълумотномаларни талаб қилиш бекор қилинган.

– Мy.gov.uz дан фойдаланишни билиш ҳар биримиз учун муҳимлигини билиб олдик, айтинг-чи, унинг айнан ёшлар ва кексалар учун қандай фойдали жиҳатлари бор?

– Бир миллион дастурчи лойиҳасида иштирок этган ва сертификатга эга бўлган ёшларимизга компьютер сотиб олишлари учун  имтиёзли кредит олишда айнан бизнинг хизматдан фойдаланишлари мумкин. Қолаверса, халқаро IELTS сертификатини олиш учун имтиҳон топшириб, юқори балл тўплаган ёшларимизга ҳам имтиҳон харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

Бундан ташқари, кексаларимиз ҳам ёшга доир пенсия маълумотларини айнан бизнинг хизматдан фойдаланиб, уйдан чиқмаган ҳолда осонгина олишлари мумкин.

Бугунги кунда my.gov.uz порталининг оила таркибини аниқлаш бўлимида нега баъзиларнинг оила аъзолари орасида бегона шахслар пайдо бўлиб қолмоқда? Бу каби камчиликларни бартараф этиш ва олдини олиш учун порталда қандай ишлар олиб борилмоқда? Яқин кунларда my.gov.uz аҳоли учун мисли кўрилмаган яна қандай янгиликларни тақдим этмоқчи? Барча саволларингизга батафсил YouTube каналимиз орқали жавоб олишингиз мумкин!

Эъзоза ТУРҒУНОВА суҳбатлашди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг