18 май – Халқаро музейлар куни
1977 йилдан буён бутун дунёда анъанавий тарзда 18 май Халқаро музейлар куни сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Бугунги байрам муносабати билан ict.xabar.uz жамоаси пойтахтимиздаги «Алоқа тарихи музейи»га ташриф буюрдик. Кириб боришимиз билан бизни «Роботжон» хиром айлаб кутиб олдилар. Музей ходимларининг айтишича, «Роботжон» ўзбек тилида ва ҳаттоки 12 та вилоят шевасида ҳам гапиришни ўрганаётган экан.
«Алоқа тарихи музейи» қисқа вақт ичида Ўзбекистоннинг нуфузли музейлари қаторидан муносиб ўрин эгаллаб, шу кунга қадар музейга ташриф буюрувчилар сони 65 000дан зиёд кишини ташкил этди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, музейнинг асосий йўналиши ҳамда фаолияти ёш авлодни кенгроқ қамраб олишга қаратилган.
Мустақиллик йилларидаги алоқа соҳасидаги янги технологиялар ва телекоммуникация воситаларининг ривожланишига музейда алоҳида ўрин ажратилган бўлиб, мобил алоқа компаниялари, банк муассасалари – «Алоқабанк» шунингдек, оммавий ахборот воситалари – «Хабар» газетаси ва бошқалар шулар жумласидандир.
Музейда бир неча асрлар мобайнида хат ташиган ҳақиқий от аравадан тортиб, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов илк бор фойдаланган Ўзбекистондаги биринчи мобил телефонни ҳам учратиш мумкин.
Бундан ташқари, меҳмонларни фақат техника олами билан зериктириб қўймаслик мақсадида антиқа миллий экспонатлар ҳам музейдан ўрин олган.
Сиз ушбу музейга яқинларингиз билан ташриф буюриб, мутлақо бепул ҳордиқ чиқаришингиз мумкин!


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter