Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дурдона Алимова

Ҳаётдаги ҳар бир вазият миннатдорлик билан қарши олинишга лойиқ

Ёрдамни катта-кичикка эмас, амалий ва ақлийга ажратса тўғрироқ бўлар...

Ёрдамни катта-кичикка эмас, амалий ва ақлийга ажратса тўғрироқ бўлар...

Кутилмаган аномал совуқ кўпчиликни шошириб қўйди. Одамлар уйларини қандай бўлмасин иситиш дардига тушишди. Электр печкадан нотўғри фойдаланган хонадонлардан бири, афсуски, ёнғин билан «исиди». Тилсиз ёвдан жон сақлаш илинжида уй эгалари ташқарига отилдилар. Аслида асосийси ҳам шу – жон омон қолса, мол топилади.

Бор-йўғидан айрилган оиланинг яхшилар мададига тиккан умидли кўзлари жавобсиз қолмади. Ҳамма баҳоли қудрат кўмаклашди. Қўни-қўшнилар видеокамерага тушиб қолган тасвирларни ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиб, одамлардан ёрдам сўрашди. Кўп ўтмай рақами ёзиб қолдирилган пластик картага бирин-кетин пул маблағлари туша бошлади.

Бу машъум хабарни ўқиганлар ичида Алижон ҳам бор эди. Видеони охиригача кўришга юраги бетламай ўчирса-да, бегона одамларга ўз қариндош-қондошидек ачинди. Ҳисобига қараса, хайрия сифатида ўтказишга уяларли даражада оз – атиги 22 минг сўм. Маош олишига эса ҳали анча бор.

Ҳаёт уни мазах қилаётгандек курсдошлар гуруҳига ҳам шу хабар жўнатилибди. Тобора «машҳур» бўлаётган бу воқеа уни гўё тақиб этар, ҳар гал дуч келганида ўзидан ҳам ночорроқ одамлар борлиги, уларга ёрдам зарурлигини ўйлаб ич-этини ерди. «Тома-тома кўл бўлур. Йўқдан кўра ўша 22 мингни бўлса ҳам ўтказиб бераман». Тўлов иловасига кирди-ю, ҳисоби бўм-бўшлигини кўриб яна аччиқланди. Кредит олган дўстига кафил бўлгани эсига тушди. Майли, хафа бўлишга арзимайди, уйи куйган одамлар 22 минг билан бой бўлиб қолармиди?..

Ҳамон ўзгалар қайғуси тинчлик бермаётган Алижон охири ўша хонадонга боришга қарор қилди. Вайронада усталар ишлашаётган экан. Уй эгалари ён қўшниникида яшашаётганини айтишди.

– Келинг, болам, сиз ҳам саховатпешаларданмисиз, дейман – бу гап йигитнинг юрагини тилиб ўтди.

– Хола, тўғриси, сизларга жудаям ёрдам бергим келди. Лекин қурбим етмади. Узр, қуруқ қўл билан келдим.

– Вой, кечирасиз. Ҳар куни эҳсон қилувчиларни кутиб олавериб ўрганиб қолибмиз. Майли, кўнгил сўраб келганингиз ҳам катта гап. Ичкарига киринг. Қўшнимники ўз уйимиздек бўлиб қолди.

– Ҳар куни сизлар учун дуодаман. Аммо амалий ёрдам беришни ҳам истадим. Балки, усталарга қарашиб юборарман.

– Шарт эмас, барака топгурлар ўзлари уддалашяпти. Яхши одамлар кўп экан, оғиримизни енгил қилишди. Картага уйимизни тиклаб олишга етарли пул тушди, ҳозиргина қўшнимдан интернетдаги эълонни ўчириб ташлашни сўраётгандим. Биздан бошқа муҳтожлар ҳам бор-ку...

– Демак, кеч қолибман... Майли, яхши қолинг.

– Шошманг, шошманг. Бир маслаҳатли иш бор эди. Ёнғинда пулларимизу тиллаларимизга қўшилиб ҳужжатларимиз ҳам ёниб кул бўлди. Айниқса, уй ҳужжатлари, болаларимнинг дипломлари, невараларимнинг шаҳодатномаларига ачиняпман. Энди уларни тиклаш осон бўлмаса керак?!

– Эй, фойдаси йўқ, кампир, – ичкаридан катта ёшли киши чиқди. – Мен кеча суриштирдим. Анави, усталар бригадасини олиб келган амалдор укамиз бор-ку, ўша «Ҳозир ҳужжат деганлари пул ва тилладан ҳам азиз бўлиб кетган. Янгисини олиш осон эмас, югур-югур ва қоғозбозликдан бошингиз чиқмайди», деди.

– Йўғ-е, отахон! Сиз ўйлаганчалик мушкул иш эмас бу. My.gov.uz орқали осонгина ҳал қилса бўлади.

– Нима уз?

– My.gov.uz. Йўқолган ва яроқсиз ҳолга келган уй ҳужжатлари, яна диплом ва шаҳодатнома дубликатини уйдан чиқмасдан туриб олишингиз мумкин. Барчаси онлайн, масофавий амалга оширилади. Ортиқча вақтингиз кетмайди, овораю сарсон бўлиб юрмайсиз. Айрим ҳужжатлар почта орқали айтган манзилингизгача етказиб берилади.

– Йўғ-ей? Наҳотки! Тиниб-тинчимаган одамлар-ей, нималарни ўйлаб чиқаришмайди-я!

– Ҳа, ҳозир шунақа, архив хизматларидан фойдаланишда, ўғилларингиз эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштиришда, яна невараларингизни мактаб-боғчага жойлаштиришда ҳам шу портал энг қулайи. Келинг, ҳозироқ порталга кириб, диплом ва шаҳодатномаларни ҳал қиламиз.

Алижон ҳовлидаги супачага ўтирди. Мусибатзада хонадон аҳли уни кўп дуо қилишди, чунки доно маслаҳатга амал қилиб, чиндан ҳам оғирлари енгил бўлган эди. Демак, ёрдамни катта-кичикка эмас, амалий ва ақлийга ажратса тўғрироқ экан...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг