Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Дурдона Алимова

Ҳаётдаги ҳар бир вазият миннатдорлик билан қарши олинишга лойиқ

Қизиқувчан, дангаса, одатларига содиқ "айтичи"лар

Қизиқувчан, дангаса, одатларига содиқ

Фото: "Yandex.ru"

Ахборот технологиялари барча соҳага жадал кириб келгач, аксарият ташкилотларнинг дастурчи, дизайнер, робототехник, "SMM"чи каби IT-мутахассисларга иши тушмоқда. Улар билан ҳамкорлик ўрнатадиган тараф касб эгаларининг руҳияти, ички олами, темперамент ва характер қирраларидан воқиф бўлиши фойдадан ҳоли эмас.

"Айтичи"ларнинг заковати ўзига хос, қилинадиган ҳар кунги ишига йўналган бўлади. Улар ўз оламини яхши билади ва тушунади. Лекин бу билимдонлар билимларини исботлашга чанқоқ эмаслар. Касб эгаларини кузатиб, қалбан ҳис қилиб, қандай кадр эканликларини англаб олиш - сизнинг вазифангиз. Улар шундай фикрлашади. Агар ишининг устаси бўлган дастурчини янглиш тарзда аҳмоқ деб ҳисобласангиз, унда сизнинг таърифингизни ўзгартиришга рағбат йўқ. Вақти ҳам йўқ, чунки уни тан олганлар билан банд. Ушбу табиатларидан келиб чиқиб, "айтичи"ларни камтар деб айтиш мумкин.

Албатта, ахборот технологиялари оламига мансуб кишиларда қизиқувчанлик юқори. Бепарво ва бетараф одам бу соҳада ўрнини тополмайди. Чунки дастурчилар ичидан қайнаб келаётган қизиқувчанлик ишининг мураккаблигига парда тортади. Бирор лойиҳага қизиққанлари учун ҳам унинг устида соатлаб ўтира оладилар.

"Айтичи"лар дангаса бўлади, деган гапга ҳайрон қолсангиз керак. Бир вақтнинг ўзида бир неча ишнинг бошини тутган, туну кун меҳнат қиладиган, тиниб тинчимас кишиларни қандай қилиб ялқовликда айблаш мумкин? Гап шундаки, уларнинг дангасалиги ҳам ўзига хос. Дастурчилар танлашни яхши кўради, кўнглига ўтирган иш бўлса бутун фикру зикрини унга қаратиб ишлашга тайёр. Аввалбошдан ўзига ёқинқирамаган таклифни ижро этишга эса дангасалик қиладилар. Юқорида айтганимиздек, қизиқувчанлик - улар характерининг асосий қирраси. Қизиқиш уйғотмаган ишни пайсалга соладилар ва ташқаридан кимларгадир дангасадек кўринадилар.

Бу касб вакилларида ўз қобиғига ўралиш кучли. Улар шахсий ҳудудларида ўзларини эркин ва қулай ҳис қиладилар. Ишлари техника билан тиллашиш бўлгани учун одамлар билан муомалада сўзамол бўлмасликлари мумкин. Зотан, ҳамкорлик, мулоқот, муомала деганда берилган ишни вақтида бажариб топширшни тушунадилар. Улар билан сўзлашувни онлайн, масалан электрон почта орқали олиб борсангиз, кўпроқ фикр қабул қилишингиз мумкин. Юзма юз кўришганда нисбатан камроқ гапиришга ҳаракат қиладилар. Чунки улар виртуал оламни гўё ўз уйларига айлантириб олганлар. Ҳамма қадрдон бошпанасида ўзини эркин ҳис қилади-ку.

Ижодкорларнинг ҳаёти бетартиб бўлиши сизга сир эмас. IT-мутахассислари фаолиятида ҳам ижодий ғоялар устунлик касб этгани учун уларга саранжом-саришта ҳаёт у қадар муҳим ҳисобланмайди. Улар ивирсиган уй, ёйилган иш столида бугун ва келажак учун оламшумул ихтироларни кашф этишга қодирлар. Бинобарин, алғов-далғов ўйлардан озор топган, фикрларини тартибга келтиришга муҳтож одам беихтиёр ён-атрофни тозалашга, нарсаларни жой жойига қўйишга уринади. Кўз олдини саришталаш билан онг остидаги фикрлар бетартиблигига чора кўришга интилади. Дастурчиларнинг эса фикр ва билимлари аниқ йўналишли бўлгани боис уларни тартибга солишга эҳтиёжманд эмаслар. Улар фойдасиз ғояларга узоқ вақт сарфламайдилар, тасаввурларни архивлаштириш қобилиятига эгалар.

Агар бу соҳа мутахассисларида 2-3 йиллик муддатда бирор одат шаклланса, уларни йиллар давомида қўйиб юбормайдилар. Одат зарарли эканини англаган ҳолларида ҳам ўзгаришни истамайдилар. Чунки "айтичи"ларга бир позициядан иккинчи позицияга ўтиш, ҳаётий ролларини ўзгартириш осон эмас. Улар ўзларига қулай, тинч, фойдали, даромадли деб топган муҳитда муқим қолишга мойиллар.

Бу таби нозик инсонларнинг характерини англаган ҳолда ҳамкорлик ўрнатсангиз, уларнинг меҳнатидан катта манфаат топишингиз аниқ!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг