Японияда АйТи муҳандислик қилаётган ўзбек йигитидан ишга кириш бўйича ватандошларга тавсия

Асли Наманганлик АйТи муҳандиси Ойбек Анапияев ҳозирда Япониядаги “ZOZOTOWN“ интернет дўконини бошқарувчи ZOZO компаниясида тизимларни ривожлантириш ва техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланмоқда.
Аниқроқ қилиб айтганда, 27 ёшли ватандошимиз “ZOZOTOWN“га янги функциялар қўшиш учун дастурлар ёзади, тизимдаги хатоларни тўғрилаб, техник хизматларни амалга оширади...
У дастлаб япон тилини билмагани учун дарсларни ўзлаштиришга қийналарди...
Японияга илк бор келганимда 15 ёшда эдим. Отам Япония университетида магистратурада ўқиётгани боис бутун оиламиз билан Японияга кўчиб келдик.
Мен Минами-Уонума шаҳридаги Ямато ўрта мактабига ўқишга кирдим. Япон тилини умуман тушунмаганим учун дарсларни англаш ва синфдошларим билан мулоқотга киришиш аввалига жуда қийин бўлган.
Аммо ўқитувчим ва синфдошларимнинг ёрдами билан мен япон тилини ўрганишга ҳаракат қилдим.
Дарс давомида ўқитувчим инглиз тилига таржима қилиб берар, синфдошларим эса бўш вақтларда мени қўллаб-қувватлашарди. Шу орқали дарс мазмунини аста-секин тушуниб бордим ва мактабни муваффақиятли тамомладим.
Инглиз тилини билгани учун Япония университети талабаси бўлди
Кейин Ўзбекистонга қайтиб, Яшнобод компютер технологиялари коллежига кирдим ва компютер муҳандислигини ўргандим.
Шу билан бирга, япон тилини ўрганишни ҳам давом эттирдим ва 2017 йилда JLPT N2 даражасини қўлга киритдим.
Япониядаги университетга ўқишга кириш учун Тошкентдаги ўқув марказида инглиз тили ва математикадан тайёргарлик кўриб, IELTS имтиҳонидан 7.0 балл олдим.
Шу орқали Япониядаги таълим ва яшаш харажатларини қоплаш учун Япония ҳукуматидан стипендия олиш имконига ҳам эга бўлдим.
Университетда молия, маркетинг, статистика ва халқаро муносабатлар каби фанларни чуқур ўргандим.
AйТи муҳандиси бўлиш учун университетни тамомлаш шарт эмас
Ўзбекистонда АйТи муҳандиси бўлишни истаётган ёшлар йилдан-йилга кўпаймоқда. Мен эса университетда халқаро муносабатларни ўрганганим учун дастлаб АйТи ҳақида ҳеч қандай билимга эга эмасдим.
Университетнинг учинчи курсида АйТи соҳасига қизиқиб, ўзим мустақил равишда HTML, CSS, JavaScript, React, Node.js, Git вa Github каби технологияларни ўргандим ва ҳозирги ишимга киришга муваффақ бўлдим.
Бунинг учун мен АйТи бўйича билимларимни ошириш мақсадида YouTube дарсликларидан фойдаландим ва турли семинарлар қатнашиб танишлар орттирдим.
Free Code Camp вa Codecademy каби платформалар орқали билимларимни чуқурлаштирдим.
АйТи муҳандиси бўлиш учун нафақат университет ёки касб-ҳунар коллежлари, балки мустақил ўрганиш учун ҳам кўплаб ресурс ва платформалар мавжуд.
TOYO университетини тамомлаганимдан сўнг, бир нечта япон компанияларидан иш таклифларини олдим.
Улар орасида АйТи технологияларидан фойдаланган ҳолда мода соҳасини ривожлантираётган ва истеъмолчиларнинг ҳаётини қулайлаштиришга ҳисса қўшаётган ZOZO компанияси менга маъқул бўлди ва шу компанияга ишга киришга қарор қилдим.
АйТи муҳандиси бўлишни истаганларга тавсия
Аввало имконқадар иш қидириш жараёнини эртароқ бошланг. Мен ҳам Японияда университетини тамомлашимдан бир йил олдин иш қидиришни бошлаганман.
Чунки тайёрликни эрта бошлаш орқали ўз имкониятларингизни синаб кўриш ва турли компанияларга мурожаат қилиш имконига эга бўласиз.
Кейин эса имкон қадар кўпроқ амалий тажриба орттиришга ҳаракат қилинг.
АйТи муҳандиси учун саралаш жараёнида сизни 3 нарса кутади:
- Ҳужжатларни кўриб чиқиш;
- Код ёзиш тести;
- Суҳбат.
Айниқса, код ёзиш тести жуда муҳим бўлиб, бунда муаммоларни код орқали ҳал қилиш кўникмаси талаб қилинади.
Амалий тажриба бўлмаса, бу тестдан муваффақият ўтиш қийин. Шунинг учун ҳам олдиндан тайёрланиш жуда муҳим.
Код ёзиш тестларини мустақил ўрганиш учун қуйидаги сайтларни тавсия қиламан:
- HackerRank,
- LeetCode,
- AtCoder.
Амалий тажриба орттиришнинг яна бир усули — стажировка ва турли лойиҳаларда иштирок этиш.
Келгусидаги режалар
Келажакда ZOZOда мен муҳандис сифатидаги кўникмаларимни янада ривожлантириш билан бирга, онлайн савдо ва бу соҳа ҳақидаги тушунчаларимни чуқурлаштиришни истайман.
Шунингдек, менежмент лавозимигача кўтарилиб, жамоани бошқариш ва янги лойиҳаларда ишламоқчиман.
Қадрли ватандошлар, агар сиз Японияда яшаш ва ишлашга қизиқсангиз, аввало Япония ҳақида яхшироқ маълумот тўпланг.
Японияда муваффақиятга эришиш учун кўплаб имкониятлар мавжуд ва ёрдам берадиган одамлар ҳам топилади.
Сиз эса тинимсиз изланинг ва ҳар қандай янги синовларга тайёр туринг. Асосийси, ўз орзуларингиз ва мақсадларингиз сари интилишдан асло чарчаманг!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter