Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Муваффақиятли Web Frontend дастурчи ҳикояси

Муваффақиятли Web Frontend дастурчи ҳикояси

Фото: IT Park

IT Park ёш дастурчилар ҳақидаги қизиқарли ҳикоялар рукнини давом эттирмоқда. Навбатдаги қаҳрамон – 20 ёшли Жавоҳир Ғуломжонов. У ҳозирда Наманган муҳандис-технологиялари институтида менежмент факультети 2-босқичида таҳсил олади. Мутахассислиги бўйича Web Frontend дастурчи.

Дастурлашга кириб келиши карантин вақтларидан бошланган. Ўша пайтда қаҳрамонимизнинг отаси биринчи шахсий ноутбукни олиб берган. Шундан кейин уни ўрганишни бошлаб, кундалик вазифаларни ушбу ноутбукда бажариб борган.

“Ноутбугимни бехосдан бузиб қўйдим, устага олиб бориб 40 минг сўмга дастурий таъминотини ўзгартирдим. Кейин дастурлашда пул кўп деган фикр шакллана бошлади. Кунлардан бир кун “Uzbekcoders” (One million Uzbek Coders) деган лойиҳага кўзим тушди. Унда мавжуд видеодарслари орқали web дастурлаш ўрганишни бошладим”.

Жавоҳирнинг айтишича, онлайн дарслар орқали мукаммал билимга эга бўлиш имконсиз. Чунки масалалар ечимини топиш тажрибали мутахассис билан ишлагандан сўнг келади деб ҳисоблайди у.

“Дастурлаш асосларини қўлдан келганча ўргандим, ундан кейин тушунмаганларимни сўраш учун устоз қидиришни бошладим. Дастлаб ўзим яшайдиган ҳудуддан, яъни Фарғонадан қидирдим. Поп туманидан Ислом Давлатовни топдим. Улардан билмаган масалаларимни сўрадим. Шундан сўнг қизиқиш янада ортиб кетди ва ўрганиш тезлашди. Frontendни ўрганиб бўлдим, бир қанча лойиҳалар қилдик, смарт қабул (вилоят ҳокими учун қабулхона), космос чодак (меҳмонхона — туристик ҳудуд учун 800$) ва шунга ўхшаш бошқа лойиҳаларда frontend дастурчи бўлиб ишладим”.

Қаҳрамонимизнинг сўзларига кўра, ушбу лойиҳалардан сўнг у Поп IT мактабга ишга кириб, бир қанча ўқувчиларга таҳсил берган. Ҳозир ҳам лойиҳалар устида ишламоқда.

Ойлик даромади ўртача $400- $500 ни ташкил этади. Келажакда смарт тизимлар ишлаб чиқариш, одамлар ишини осонлаштиришни мақсад қилиб олган.

Жавоҳир ўзининг мисолида иштиёқи бўлган ҳар қандай инсон IT мутахассиси бўлиши мумкинлигини кўрсатиб бермоқда. Aсосийси — интилиш, меҳнат қилиш ва ўрганишга бўлган қизиқишдир. IT-марказлар эса ушбу мақсадларни амалга оширишга ёрдам беради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг