“Ўзбекистонлик Воҳид Каримов Европага кўчиб ўтиб, Googleда карьера қилмоқда” — Қозоғистон нашри

Googleда ишлаётган ўзбекистонлик дастурчи ҳақида Қозоғистон нашрида мақола чиқди. “Ўзбекистонлик Воҳид Каримов Европага кўчиб ўтиб, Googleда карьера қилмоқда”, — деб ёзди Weproject.media.
Муҳандис дастурчи нашрга Европага нима учун кўчиб ўтгани, бу жараёнда қандай қийинчиликларга дуч келгани ва халқаро компанияда қандай қилиб карьерасини қураётгани ҳақида гапириб берган. Мақола айрим таҳрирлар билан берилмоқда.
Оддий ўзбек оиласидан чиққан ғайриоддий ўзбек йигити
Ҳозир Google Android Auto жамоасида Android автомобил муҳандис дастурчиси бўлиб ишлайман ва бир йилдан ортиқ вақтдан бери Мюнхенда яшайман. Биз телефонингиздаги севимли иловаларингизни автомобил экранига кўчириб, машина ҳайдашни хавфсиз ва ёқимли машғулотга айлантирамиз.
Мослашиш ва қийинчиликлар ҳақида
Мюнхен мен яшаётган биринчи Европа шаҳри эмас. Бунгача Роттердам ва Амстердамда яшаганман. Аниқроғи, 2020 йил декабр ойида Ўзбекистондан ташқаридаги биринчи шаҳрим Роттердамга кўчиб ўтдим.
Аввалбошдан, кўчиб ўтиш учун «идеал» шаҳарни танлаш ҳақида ўйламаганман, шунчаки, мамлакатимдан ташқаридаги ҳаёт ва карьера билан танишмоқчи бўлдим. Шундай қилиб, менга яхши маош ва кўчиб ўтишда ёрдам таклиф қилган биринчи компанияга мурожаат қилдим. Бу бир йилдан ортиқ вақт давомида (Full stack) муҳандис дастурчи бўлиб ишлаган Нидерландиядаги Swisscom компанияси эди.
Мюнхен мен яшаётган биринчи Европа шаҳри эмас.
Нидерландияда иммигрант баъзи қийинчиликларга дуч келиши мумкин. Умуман олганда, Роттердам ва Европада ҳаво булутли ва ёмғирли кунлар кўп бўлади. Қуёшли ҳудуддан келган одам учун бу катта муаммо. Қуёш таъсирининг етишмаслигини тўлдириш мақсадида D ва бошқа витаминларни мунтазам равишда қабул қилганимни эслайман.
Маҳаллий аҳоли билан дўстлашиш қийин ёки ҳатто имконсиз. Маҳаллий тилни билиш ҳам ёрдам бермайди. Умуман, нидерландияликлар чет элликлар билан дўстлашишни истамайдилар. Улар дўстона ва меҳрибон. Аммо маҳаллий аҳоли аллақачон мактаб ёки университетдан мустаҳкам дўстлар гуруҳига эга. Улар янгилари билан муносабатни кўп ҳам хоҳламайди. Шунинг учун кўпинча имигрантлар бошқа имигрантлар билан мулоқот қилишади.
Европада одамлар ўз мақсадлари ва мартабаларига нисбатан совуққон. Улар иш ва ҳаёт мувозанатига жиддий ёндашади ва ҳар доим ўзларини ортиқча ишлатмасликни маъқул кўришади. Лекин, улар орқали сиз ўзингизнинг карьера мақсадларингиз ва амбицияларингизни издан чиқармаслик учун эҳтиёт бўлишингиз керак.
Менинг қитъадаги ҳаётим ва фаолиятим пандемия даврига тўғри келди. Бу ўз навбатида мослашишдаги қийинчиликларни каррасига оширди, дейишим мумкин. Ушбу қийинчиликларни енгиш учун қуйидаги ишларни қилдим:
- об-ҳаво: об-ҳавога мослашиш учун мунтазам равишда витаминлар қабул қилдим, спорт билан шуғулландим;
- ижтимоий доира: дўстлар даврасини кенгайтириш учун фаол бўлдим. Имкон қадар, оилам ва Ўзбекистонда яшовчи яқин дўстларим билан алоқада бўлишга ҳаракат қилдим.
Нидерландияда кундалик ҳаётнинг динамикаси бошқача
Фикримча, Нидерландияда кундалик ҳаётнинг динамикаси бошқача. Мамлакатда қатъий қонун-қоидалар бор ва одамлар уларга риоя қилишади. Масалан, ярим тунда светофорда қизил чироқ ёниб турсаю, бир километр радиусда бирорта ҳам машина кўринмаса ҳам, яшил чироқ ёқилгандан кейингина ҳаракатланишади. Бунга кўникишим учун бироз вақт керак бўлди. Лекин бу менга ёқа бошлаган.
Ўз ўрнида, қайд этиб кетмоқчиман, яқинда чет элга кўчиб ўтганлар яшаётган жойининг маҳаллий тилини ўрганишини маслаҳат бераман. Бу шаҳарнинг сиз кўрмаган кўплаб янги қирраларини очади ва ҳаётингиз сифати ошишига ёрдам беради.
Умуман, биринчи олти ойни шаҳар билан фаол танишишга сарфланг. Қўшниларингиз билан суҳбатлашинг, янги дўстлар орттиринг, ҳудудни айланиб чиқинг. Шаҳарга оид умумий ва муҳим қоидалар билан танишинг. Биргина, Нидерландияда ахлат қутисидан ташқарига чиқинди ташлаганлик учун биринчи марта содир қилинган бўлса 100-200 евро миқдорида жарима солинади.
Европада ишни қандай қидириш керак?
Ўз фаолиятимни тўлиқ (Full stack) веб-дастурчи сифатида бошладим. Дастлаб ойлик даромадим 30 АҚШ доллари атрофида эди. Доимий саъй-ҳаракатлар туфайли бу миқдор жуда тез ўсди.
Дўстлар билан бирга яшаш керакли кўникмаларни эгаллаш ва карьерамни бошлашимга ёрдам берган. Мана менинг блогим, у ерда мен ушбу дўстлар доираси ҳақида ёзганман.
Иш топишни осонлаштириш учун қуйидаги кўникмаларни оширишни маслаҳат бераман:
- резюме ёзиш қобилияти. Сизнинг резюменгиз янги имкониятларни олиш учун муҳимдир. Аслини олганда, бу сизнинг иш дунёсидаги рекламангиз. Одамлар сизнинг рекламангизни оладими, деган савол унинг сифати ва тақдимотига боғлиқ.
- ёзиш қобилияти. Аниқ ва ихчам ёзиш қобилияти сизнинг карьерангиз учун катта аҳамиятга эга. Ўз фикрингизни бошқа бировга етказиш, бу нуқтаи назарнинг сифати каби муҳимдир.
- интервью кўникмаси. Бу карьерангизнинг биринчи беш йилида айниқса аҳамиятлидир. Ишга жойлашиш — бу ажойиб резюме ва ажойиб интервью кўникмаларининг комбинацияси.
Googleдаги фаолият ҳақида
Ҳозир Google Android Auto жамоасининг бир қисмиман. Менга жамоада омад кулиб боқди, бунинг сабаби биз қилаётган иш табиати билан боғлиқ. Кўп соат давомида компьютерда ўтиришни ўз ичига олган дастурий таъминотни ишлаб чиқиш бўйича одатий ишдан фарқли ўлароқ, Android Autoдаги ишимиз динамикдир. Биз қўшимча қурилмалар билан жуда кўп ўзаро алоқада бўламиз, биз машиналарни бошқарамиз, автомобиль ишлаб чиқарувчилари билан доимий мулоқот қиламиз.
Google жуда зўр иш маданиятига эга, аммо мослашиш мен учун энг қийин ва фойдали нарса мустақил бошқариш тизими эди.
Олдинги жамоаларимда ҳар доим лойиҳани олдинга силжитадиган кимдир бўлган — лойиҳа менежери ёки жамоа раҳбари. Менга нима устида ишлаш ва ҳар бир хусусият қандай бўлиши кераклигини айтадиган ҳар доим кимдир бўлган. Лекин Googleда бундай эмас. Ҳеч ким сизга хусусият талабларининг тўлиқ тўпламини тақдим этмайди. Ишингизни бошқаришингиз, устуворлик қилишингиз керак. Сизда мавжуд бўлган ягона нарса — лойиҳанинг умумий йўналишини белгилайдиган OKR.
Google Android Auto жамоасининг аъзоси бўлиш, бу бир вақтнинг ўзида қўрқинчли ва ажойиб. Қўрқинчли жиҳати ҳал қилиш учун жуда кўп ноаниқликлар мавжуд. Ажойиблик касб этиши ана шу ноаниқликлар ортидан сиз ўсасиз.
Кўчиш қандай таъсир қилди?
Ишдан ташқари менинг телеграм-каналим ҳам бор, у ерда мунтазам равишда дастурий таъминотни ишлаб чиқиш бўйича фойдали контентлар улашиб боришга ҳаракат қиламан.
Спорт ҳам ҳаётимнинг муҳим қисмига айланди. Айниқса, футбол, стол тенниси, волейбол, чанғи учиш, пиёда сайр қилиш кабилар билан бўш вақтларимни ўтказаман.
Европага кўчиб ўтиш, мени кўплаб истиқболлар ва маданиятлар билан таништирди. Харажатсиз одамга айландим. Кўчиб ўтганим туфайли соғлиғим ҳақида кўпроқ қайғура бошладим, оилам ва дўстларимни қадрлаш ҳамда уларга эътиборлироқ бўлишни ўргандим.
Нурилло Тўхтасинов тайёрлади
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter