Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жаҳонгир Раҳмонов

Ўрган, улаш ва руҳлантир!

Дастурчи сифатида қаерда ишлашингиз керак?

Дастурчи сифатида қаерда ишлашингиз керак?

google.com

Карьерангиз ривожланишида қаерда ишлашингиз жуда ҳам муҳим. Яхши компания ва яхши жамоада 1 йил ишлаб, сизга тўғри келмайдиган компанияда бир неча йил ишлагандан кўра кўпроқ тажриба ортиришингиз мумкин.

Ундан ташқари, қандай компанияларда ишлашингиз сизнинг одатларингизга ва фикрлашингизга катта тасир қилади. Дастурчи сифатида сиз ҳар куни ҳар хил турдаги муаммоларга ва ишларга дуч келасиз. Уларни маълум бир усулда ечасиз. Шундай қилиб ҳар хил одатлар ва фикрлашингиз сизда ривожланиб боради. Қайси тарафга қараб ривожланиши эса сиз ҳал қилаётган муаммоларга ва ишларга боғлиқ. Шунинг учун ҳам бу савол устида яхшилаб ўйланишингиз керак.

Компаниялар турлари

Компанияларнинг бизнес модели асосан иккигага бўлинади:

  • Product-oriented;
  • Outsource.

Product-oriented яни маҳсулотларни ўзлари ўйлаб топиб ўзлари уларнинг устида ишлайдиган компаниялар, битта маҳсулот устида узоқ муддат давомида ишлашади. Бундай компанияларда сиз доимо маҳсулотга функциялар қўшасиз ёки олиб ташлайсиз, унумдорликни оширасиз. Маҳсулотни «бозор»га чиқарганингизда ишингиз энди бошланган бўлади. Чиқарганингиздан сўнг тезда уни яхшиламасангиз, хатоларини тўғирламасангиз мижозларингиз кетиб қолиши ва натижада рақобатчиларингиз ютиб кетиши мумкин.

Бундай компанияларда дастурчилардан сифати катта бўлган код ёзиш талаб қилинади. Чунки функцияларни ўзгартириш керак бўлганда код яхши ёзилмаган бўлса, дастурчиларнинг ва бизнеснинг иши чатоқ бўлади. Шунинг учун ҳам дастурчилар «техник қарзлар»ни вақтида тўлаб боришлари ва умуман олганда кодларини «ремонт» қилиб туришлари зарур. Агар вақтида етарли эътибор берилмаса дастурчилар 2-3 йилда катта муаммоларга учрашларини билишади. Бу нарса албатта фақатгина янги функциялар устида ишлай олмайсиз дегани.

Бундай компанияларда сизнинг фикрлашингиз ва одатларингиз сифатли ва осон ўзгартирса бўладиган код ёзиш тарафга қараб ривожланиб боради.

Яна бир эслатиб ўтишга арзийдиган тарафи, бундай компанияларда қандай функцияларни қўшиш қўшмасликни ҳамма ҳал қилади. Маҳсулот менежерларидан тортиб дастурчиларгача. Маҳсулот ҳудди ўзингизнинг болангиздек бўлиб қолади.

Ўзбекистонда бундай компанияларга ‘Super Dispatch’ни мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Бу компания «бола»сини йиллар давомида етиштириб келмоқда. «Бола»си муваффақиятли бўлса ўзи ҳам муваффақиятли бўлади.

Outsource

Бундай компаниялар ўзлари бирор маҳсулот ўйлаб топмайди, балки уларни мижозлардан олиб улар учун қуриб беришади. Бундай компанияларда ишлайдиган маҳсулотни мижозга вақтида етказиб бериш энг биринчи ўринда туради.

Сиз дастурчи сифатида мижоз сўраган нарсаларни тезда ва вақтида етказиб беришга ҳаракат қиласиз. Тўғри ва сифатли қилиш сиз учун биринчи ўриндаги муаммо эмас. Чунки 3-4 йилдан кейин барибир ҳам катта эҳтимол билан сиз бу маҳсулот устида ишламайсиз. Оғриқни ҳис қилмайсиз. Бошқа лойиҳа устида ишлаётган бўласиз.

Натижада сиз турли ҳилдаги лойиҳаларни тезда қуришни ўрганасиз, арсеналингизда жуда кўп технологиялар бўлади. Лекин приоритетлар бошқача бўлгани сабабли, сизнинг одатларингиз ва фикрлашингиз ишни тезроқ битириш тарафга қараб ривожланиб боради, сифатли (ва секинроқ) қилишга эмас. Чунки сиз шунчаки бировнинг «бола»сига вақтинча қараб турибсиз холос.

Яна бир эслатиб ўтишга арзийдиган тарафи, бундай компанияларда қандай функцияларни қўшиш қўшмасликни мижоз ҳал қилади. У нима деса шу.

Ўзбекистонда бундай компанияларга кўп маҳаллий компанияларни мисол қилиб келтириш мумкин. Улар мижозлардан буюртма олиб улар учун айтилган маҳсулотни қуриб беришади. Мижозлар «болалари»га вақтинча қараб туришади. Шу қилган хизматлари учун даромад топишади. У болалар муваффақиятли бўладими йўқми фарқи йўқ.

Хулоса

Иккала турдаги компанияларнинг ўзига яраша яхши ва ёмон тарафлари мавжуд. Product-oriented компанияларда сиз битта лойиҳа устида йиллар давомида ишлайсиз. Шунинг учун ҳам келажак ҳақида кўп қайғурасиз. Натижада кодингиз сифатлироқ ва ўзгартиришга осонроқ бўлади.

Outsource компанияларда эса сиз турли хилдаги лойиҳалар устида кичик мудатда ишлайсиз. Мижоз айтган ишни вақтида қилиб бериш сиз учун энг муҳим иш. Натижда сизнинг портфолиоингизда кўп лойиҳалар ва турли хил технологиялар бўлади. Лекин одатларингиз ва фикрлашингиз айнан тез қилишга қаратилган бўлади, сифатли қилишга эмас.

Шунинг учун ҳам тўғри лойиҳа ва тўғри дастурчилар танлаш жуда муҳим. Outsource компанияларда кўп йиллар ишлаб келган дастурчиларни Product-oriented компанияга олиб келсангиз бошланғич натижаларга тез эришишингиз мумкин лекин код сифати тушиб кетиши мумкин. Product-oriented компанияларда ишлаган дастурчини outsource’га олиб келиб қўйсангиз иш жуда секин битиши мумкин.

«Иккаласи ҳам ўзига яраша яхши» дейиш мумкин. Лекин менинг фикримча Product-oriented корхоналарда ишлаш - яхшироқ тажриба, яхшироқ одатлар ва яхшироқ фикрлашга олиб келади. Менимча битта лойиҳа ва битта технология стекида йиллар давомида ишлаш ҳар хил лойиҳалар устида қисқа муддат давомида ишлашдан кўра яхшироқ натижа беради.

Қисқача қилиб айтадиган бўлсам сифатли код ёзиш ва дизайн қилиш кўпроқ маҳорат талаб қилади. Ва бу маҳоратни одатда Product-oriented компанияларда ўрганиш, ривожлантириш осонроқ бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг