Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Таълим тизимини рақамлаштиришнинг ижобий ва салбий томонлари (видео)

Бугунги кунда вақт тиғизлиги сабаб одамларнинг рақамли ахборот манбаларига талаби ҳам тобора ортиб бормоқда.

Масалан, уларнинг давлат органлари билан мулоқоти электрон давлат хизматлари, банклар билан эса рақамли иловалар орқали амалга ошириляпти.

Шу сингари, ўқишга ҳужжат топшириш жараёнларининг рақамлаштирилиши ортидан абитуриентларнинг ҳам бағрига шамол тегди, десак муболаға бўлмайди.

Бора-бора рақамли технологияларсиз иш битириш имконсиз бўлиб қолиши ҳам турган гап. Демакки, аҳоли бу соҳадан тўғри фойдаланишни мунтазам ўрганиб борса, зиён қилмайди. Ахир бу давр талаби.

Қуйида халқимизни таълим тизимидаги рақамлаштириш жараёнлари билан таништириш мақсадида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Рақамли таълим технологияларини ривожлантириш маркази директори Алишер Абдуллаев билан бўлган суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Суҳбат давомида соҳада амалга оширилган ишлар, аҳоли учун яратилаётган қулайликлар ҳамда таълим тизимини рақамлаштиришнинг ижобий ва салбий жиҳатлари ҳақида бир қатор маълумотларга эга бўлишингиз мумкин.

– Бугунги кунда таълим тизимига рақамли технологияларнинг жорий этилиши талаба-ёшларга нима бермоқда?

– Хабарингиз бор, сўнгги йилларда давлатимиз томонидан Олий таълим, фан ва инновациялар соҳасига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, талабанинг олий таълим муассасасига ҳужжат топширишидан бошлаб, то диплом олгунигача бўлган жараёнларнинг бари рақамлаштирилмоқда. Бу нафақат талабалар учун, балки олий таълим муассасаси учун ҳам иқтисодий жиҳатдан самарадорлик беради. Жумладан, илгари ҳужжат топшириш жараёнларининг ўзи ҳар икки томон учун ҳам кўплаб оворагарчиликлар келтириб чиқарар эди. Ҳозирги кунда эса ҳужжат топширишдаги барча жараёнлар электронлаштирилиб, биргина платформа орқали амалга ошириляпти. Ҳаттоки, талабанинг ижтимоий аҳволи ҳақидаги маълумотга эга бўлиш учун унинг паспорт маълумотларини тизимга киритишнинг ўзи кифоя.

– Шу кунга қадар вазирлик тизимида рақамлаштиришга оид яна қандай ислоҳотлар амалга оширилган ва ҳозирги кунга келиб, уларнинг самарадорлиги қай даражада?

– Олий таълим муассасаларини рақамлаштириш борасида олий таълим жараёнларини бошқариш мақсадида HEMIS тизими жорий қилинди. Мазкур тизимнинг қулайлиги шундан иборатки, у орқали талабаларнинг дарс жараёнларини ўзлаштириши, рейтинг дафтарчаси, уларнинг ҳар кунлик давомати, фанларга тегишли ресурслар, оралиқ жадваллари, баҳолари ва диплом маълумотларининг барчаси рақамлаштирилди. Натижада факултет деканларининг талабалар билан ишлаши янада осонлашди.

– Барчамизга маълумки, бугунги кунда рақамлаштириш орқали кўплаб ривожланган мамлакатларнинг таълим тизими янги бир босқичга кўтарилмоқда. Бизда-чи?

– Биласизми, талаба қачонки қимматли вақтини беҳуда нарсаларга сарфламаса, унинг таълим олиш сифати ҳам ортиб боради. Масалан, ҳали абитуриентлик чоғиданоқ имтиҳонларга тайёргарлик авжига чиққан паллада ҳужжат топшириш билан овора бўлиш, ўқишга киргандан сўнг ҳам айрим маълумотномалар учун декан эшиги ортида турнақатор навбатлар кутиш ёки бошқа бир дарс жараёнлари билан боғлиқ сарсонгарчиликларга айнан рақамлаштириш орқали барҳам берилганлиги талаба ёшларнинг илм олишдан чалғимасдан, ўз устида кўпроқ ишлаб, янада ривожланишларига замин яратмоқда.

– Соҳада рақамлаштириш жараёнларининг жорий қилиниши янада шаффофликка замин яратяптими?

– Албатта, таълим тизимини рақамлаштириш орқали ўқишга ҳужжат топшириш жараёнларидаги баъзи бир коррупцион ҳолатларнинг олдини олдик, дея айта оламиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг