Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Эъзоза Турғунова

“Агар инсон ниманидир чин дилдан орзу қилса, бутун коинот уни шу орзусига етиштириш пайида бўлади!”

Тошкентга беш минг сўм билан келиб, Бухорога машина миниб кетганман!

«IТ-motivatsiya» кўрсатувининг бугунги қаҳрамони ILM.UZ академияси асосчиси Шаҳзод Магдиев.

Шаҳзод Хусенович Магдиев 1988 йилнинг 4 мартида Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган;

*2009 йилда ТАТУ бакалавриат, 2011 йилда магистратура босқичини тамомлаган;

*2018 йилда Ўзбек-Япон марказининг (UJC) «Программа ПМП» бизнес курсини муваффақиятли тамомлаган;

 *«Cisco CCNA Routing Switching», «Oracle Database 11g Administrator Certified Associate», «Oracle Database 11g New features for Administrations», «Certificate IPTV product ZTE» бўйича халқаро сертификатларни олган;

*ТАТУнинг «Маълумотларни узатиш» кафедрасида «Тармоқ протоколлари» фани бўйича педагогик фаолият олиб борган;

* IT мутахассислар етказиб берувчи ILM.UZ академияси асосчиси

 – IТ соҳасига кириб келишингиз қандай бўлган? Болаликдан ким бўлишни орзу қилгансиз?

– Болалигимдан иқтисодчи бўлишни орзу қилганман. 15-16 ёшларимда мактабдаги фан олимпиадаларида фаол қатнашиб юрган пайтларим ота-онам иқтисодчи бўлганликлари туфайли мен ҳам иқтисодчи бўламан, деб юрардим. Аммо ўқишга тайёрланиб юрган кезларимда отам ҳозир компьютер технологиялари ривожланиб боряпти, шу йўналишни танласанг, иқтисод соҳасида ҳам, ҳуқуқшуносликда ҳам, тиббиёт йўналишида ҳам ишлай оласан деб менга мотивация берганлар.

– UNICON.UZ ДУК ва у ердаги ҳозирги фаолиятингиз ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсангиз.

– UNICON.UZ ДУКга 2018 йилда келганман. Ушубу корхонада AKTни ривожлантириш ва жорий қилиш илмий-тадқиқот департаментида ишлайман. Ҳозирги кунга қадар ўндан ортиқ лойиҳаларни амалга оширдик. Бу компанияда йўналишлар жуда кўп, менинг йўналишим ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ва амалиётга татбиқ этиш. Бошқа йўналишларда ҳам ўртача 200 дан ортиқ малакали ходимлар фаолият юритишади.

– 1992 йилда UNICON.UZ фан-техника ва маркетинг тадқиқотлар маркази сифатида ташкил этилганидан буён ҳозирги кунга қандай ўзгаришлар рўй берди?

– UNICON.UZ қарийб 30 дан зиёд йўналишларда катта-катта ютуқларга эришиб келмоқда. Ҳа, албатта, фойдаланувчиларга, қолаверса, шу соҳани ўрганувчиларга қулайлик яратиш мақсадида луғатлар, таржималар яратиш бўйича алоҳида бўлимимиз бор. Ҳар йили шу йўналишда камида 3-4 та китоб чиқарилади.

E-Xat муҳофазаланган электрон тизимнинг бошқа почта хизматларидан фарқи ва афзалликлари?

– Афзаллиги шундаки, бошқа почталардан маълумотларни юборганимизда шифрланмаган ҳолда юборилади ва бунинг оқибатида ёзишмаларни бир нечта қурилмалар орқали бегона киши ҳам олиб ўқиши мумкин. E-Xat муҳофазаланган электрон тизимида эса юборилган маълумотлар шифрланади ва уларнинг хавфсизлиги таъминланади.

Фаолиятингиз давомида қайси хориж тажрибасидан фойдаланасиз?

– Тўғрисини айтсам, жуда кўп хориж тажрибаларини ўрганаман ва улар ичида энг яхшиларини менталитетимизга мослаб, амалиётга татбиқ этишга ҳаракат қиламан. Чунки хориж тажрибаларини тўғридан-тўғри қўллаб бўлмайди, чунки биздаги қонун-қоида, тарбия, мактабдаги таълим тизими бошқача.

– Нима деб ўйлайсиз, нега ёшлар бугунги кунда IТ соҳасини танлашлари керак? Ёки бу соҳани танламасликлари учун қандай сабаблар бор сизнингча?

– Кўпчилик ёшлар билан суҳбат давомида нима учун IТни ўрганяпсан, деб савол берганимда, уларнинг аксарияти яхши пул топиш мумкинлигини айтишади. Биз эса бу мақсадда ўрганмаганмиз, қизиққанмиз шу соҳага, янги лойиҳалар қилишга, кейин даромадга кирганмиз. Агар инсонда ўзи танлаган соҳага қизиқиш бўлса, оддийгина бир дона лойиҳа билан ҳам яхши даромад топса бўлади. Нега танламасликлари керак, деган саволга эса қизиқиш бўлмаса танламаслик керак, деб жавоб бераман.

Сизнингча, IТ соҳаси учун зарур бўлган хорижий тилни оффлайн ўрганган самаралироқми ёки онлайн?

– Агар инглиз тилини оладиган бўлсак, замонга қараб ўрганган яхши. Авваллари фақат мактаб бўларди, ҳеч қандай қўшимча дарсларга борилмас эди. Ҳозирда эса қўшимча ўқув марказлари жуда ҳам кўп, ёшлар ўзлари истаган марказга бориб, ўқиб-ўрганиш давомида бошқалар билан ҳам фикр алмашишлари мумкин. Бундан кейинги давр эса онлайн таълим олиш даври келяпти. Бу эса ўқувчи ва ўқитувчи орасида ҳеч қандай масофа қолдирмади, дунёнинг исталган давлатида ҳам ўқишлари мумкин. Аммо бугунги кунда ўқиб-ўрганишга, маълумот олишга имкониятлар етарли бўлса-да, аввалгидек илмга чанқоқ ёшлар кам.

  • Бугунги кунда мактабни битирган ўқувчилар репетиторга бормаса ҳисобмас, лекин ўша ўқув марказларида ҳам оддий мактабдаги ўқитувчилар дарс беришади. Нега шу билимни мактабда мустаҳкамроқ ўргатаверишмайди?
  • Бугунги кунда сиз айтаётган нарса глобал муаммо ҳисобланади. Менимча бунга сабаб, ўқитувчиларнинг яхши даромад олишга ҳаракат қилишлари бўлса керак. Аммо шунга қарамай, фидойи ўқитувчилар ҳам бор. Энди ҳамманинг қараши ҳар хил, оила боқишдан ташқари бугунги замон талабига муносиб бўлиш, жумладан, фарзандига оддий ноутбук олиб бериш учун ҳам ойлик етарли бўлмаслиги мумкин. Аммо аста-секинлик билан хусусий мактаблар кўпайишининг ҳисобига таълим тизимимиз ривожланиб бораверади.
  • Ўзбекистонда IТ соҳасини ривожлантириш учун нималар қилиш керак деб ўйлайсиз?
  • Аввало, мактабларда фақат назарий билим бериш билан чекланмасдан, амалиётни ҳам йўлга қўйиш лозим. Ахборот-коммуникация технологиялари йўналишида муваффақиятга эришган инсонларни бренд даражасига олиб чиқиш керак. Масалан, мен ўзим қишлоқдан Тошкентга ўқишга келганимда чўнтагимда беш минг сўмдан бошқа ҳеч вақоим бўлмаган. Бакалаврни, магистратурани муваффақиятли тамомлаб, бир нечта сертификатларга эга бўлиб, ҳалол ишлаб топган пулимга яхши машина, уй олганман. Қишлоғимга қайтиб борганимда, бу бола ким дейишса – “айтишник” дейишарди. Шундан сўнг, қариндош-уруғлар, маҳалла болаларининг аксарияти ТАТУ ва ИНҲА, АМИТИ каби ОТМларга ўқишга киришди. Чунки уларда “Шаҳзод кетаётган пайтида ҳеч нарсаси йўқ эди, машинада келди, биз ҳам шундай бўламиз” – деган тасаввур ҳосил бўлди. Бу гўё бир неча йил аввал Россияга бориб кўп пул топиб келганларга эргашиб, ёшларнинг четга кетишга интилишининг ортишига ўхшайди. Аммо IТни ўрганган киши мусофирчиликда мардикорчилик қилиб пул топмайди, аксинча ўз юртида, оиласи бағрида туриб ҳам чет эл компанияларида ишлай олади.

– IТ соҳасига қизиқувчи ёшларга қандай тавсиялар берган бўлардингиз?

– Ҳозирги кунда ёшларимиз бирор муваффақиятга эришишса, давлатдан ёки кимдандир нимадир кутишади. Бу жуда нотўғри нарса. Инсон қандайдир лойиҳани муваффақиятли амалга ошира олганлигининг ўзи катта ютуқ. Агар унинг бу ютуғи мукофотланмаса, тушкунликка тушиб, иштиёқни пасайтирмаслик керак. Аксинча, янада янги марралар томон интилишда давом этиш керак!

PS: Бугунги кунда кўплаб ютуқларга эришган ва бир нечта лойиҳалар муаллифи сифатида фаолият юритаётган Шаҳзод Магдиев бир пайтлар нега соҳадан кетмоқчи бўлган?

Агар бу саволнинг жавоби сизга ҳам қизиқ бўлса, суҳбатнинг тўлиқ шаклини ict.xabar.uzнинг Youtubeдаги саҳифасида томоша қилинг!

Эъзоза ТУРҒУНОВА суҳбатлашди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг