"200 доллар бермасанг, беҳаё расмларингни тарқатиб юбораман"

Яқинда бухоролик 35 ёшли аёл К.З.га “Телеграм” орқали шундай таҳдидли хабар келди. Аёлнинг фотосуратларига махсус дастур ёрдамида қайта ишлов берилган, яланғоч ҳолдаги беҳаё фотосуратлари тарқаб кетиши ҳар қандай инсонда ҳадик уйғотиши турган гап эди.
Аммо ўзини қўлга олган К.З. Ички ишларга мурожаат қилди. Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Бухоро вилояти, Когон туманида яшовчи 19 ёшли талаба Т.Б. содир этганлиги аниқланди.
Икки аёл режага кўра автомобилларга ёқилғи қуйиш шаҳобчаси яқинидаги бекат олдида учрашишди. Тезкор тадбир давомида пул талаб қилган Т.Б икки ярим миллион сўмни К.З.дан олган вақтида, далилий ашёлар билан ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Т.Б.нинг содир этилиб фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлиги юзасидан тезкор-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисмидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.
Афсуски, қинғир ишнинг ортидан 19 яшар қиз панжара ортига маҳкум бўлиши мумкин. Яқинда қўлига мутахассис сифатида диплом оладиган талаба, расмларга ишлов бериш қобилиятига эга бўла туриб пул топишнинг ноҳалол йўлини танлаганига ажабланасан киши.
Шу ўринда аёлларга ҳам ижтимоий тармоқларга шахсий фотосуратларини жойлаштирмасликни маслаҳат бериб, огоҳликка чорлаймиз. Бундай ҳаракатлар эртага ўзларининг зарарларига хизмат қилиши, фирибгарларга ўлжа бўлиши мумкинлиги ҳақида фикр юритсинлар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter