“Яндекс” компанияси yandex.kz серверларини Қозоғистонга кўчирди
“Яндекс” компанияси yandex.kz платформасига хизмат кўрсатувчи серверларни Қозоғистон ҳудудига кўчирди. Бу ҳақда Қозоғистон рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги матбуот хизматига асосланиб ТАСС хабар берди.
“Яндекс” Қозоғистон ҳудудига yandex.kz серверларини кўчириш жараёнини ниҳоясига етказди. Кўчириш ишлари август ойидан буён Қозоғистон рақамлаштириш вазирлиги билан келишган режа асосида амалга оширилди. Эндиликда yandex.kz мамлакат ичкарисида жойлашган серверларда ишлайди”, — дейилади хабарда.
Вазирлик изоҳлашича, “Яндекс Қозоғистон” жамоаси мамлакатга керакли ускуналарни келтирган ва ишга туширган. Сўнгра юклама тестлари ўтказилган, синовлар муваффақиятли якунлангач, yandex.kz портали тўлиқ маҳаллий серверларга ўтказилган.
“Яндекс Қозоғистон” миллий ресурсларни мустаҳкамлаш устида режали ишлаяпти ва қозоғистонликлар учун ўз сервисларини маҳаллийлаштирмоқда. Серверларнинг мамлакатимиз ҳудудига кўчирилиши — муҳим қадам. Бу бизнинг фойдаланувчиларимизнинг маълумотлари Қозоғистонда ишланишини англатади. Вазирлик ўз фуқароларимиз маълумотларининг хавфсизлигига катта эътибор қаратмоқда”, — деди Қозоғистон рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Бағдот Мусин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter