Термизда масофавий IT-хизматлар кўрсатувчи янги марказ иш бошлади (фото)
Термиз шаҳрида Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда IT Park билан ҳамкорликда ташкил қилинган навбатдаги дастурий хизматларни экспорт қилувчи ва масофадан туриб IT-хизматлар кўрсатувчи BPO марказининг тантанали очилиш маросими ўтказилди.
Мазкур марказда масофавий IT-хизматлар кўрсатувчи 3 та компания, хусусан, “UniCall”, “Maab Innovation” ва “Moonboys” компаниялари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, айни вақтда ушбу компанияларнинг Термиз шаҳридаги филиалларида 240 нафардан ортиқ ходимлар, асосан ёшлар иш билан таъминланган. Компаниялар келгусида воҳалик 1 минг нафар ёшни IT соҳасида ўқитиб, юқори даромадли касб эгаларига айлантиришни мақсад қилган. Шунингдек, биргина “UniCall” компанияси 2024 йилда 800 минг долларлик дастурий маҳсулотлар ва хизматлар экспортини амалга оширишни режалаштирмоқда.
Тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов, нуронийлар, соҳа мутасаддилари, IT Park резидентлари, компаниялар вакиллари ҳамда соҳада ишлаш ва ўқиш истагида бўлган ёшлар иштирок этишди. Вилоят раҳбари марказ фаолиятини самарали олиб бориш, келгусида хизматлар ва маҳсулотлар турларини кенгайтириш, кўпроқ ёшларни иш билан қамраб олиш бўйича тавсияларини берди.
Шунингдек, мазкур марказда фаолият бошлаган компания вакиллари ёшлар билан суҳбат қилишиб, ўз устида тинимсиз ишлаган ҳар қандай ёш юқори марраларни забт этишга қодир бўлиши ва иқтисодий имкониятлари яхшиланиши ҳақида фикрлар билдириб, ёшларга ўз тавсия ва таклифларини беришди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter