“Соғлиқни сақлаш тизимининг рақамли трансформацияси” мавзусидаги республика рақамли соғлиқни сақлашнинг ягона платформаси тақдимоти бўлиб ўтди

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида рақамли технологияларни жорий этиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар доирасида янги дастурларни ҳаётга татбиқ этишга катта эътибор қаратилмоқда.
Кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ юртимизнинг барча ҳудудларидаги тиббиёт муассасалари фаолиятини рақамлаштириш чоралари кўрилмоқда. Шу мақсадда замонавий технологиялар ўзлаштириляпти ва “ақлли” ускуналар келтириб ўрнатиляпти.
Бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми сифатида “Электрон поликлиника” ва “Электрон рецепт” дастурлари босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилаётганлигини келтириш мумкин.
Шу мақсадда жорий йилнинг 20 январ куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда “UZINFOCOM” ягона интегратори томонидан “Соғлиқни сақлаш тизимининг рақамли трансформацияси” мавзусидаги республика рақамли соғлиқни сақлашнинг ягона платформаси тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда Соғлиқни сақлаш, Рақамли технологиялар вазирликлари ва бошқа тегишли идоралар раҳбарлари, шунингдек, ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари ва ҳудудий бошқармалар вакиллари иштирок этди.
Тақдимотда рақамли тиббиётнинг имкониятлари ва қулайликлари саҳна кўриниши орқали намойиш этилди. Унда тиббиёт муассасалари фаолиятидаги рақамлаштириш жараёнлари бир шифокор ҳаёти мисолида очиб берилди.
Мазкур янги тизимлар орқали шифокорлар беморларнинг касаллик тарихи ҳақидаги маълумотларни республиканинг исталган ҳудудидан онлайн кўриш ва янгилаш имкониятига эга бўлади. Тақдимотда илгари фаолият кўрсатган 50 дан ортиқ ахборот тизимларининг ягона платформага ўтказилиши билан тизим фойдаланувчилари учун қатор ноқулайликлар бартараф этилгани таъкидланди.
Шунингдек, рақамлаштириш жараёни аҳоли учун тиббий хизматлардан фойдаланишда янги қулайликлар яратгани алоҳида қайд этилди. Тизимларнинг ҳаётга татбиқ этилиши шифокорларнинг иш самарадорлигини ошириши, беморларга эса тезкор ва аниқ тиббий ёрдам кўрсатилишига замин яратади.
Тадбир якунида, илғор технология ва тиббиётнинг уйғунлигини ифода этган “Янги Ўзбекистон тиббиёти” гимни ижро этилди ва йиғилганларда ёрқин таассурот қолдирди.
Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар мамлакатимиз тиббиётини янги босқичга олиб чиқиш йўлидаги муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter