Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Германия тараққиёт банкининг “Рақамли соғлиқни сақлаш ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланди

Германия тараққиёт банкининг “Рақамли соғлиқни сақлаш ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланди

Бугун барча вазирлик, давлат идора ва ташкилотларида қоғозбозлик амалиётидан тўлиқ воз кечилиб, электрон маълумот алмашиш тизими йўлга қўйилмоқда. Бу орқали ортиқча оворагарчилик, бюрократик тўсиқларга чек қўйилиши баробарида, очиқлик ва ошкоралик таъминланяпти.

Хусусан, Ўзбекистон тиббиётини трансформация қилиш жараёнида ҳам худди шу талаб ва эҳтиёжлар алоҳида ҳисобга олинган. Президентимизнинг 2023 йил 1 майдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори айни шу мақсадни кўзлаб қабул қилинди.

Унда соғлиқни сақлаш тизимига илғор рақамли технологияларни татбиқ этиш, рақамли соғлиқни сақлаш платформасини яратиш, соҳанинг барча даражаларидаги даволаш-профилактика муассасалари учун маълумотлар базаси комплексини жорий этиш, дастурий таъминот ва электрон платформани ишлаб чиқишга доир устувор вазифалар белгиланган.

Хусусан, қарорда “Рақамли соғлиқни сақлаш ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси Германия тараққиёт банки (KfW банки) кредит ва грант маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган. Рақамли соғлиқни сақлаш платформасини яратиш — мазкур истиқболли лойиҳанинг биринчи таркибий қисмидир. 

Ушбу муҳим вазифа ижроси юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор — “UZINFOCOM” МЧЖ ўртасида шартнома имзоланди. 

Рақамли соғлиқни сақлаш платформаси соғлиқни сақлаш тизимидаги барча тиббиёт муассасалари ягона платформага интеграция қилинади. Қолаверса, тиббиёт муассасалари ва давлат ташкилотлари ўртасида тўлиқ электрон маълумот айирбошлаш йўлга қўйилади. Бу эса тизимда вақт ва ресурсларни тежаш имкониятини юзага келтиради.

Ҳамкорлик шартномаси Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров ва “UZINFOCOM” МЧЖ бош директори Эмил Гимранов томонидан имзоланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг