ШҲТга аъзо давлатлар АКТни ривожлантириш бўйича фикр алмашдилар

ШҲТга аъзо давлатларнинг АКТни ривожлантириш бўйича масъул вазирлик ва идоралари раҳбарларининг онлайн йиғилиши бўлиб ўтди.
2023-йилнинг 13-май куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш учун масъул вазирлик ва идоралари раҳбарларининг видеоконференсия форматда йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ўз маърузаси билан иштирок этди. Вазир замонавий шароитда иқтисодий ўсиш ва ижтимоий соҳани ривожлантиришни таъминлаш мақсадида рақамлаштириш соҳасида ҳамкорликда иш олиб боришнинг аҳамияти муҳимлигини қайд этди.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган учрашув давомида делегациялар раҳбарлари халқаро ва минтақавий хавфсизлик, ҳамкорликни янада ривожлантириш, ахборот-коммуникация технологиялари бўйича ҳамкорлик масалалари борасида ўзаро фикр алмашдилар.
Учрашув давомида томонлар ШҲТга аъзо давлатларнинг рақамли ривожланиш соҳасидаги кўп томонлама ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга оид кенг кўламли масалаларни кўриб чиқдилар. ШҲТ доирасида бу борада мунтазам тажриба алмашишни йўлга қўйишга келишиб олинди.
Манба: digital.uz
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter