Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сайлов жараёнларига рақамли технологияларнинг жорий этилиши қандай қулайликлар яратади?

Сайлов жараёнларига рақамли технологияларнинг жорий этилиши қандай қулайликлар яратади?

2024 йил 27 октябр куни юртимизда муҳим сиёсий жараён, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга навбатдаги сайловлар бўлиб ўтади. Марказий сайлов комиссияси томонидан жорий йил 26 июл куни сайлов компаниясига старт берилди.

Жамиятимизнинг турли соҳаларида улкан ютуқларни кўзлаб илдам одимлаётган Янги Ўзбекистонда бу йилги сайловлар илк маротаба аралаш сайлов тизими асосида “Менинг танловим – обод Ватаним” шиори остида ташкил этилмоқда.

Бўлажак сайловлар вакиллик органлари депутатлигига муносиб номзодларни тақдим этишда сиёсий партиялар зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Зеро, конституциявий ислоҳотлар натижасида парламент ва маҳаллий Кенгашларнинг давлат ҳокимияти тизимидаги ўрни ва ваколатлари сезиларли даражада ошганлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Хусусан, янги таҳрирдаги Конституцияда узоқ муддатдан буён кенг жамоатчилик томонидан муҳокамага сабаб бўлиб келган маҳаллий ҳокимларнинг бир вақтнинг ўзида ҳам ижро, ҳам вакиллик органига раҳбарлик қилиши ҳақидаги норма ўзгартирилган. Халқ депутатлари Кенгашига унинг депутатлари орасидан сайланадиган раис бошчилик қилиши, шунингдек, ижро ҳокимияти устидан таъсирчан парламент назорати билан боғлиқ нормалар киритилган. Бу албатта бўлажак депутатдан чуқур билим, катта тажриба ва қатъиятни талаб қилади.

Бугунги шиддат билан ривожланаётган технологиялар асрида жамиятнинг барча соҳаларига ахборот технологиялари жадал кириб бораётганлигини кўришимиз мумкин. Бу йилги сайлов жараёнларига рақамли технологияларнинг кенг жорий этилиши ва E-saylov” ахборот тизимини қўллаш назарда тутилган.
“E-saylov”
ахборот тизими билан сайлов жараёни иштирокчиларига қандай қулайликлар яратилмоқда:

– “E-Saylov” ахборот тизими орқали сайлов комиссияларининг сиёсий партиялар, номзодлар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари билан деярли 60 турдаги муносабатлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилмоқда. Бунинг натижасида сайлов жараёнидаги бюрократик тўсиқлар йўқолади, ортиқча қоғозбозлик камаяди, номзодларнинг вақти тежалиб, асосий эътиборни сайлов компаниясига қаратиш имконияти туғилади;

– бошқа электрон платформалар билан интеграция қилинган
“E-Saylov” ахборот тизими сайловдаги кўпгина тартиб-таомилларни инсон омилисиз тўлиқ автоматлаштирилган тарзда амалга ошириш имконини беради. Бу эса сайлов жараёнининг шаффоф, очиқ-ошкора тарзда ўтишига замин яратади;

– ахборот тизими сайловчилар ва сайлов участкаларига оид статистик маълумотларни олиш, барча турдаги сайловлар бўйича депутатликка номзодлар ҳақида ахборотга эга бўлиш, интерактив хариталарда депутатликка номзодлар ва уларнинг таржимаи ҳоли билан танишиш имконини беради. Бу номзодлар, кузатувчилар ва сайловчиларга ортиқча оворагарчиликларсиз сайлов жараёни билан боғлиқ зарур маълумотларни тезкор олиш ва танишиш имкониятини тақдим этади;

– мазкур тизимда 400 мингга яқин сайлов жараёни иштирокчилари, жумладан, сайлов комиссиялари аъзолари, депутатликка номзодлар, кузатувчиларга оид катта маълумотлар базаси шаклланади. Ахборот тизимидан 32 минг нафар сайлов жараёни иштирокчилари профессионал тарзда фойдаланиши учун имконият яратилмоқда.

Фойдаланувчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида “Электрон ҳукумат” тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизими (OneID) орқали “Е-сайлов” ахборот тизимига кириш имконияти жорий қилинмоқда.

Мухтасар қилиб айтганда, сайлов жараёнига рақамли технологияларнинг жорий этилиши бўлажак сайловларнинг очиқ-ошкора, инсон омили аралашувини камайтирган ҳолда бюрократик тўсиқларсиз ва ортиқча харажатларсиз ўтишини таъминлашга хизмат қилади.

                                                                                  Акмал Тураев, мустақил эксперт

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг