Рақамли технологиялар вазирлигида Навоий энциклопедияси тақдимоти ўтказилди

Рақамли технологиялар вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти ҳамда Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси билан ҳамкорликда Вазирлик марказий аппарати ҳамда тизимдаги корхона ва ташкилотлар ходимлари учун 4 жилдлик “Алишер Навоий энциклопедияси” тақдимоти ўтказилди.
Тақдимотда Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири Н. Холбўтаев Алишер Навоий, унинг ҳаёти ва ижоди, асарлари ҳақида маълумот бериш билан бирга, унинг ижодига бағишланган тўрт жилдлик қомуснинг нашр этилиши адабиётимизда, илм-фанимизда, умуман маънавий ҳаётимизда улкан воқеалиги эканлигини, Алишер Навоий энсикплопедиясининг биринчи тақдимоти Ёзувчилар уюшмасида ўзбек адиблари, ижодкорлари учун ташкил қилинган бўлса, иккинчи тақдимот Рақамли технологиялар вазирлигида ўтказилаётганига урғу бериб, мазкур соҳа вакиллари бугунги кунда мамлакат иқтисодиётининг етакчиларидан бири эканлигини таъкидлади.
Шунингдек, рақамлаштириш йўналишида олиб борилаётган ишларни алоҳида қайд этиб, келгусида Навоий асарларини ҳам рақамли кўринишда тайёрлаш, алоҳида веб-сайт ҳамда мобил иловаларни яратиш орқали уларнинг янада кенг тарғиб қилиниши муҳим аҳамиятга эгалигини ва бу жараёнда Вазирлик ҳамда унинг тизимидаги корхона ва ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик қилиниши зарурлигини айтиб ўтди.
Тақдимотда сўзга чиққан Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Ж. Махсудов Вазирлик томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида қисқача маълумот бериб, Алишер Навоий ижодини фақатгина навоийшунослар ёки адабиётчилар эмас, балки кенг омма ўрганиши мақсадга мувофиқлигини, унинг асарларида бугунги кун жамияти ҳаётига, хусусан, рақамли технологияларга ҳам оид маълумотлар учрашини таъкидлади.
Навоий энциклопедияси тайёрланишида бевосита иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори ўринбосари, профессор М. Асадов ҳамда ушбу институт катта илмий ходими, ф.ф.н., доцент С. Рафиддиновлар Навоий илмий, ҳаётий, тарихий маълумотлар жамланган энциклопедияни тайёрлаш жараёнлари, бу фаолият Алишер Навоий меросини ўрганиш бўйича улкан қадамлигини, Навоийни яхшироқ билиш учун унинг асарларини ўқиш ва уқиш зарурлигини қайд этишди.
Тақдимот давомида Навоий ҳаёти ва ижодий фаолиятига оид савол-жавоблар ўтказилди ҳамда саволларга тўғри жавоб берганларга Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармасининг эсдалик совғалари топширилди.
Шунингдек, Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети талабалари томонидан Алишер Навоий ғазаллари ўқилди. Ўзбекистон халқ ҳофизи Э. Рўзиматов бошчилигидаги жамоанинг Навоий ғазаллари асосидаги мусиқий чиқишлари тадбирнинг янада кўтаринки руҳда ўтишини таъминлади.
Маълумот учун: Энциклопедияда навоийшуносликка оид масалалар, буюк шоир асарларининг турли йиллардаги нашрлари, хорижий тилларга таржималари, юртимиз ва жаҳон кутубхоналарида сақланаётган қўлёзма ва тошбосма китоблари, шунингдек, рассомлик, ҳайкалтарошлик, театр, кино сингари санъат турларида Навоий сиймосининг акс эттирилишига оид мақолалар ўрин олган.
“Алишер Навоий энциклопедияси”га Ўзбекистоннинг 78 нафар таниқли навоийшунос олими, ёш тадқиқотчилар, шу билан бирга, туркиялик ва озарбайжонлик олимларнинг мавзу бўйича мақолалари киритилган. Ушбу энциклопедия Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1000 нусхада чоп этилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter