Рақамли технологиялар вазирлиги Республика тармоқлараро саноат ярмаркасида ўз инновацион лойиҳалари билан қатнашмоқда

Жорий йилнинг 10-13 декабр кунлари “O‘zekspomarkaz”да бўлиб ўтаётган Республика тармоқлараро саноат ярмаркаси мамлакатимизда саноатни ривожлантириш, йирик саноат ташкилотлари ўртасидаги кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш ва иқтисодий самарадорликни оширишга қаратилган муҳим тадбирлардан бири ҳисобланади.
Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўмагида ташкил этилиб, саноат соҳасининг инновацион ечимлари ва янги технологиялари намойиш қилинмоқда.
Бу йил ярмаркада 4 627 дан ортиқ корхоналар қатнашиб, 6 мингдан кўпроқ турдаги маҳсулотни намойиш этилмоқда. Ушбу маҳсулотлар саноатнинг машинасозликдан тортиб тўқимачиликгача, кимё саноатидан электроника маҳсулотларигача бўлган турли соҳаларини қамраб олади.
Рақамли технологиялар вазирлиги ушбу ярмаркада ўзининг махсус стенди билан қатнашиб, рақамли трансформация, сунъий интеллект ва инновацион технологияларни тақдим этмоқда. Вазирлик стендида иқтисодий самарадорликни ошириш ва операцион харажатларни қисқартиришга қаратилган 13 та инновацион лойиҳа намойиш этилмоқда. Ушбу лойиҳалар сунъий интеллект, катта маълумотларни бошқариш, бизнесни рақамлаштириш каби долзарб йўналишларни қамраб олиб, 100 фоиз маҳаллий ишланмалар асосида яратилган.
Ярмаркада намойиш этилаётган MyID Vision ва MyID Palm каби биометрик идентификация тизимлари юз ва кафт томирларини аниқлаш орқали хавфсизликни таъминлаб, бугунги кунда 11 миллиондан ортиқ фойдаланувчи ва 100 дан зиёд ташкилотларда қўлланилмоқда. Ҳозирда тизимни қўшни мамлакатлар, хусусан, Қозоғистон ва Қирғизистон бозорларига чиқариш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Cradle Vision лойиҳаси эса реал вақт режимида объект ва шахсларни аниқлаш, мижоз оқимларини таҳлил қилиш ҳамда бизнес жараёнларини автоматлаштиришга ёрдам беради.
Шунингдек, “Uzsuvta’minot” учун ишлаб чиқилган биллинг тизими истеъмолчилар ва ташкилотлар ўртасидаги ҳисоб-китобларни оптималлаштириб, вақтни 30 фоизга қисқартириш ва харажатларни 25 фоизга камайтиришга хизмат қилмоқда.
Billz тизими савдо ва кичик бизнес учун автоматик ҳисоб-китоб имкониятини яратиб, бугунги кунда 3 мингдан ортиқ дўконларда муваффақиятли жорий этилган ва минтақавий бозорларга экспорт қилинмоқда.
Бундан ташқари, “ARKON” платформаси савдо, таълим ва кўргазмалар соҳаларида қўлланиладиган интерактив висуализацияларни тақдим этиб, иқтисодий самарадорликни оширишга ёрдам беради.
Рақамли технологиялар вазирлиги ушбу ярмаркада саноат корхоналари учун инновацион ечимларни жорий этиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган мулоқотлар олиб бормоқда.
Таъкидлаш лозимки, ярмарка нафақат йирик саноат ташкилотлари, балки кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун ҳам янги имкониятлар эшигини очмоқда. Бу жараёнда Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан тақдим этилган лойиҳалар саноат ва технология интеграциясини кучайтириш, шунингдек, инновацион иқтисодиётни ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter