“Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” лойиҳасига старт берилди (фото)

Шавкат Мирзиёев 2023 йилнинг июнида сайловолди дастури билан Хоразмга ташрифи чоғида истиқболда вилоятнинг “ташриф қоғози” IT соҳаси бўлишини таъкидлаб, Хоразмда 2024 йилдан бошлаб “Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” лойиҳаси амалга оширилишини айтган эди. Бу тизим “мактаб – олийгоҳ – IT компанияси”дан иборат яхлит IT-таълим ва хизматлар занжирини яратиши билан ўзига хосдир.
Ташаббус доирасида, Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан 2023 йилнинг 4-чорагидан бошлаб, вилоятда “Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” лойиҳасини амалга ошириш ишлари бошлаб юборилди.
“Муҳаммад Ал -Хоразмий ворислари” — юқори синф ўқувчиларини ҳеч қандай ўқув марказлари ва олий таълим дипломисиз ҳам халқаро IT бозорига тайёр мутахассис қилиб чиқариш мақсад қилинган кадрлар тайёрлашнинг ноёб дастуридир.
Рақамли технологиялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳада дастлаб Хоразмнинг 13 та туманидаги мактабларда ўқувчилар ўртасида тарғибот тадбирлари ўтказилди. Қизиқиш билдирган 3 000 нафардан зиёд 7-10-синф ўқувчилари орасидан танқидий ва мантиқий фикрлаш, муаммоли вазиятларни таҳлил қилиш ва ечим топиш каби йўналишдаги тестлардан муваффақиятли ўтган 1 200 нафар ўқувчи саралаб олинди. 2024 йил мобайнида Хоразмда 4 200 нафар ўқувчини қамраб олган 320 та махсус IT-гуруҳ ташкил этилади. Лойиҳа қатнашчилари мактабни битиргунларига қадар дарсдан ташқари вақтда малакали менторлардан дастурлаш соҳалари ва инглиз тилини бепул ўрганадилар.
“Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” лойиҳаси вилоятнинг ҳар бир туман марказида қурилган Рақамли технологиялар ўқув марказларида ташкил этилади. Бунинг учун танлов асосида дастурчилик ва хорижий тиллардан маҳоратли 50 нафар менторлар саралаб олинган.
Хоразм — Ўзбекистон ҳудудлари орасида рақамлаштириш бўйича етакчилардан саналади. Ҳудудда хорижга IT-хизматлар экспорт қилувчи 43 та IT Park резиденти мавжуд бўлиб, уларда фаолият олиб борувчилар сони 400 нафардан ошади. Вилоятдаги IT-экспортёр корхоналар томонидан 2023 йил мобайнида IT-хизматлар экспорти 4 баробарга ошиб, 1,5 млн АҚШ долларини ташкил қилган. Бу рақамларнинг тезкор ўсиб бораётгани, ўз навбатида, кейинг йилларда соҳада кадрларга бўлган юқори эҳтиёжни келтириб чиқаради.
Шуларни ҳисобга олиб, “Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” лойиҳасида ўқувлар ҳудуддаги IT-компаниялар билан ҳамкорликда, меҳнат бозори эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ўқувчиларда амалий кўникмаларни ривожлантириш кўзда тутилган. Хусусан, дастурчилик билимлари билан биргаликда, ўқувчиларда лойиҳаларни амалга ошириш, жамоада ишлаш, таклиф ва ғояларни тақдим қила олиш, ижодий фикрлаш каби шахсий ривожланиш кўникмаларини шакллантиришга диққат қаратилади. Битирувчилар ахборот технологиялари ва хорижий тиллар бўйича халқаро сертификат олиш даражасида тайёрланади ҳамда халқаро IT-бозорига йўналтирилади.
“Мактаб – олийгоҳ – IT компанияси”дан иборат яхлит IT-таълим ва хизматлар занжиридан иборат “Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” тизимини 2028 йилга қадар уч босқичда республикамизнинг барча ҳудудлари бўйлаб йўлга қўйиш белгиланган. Лойиҳа натижасида 50 мингта мактаб битирувчилари меҳнат бозорига тайёр кадр бўлиб етишиб, маҳаллий компаниялар орқали халқаро IT бозорига йўналтирилади. Натижада 360 миллион долларлик хизматларни экспорт қилиш салоҳиятига эга ишчи кучи шаклланади.
Жаҳонда, хусусан, Ўзбекистон меҳнат бозорида ҳам рақамли технологиялар соҳасидаги кадрларга эҳтиёж жуда юқоридир. Энг юқори иш ҳақи ҳам IT-мутахассисларга таклиф этилмоқда. Рақамли иқтисодиёт тадқиқотлари маркази томонидан амалга оширилган IT меҳнат бозори таҳлили ҳам Ўзбекистон шароитида дастурчиларга 20-50 млн сўм ойлик тўлайдиган бўш иш ўринлари кўплигини кўрсатди.
Жумладан, электрон вакансиялар порталларида ҳам дастурчи, дизайнер, маълумот таҳлилчиси, ахборот хавфсизлиги ва IT-мутахассиси, лойиҳа ва маҳсулот менежерлари лавозимларига бўш иш ўринлари сони бир неча мингдан ошади.
Жаҳон иқтисодий форумининг 2023 йил меҳнат бозори таҳлилига кўра, кейинги 5 йилда рақамлашиш соҳасининг Big Data (йирик маълумотлар), “булутли” технологиялар, сунъий интеллект технологиялари жаҳондаги жами бизнеснинг 75 фоизига татбиқ этилади, 86 фоиз компаниялар рақамли платформа ва иловалардан фойдаланишади, шунингдек электрон тижорат, онлайн савдо-сотиқ тизимлари янада оммалашади. Натижада, халқаро меҳнат бозорида 70 миллион нафар IT-мутахассисга эҳтиёж туғилади. Қолаверса, ходимлардаги рақамли кўникмаларга бўлган талаб ҳам ошади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter