Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жаҳон банки Ўзбекистонда IT-таълим ва касбларни ривожлантириш учун 50 млн доллар ажратади

Жаҳон банки Ўзбекистонда IT-таълим ва касбларни ривожлантириш учун 50 млн доллар ажратади

Фото: Жаҳон банки

Жаҳон банкининг Ижрочи директорлари кенгаши “Ўзбекистонда рақамли инклюзивлик” лойиҳасини амалга ошириш учун 50 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади.

Лойиҳа ҳукуматнинг рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда қишлоқ ва чекка ҳудудлардаги минглаб ёшларнинг рақамли кўникмаларга ўқитиш ва ахборот технологияларига асосланган хизматлар (ITES) соҳасида ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтириш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.

Ўзбекистонда ITES хизматлари экспорти 2017 йилдаги 600 минг доллардан 2022 йилга келиб 140 миллион долларгача сезиларли даражада ошди, бу билан бир вақтда ахборот технологиялари (IT) соҳасида компаниялар сони ва юқори маошли иш ўринларининг ўсиши кузатилди. Ушбу ижобий ўсишга қарамай, ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) савдоси секторининг мамлакат ялпи ички маҳсулотига қўшган ҳиссаси 2022 йилда 1,9 фоизни ташкил этди, дейилади хабарда.

Мамлакатни 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясида (“Ўзбекистон – 2030” стратегияси) ушбу ўн йиллик якунига қадар Ўзбекистон Марказий Осиё ахборот технологиялари марказига (“IT-HUB”) айланиши, IT-хизматларининг йиллик экспорти ҳажмини 5 миллиард долларга етказиши, IT-компанияларнинг мамлакатдаги ваколатхоналари сонини 1 000 тагача ошириши ва 300 минг нафар ёшларни IT соҳасида иш билан таъминлаши кераклиги айтилади.

Ушбу улкан мақсадларга эришиш учун Ўзбекистон рақамли технологиялар соҳасидаги зарур кўникмаларга эга мутахассисларни тайёрлаш, керакли IT ва офис инфратузилмасини ривожлантириш, IT соҳасини ривожлантириш учун қонунчилик нормаларини ва сиёсатни ишлаб чиқиш, шунингдек, хорижий ва маҳаллий инвесторларни ушбу соҳага жалб қилиш учун рағбатлар яратишга эътибор қаратиши керак бўлади. Ўзбекистоннинг рақамли иқтисодиётига киритилаётган сармоялар айни пайтда таълим олмаётган, профессионал тайёргарликдан ўтмаган ва меҳнат фаолиятида бўлмаган ёшлар, жумладан, аёллар сонини қисқартиришда ҳам ёрдам бериши мумкин.

“Жаҳон банки томонидан қўллаб-қувватланаётган янги лойиҳа Ўзбекистонга ITES хизматлари соҳасидан иқтисодий ўсиш, янги иш ўринлари яратиш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадларида фойдаланишда ёрдам беради. Мамлакатнинг қишлоқ ва чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи 30 ёшгача бўлган минглаб ёшларни ўқитиш мақсадини кўзлаган ушбу лойиҳа Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги IT Park томонидан амалга оширилади. Лойиҳа доирасида ушбу тайёрлов курсларидан ўтган шахсларни ишга оладиган ITES компаниялари учун турли хил рағбатлар тақдим этилади”, — дея таъкидлади Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли.

2029 йилда, лойиҳа якунига бориб, Ўзбекистон ITES хизматлари соҳасида 25 000 киши иш билан таъминланиши ва 15 000 киши турдош соҳаларда иш топиш имкониятига эга бўлиши прогноз қилинмоқда. Лойиҳа ушбу мақсадларга эришиш учун турли хил чорат-тадбирларни мақсад қилган,

жумладан:

  • Бутун мамлакат бўйлаб замонавий офис майдонларини таклиф қилувчи 11 тагача ҳудудий ITES марказлари ишга туширилади. Ушбу чора-тадбирлар ITES компанияларини Ўзбекистон ҳудудларида ўз ваколатхоналарини очишга рағбатлантиради.
  • 6 200 га яқин ёшлар, шу жумладан 3 100 нафар аёл ва 250 нафар ногиронлиги бўлган шахслар коммуникация, компютер ва тил кўникмаларини (ITES компанияларида талаб қилинадиган инглиз ва бошқа чет тиллари) ўз ичига олган асосий профессионал кўникмаларни ривожлантириш дастурлари бўйича таълим оладилар.
  • 9 000 га яқин ёшлар, шу жумладан 4 500 нафар аёл ва 360 нафар ногиронлиги бўлган шахслар ITES компанияларида иш билан таъминланади. Компанияларга, ўз навбатида, лойиҳа доирасидаги иштирокчиларни ишга олиши учун моддий рағбатлар берилади.
  • Ўзбекистонда хорижий ва маҳаллий ITES компаниялари фаолияти учун қулай шарт-шароитларни таъминлашда муҳим ўрин тутган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилади.
  • Юқорида қайд этилган лойиҳа чора-тадбирлари натижасида 240 га яқин янги ITES компаниялари IT Park резидентларига айланади ва Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлайди.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг