“INNOWOMENWEEK-2024” Тошкентда: Аёлларнинг АйТи соҳасидаги ўрни мавзусида тадбир бўлиб ўтди

“INNOWOMENWEEK-2024” ихтирочи хотин-қизларнинг инновацион ҳафталиги доирасида Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан аёлларнинг АйТи соҳасидаги ўрни мавзусида тадбир ва Корея Ихтирочи аёллар ассоциацияси делегацияси билан учрашув ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов ва вазир маслаҳатчиси Камола Собирова иштирок этди. Шунингдек, Корея ихтирочи аёллар уюшмаси делегацияси ва АйТи соҳасига қизиқувчи хотин-қизлар ҳам тадбирга ташриф буюрди.
Тадбирнинг асосий мақсади — хотин-қизларни АйТи соҳасига жалб қилиш, инновация, технология, тадбиркорлик ва илм-фан соҳаларида иштирокини ошириш ва рағбатлантиришдан иборат.
Тадбир давомида АйТи соҳасида муваффақиятга эришган хотин-қизлар ўз тажрибалари билан ўртоқлашди ва тақдимот ўтказди
Бундан ташқари, Корея ихтирочи аёллар ассоциацияси делегацияси билан учрашув ташкил этилди. Учрашув давомида аёлларни қўллаб-қувватлаш, таълим олиш имкониятларини кенгайтириш ва гендер тенгликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар хотин-қизларнинг АйТи соҳасидаги иштирокини ошириш ва бу йўналишда тажриба ҳамда билим алмашиш орқали ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олдилар. Рақамли ривожланишда аёлларни фаол жалб қилиш ва уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш режалари белгиланди.
Ушбу учрашув икки мамлакат ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаб, инновациялар ва янги имкониятларни яратишга туртки бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter