Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳозир ёшларбоп истиқболли соҳа — рақамли технологиялар

Ҳозир ёшларбоп истиқболли соҳа — рақамли технологиялар

Фото: Xabar.uz

Кеча, 23 феврал куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ёшлар бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказди.

Ёшларни ишга жойлаштириш, замонавий касб-ҳунарлар ва тадбиркорликка жалб этиш масалалари муҳокама қилинган йиғилишда таъкидланишича, ҳозирги кунда ёшларбоп истиқболли соҳа бу — рақамли технологиялар. Шу боис Давлат дастурида “Ҳар бир маҳалладан икки нафар дастурчи” лойиҳаси белгиланган. Шунингдек, бу йил ахборот технологиялари соҳасида 70 минг ёшни банд қилиш режалаштирилган.

Бунинг учун қобилиятли йигит-қизларни аниқлаб, IT-касблар ва хорижий тилларни ўрганишига кўмаклашиш зарурлиги таъкидланиб, ҳокимларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Ёшлар ишлари агентлигининг “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси орқали 1 миллион нафар ўғил-қиз хорижий тилларга бепул ўқитилади. Мактаблардаги бўш синф хоналари чет тили репетиторлари ва ўқув марказлари учун бепул ижарага берилади. Қишлоқ жойлардаги ўқувчиларнинг ўзлаштириши юқори бўлган 100 та хусусий ўқув марказининг ижара харажатлари 6 ойгача компенсация қилинади.

Шунингдек, хусусий курсларда ўқиб, “C-1” сертификатини олган ёшларга ўқиш харажатлари, немис, француз, корейс, япон ва хитой тиллари бўйича эса “B-2” даражаси сертификатини олиш харажатлари қоплаб берилади. Яна бир янгилик — бу йил нафақат сертификат олишдаги имтиҳон харажати, балки олти ойлик ўқиш пули ҳам тўлаб берилади.

“Устоз” лойиҳаси доирасида 250 минг нафар ёшлар маркетинг, реклама, электрон савдо, IT-дизайнер каби 30 та замонавий касбга ўргатилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг