Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АТ&Т компанияси бутун мамлакат бўйлаб уяли алоқа носозлигини бошдан кечирмоқда. T-Mobile, Verizon мижозлари ҳам шикоят билан мурожаат қилишди

АТ&Т компанияси бутун мамлакат бўйлаб уяли алоқа носозлигини бошдан кечирмоқда. T-Mobile, Verizon мижозлари ҳам шикоят билан мурожаат қилишди

Фото: Тhe Verge

Пайшанба куни эрталаб, АТ&Т компаниясининг хабар беришича, уяли алоқа тизимида узилиш содир бўлган ва бутун мамлакат бўйлаб телефон хизматига таъсир қилган.

Носозлик эрталаб соат 4 да бошланди, бироқ компания узилиш ҳақида бир неча соатдан кейин изоҳ берди. Эрта тонгдан алоқа тизимидаги носозликларни кузатиб борувчи онлайн сайтга 60 мингдан ортиқ шикоят келиб тушган.

“Бугун эрталаб баъзи мижозларимиз симсиз алоқада узилишларга дуч келишди, — дейилади компания баёнотида. — Биз зудлик билан муаммони ҳал қилиш устида ишлаяпмиз. Хизмат тикланмагунча Wi-Fi қўнғироқларидан фойдаланишни тавсия қиламиз”.

Компания муаммога айнан нима сабаб бўлганини ва муаммо қачон ҳал этилиши ҳақида маълумот бермади.

Downdetector.com узилишларни кузатиш сайти маълумотларига кўра, уяли алоқа хизматларининг узилиши T-Mobile, Verizon ва бошқа тармоқ фойдаланувчилари томонидан ҳам қайд этилган.

Жумладан, хабар берилишича, муаммоларнинг аксарияти Лос-Анжелес, Даллас, Сан-Диего, Хюстон, Сан-Антонио, Гонолулу, Чикаго, Сан-Франциско ва Атланта каби йирик шаҳарларда содир бўлган.

АТ&Т веб-сайтига кўра, Виржиния штатида ҳам симсиз узилишлар содир бўлган, дастлабки кўрсатилган сабаб — таъмирлаш.

Downdetector маълумотларига кўра, 31 900 дан ортиқ АТ&Т мижозлари 4:30 атрофида узилишлар ҳақида хабар беришди.

Эрталаб соат 7:12 га келиб, 51 000 дан ортиқ одам АТ&Т хизматлари билан боғлиқ муаммолар ҳақида хабар берган. Эрталаб соат 8 да бу рақам 69 000 дан ошди.

Фойдаланувчиларнинг аксарияти (54 фоиз) мобил телефон хизматидаги муаммолардан шикоят қилган. Мижозларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи уларда умуман сигнал йўқлиги, 8 фоиз фойдаланувчи эса мобил интернет ишламай қолганини айтишган.

Reuters агентлиги маълумотларига кўра, АҚШдаги Verizon ва T-Mobile мижозлари эрта тонгда платформада 800 дан ортиқ бузилишлар ҳақида хабар беришди.

Эрталабки соат 7 га келиб, бу рақам 3900 дан ортиқ шикоятга ўсди.

Бироқ, Verizon ва T-Mobile ўз баёнотларида уларнинг тармоқлари нормал ишлаётганини айтди.

Downdetector манбалардан олинган ҳолат ҳисоботларини, жумладан, фойдаланувчилар томонидан юборилган хатоларни жамлаш орқали бузилишларни кузатиб боради.

Эри округи фавқулодда вазиятлар хизмати маълумотларига кўра, носозлик тез ёрдам ходимларини боғлайдиган First Net тармоғига таъсир кўрсатди.

Сан-Франциско ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ўзининг Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоқдаги постида электр узилиши 911 рақамига келиб тушадиган қўнғироқларга таъсир кўрсатганини маълум қилди.  

WSB хабар беришича, Атланта полицияси ходимлари стационар телефонларда мулоқот қилишда қийналишган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг