АКТ ривожи ва халқаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Сума Чакрабарти билан муҳим учрашув ўтказди. Мулоқот давомида Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасининг жадал ривожланиши, ушбу йўналишда кадрлар салоҳиятининг кенгайиши ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Вазир Ш. Шерматов учрашув аввалида АКТ соҳасининг иқтисодий ўсишда тутган ўрни ҳақида сўз юритиб, ушбу сектор юртимизда минглаб янги иш ўринлари яратишда етакчи бўлаётганини таъкидлади. Жумладан, АйТи соҳасидаги малакали мутахассислар ва ўз-ўзини иш билан таъминловчи фрелансерларнинг сони тобора ортиб бораётгани мамлакатнинг технологик салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини қайд этди.
Сума Чакрабарти ўз навбатида, Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан илгари сурилаётган ташаббусларни юқори баҳолади.
Шунингдек, вазир Ўзбекистон денгизга чиқиш имконияти чекланган мамлакат эканлигини айтдиб ўтди, шу сабабли ҳам бугунги кунда энг муҳим масалалардан бири ёшларга юқори маошли иш ўринларини яратиш устивор вазифа эканлигини алоҳида таъкидлади. Бундан ташқари АйТи соҳасини ривожлантириш ва соҳада имкониятларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини айтди. Шу муносабат билан, вазир инвесторлар учун юртимиздаги имкониятларни чуқур таҳлил қилиш ва янги лойиҳаларни ривожлантиришда халқаро тажрибага эга компанияларни жалб қилиш зарурлигини билдирди. Вазирлик ушбу жараёнларда илғор тажрибалар ва инновацион ёндашувларга очиқлигини маълум қилди.
Учрашувда томонлар халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, АКТ соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлаш, инвестицияларни жалб этиш ва эркин иқтисодий зоналарни ривожлантириш каби масалаларда яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар. Шу билан бирга, инновацион иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишда Ўзбекистоннинг минтақавий рақобатбардошлигини оширишга қаратилган таклифлар ҳам муҳокама қилинди.
Мазкур учрашув рақамли технологиялар соҳасини ривожлантириш ва мамлакатнинг иқтисодий ўсишига қўшилаётган улушни ошириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида қайд этилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter