Тиббиёт муассасаларида рақамлаштириш жараёнлари нега қониқарли эмас?

Ҳозирги кунда мамлакатимизда барча соҳани, шу жумладан, тиббиёт тизимини рақамлаштиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Президентимизнинг "Қайси раҳбар рақамлаштиришни кечиктирса — очиқлик сиёсатимизга қарши чиққан бўлади", деган фикри дастуриламал бўляпти.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Олим Омонов томонидан Қорақалпоғистон Республикасида видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган йиғилишда айни масала чуқур таҳлил қилинди.
Тадбирда “Uzinfocom” бош директори Эмил Гимранов иштирок этди ва сўзга чиқди.
Йиғилишда вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқларининг соҳа бўйича ўринбосарлари жойлардаги студиялар орқали қатнашди.
Таъкидланганидек, ҳудуднинг олис туманларида ҳам рақамлаштиришга жиддий эътибор қаратилиб, яхши натижага эришилаётган бир пайтда Нукус шаҳрида бу борадаги ишлар пайсалга солинаётгани таажжублидир.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан Қорақалпоғистонда 2025 йил 1 январдан давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилиши белгиланган бўлиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳудудга 25 млрд. сўмлик ахборот-коммуникация жиҳозлари етказиб берилган.
Шунга мос равишда 70 нафар техник ходим жалб этилиб, 233 та тиббиёт муассасасида локал ва корпоратив тармоқ қуриш, «Ягона тиббиёт ахборот тизими»ни жорий этиш ишлари бажарилгани эътиборга молик.
Аммо локал тармоқ қурилиши Амударё, Беруний, Элликқалъа, Тўрткўл Тахиатош ва Қўнғирот туман тиббиёт бирлашмаларида якунланмаган.
Республика тез тиббий ёрдам маркази филиалида эса «Ягона тез тиббий ёрдам» ахборот тизими йўлга қўйилгани ҳолда, ундан фойдаланиш кўрсаткичи яхши эмас.
Автохўжалик ва дорихона модуллари мисолида буни кўриш мумкин. Масалан, Автохўжалик модули орқали ёқилғи сарфи назорат қилинмаётган бўлса, Дорихона модулида марказий омборхона томонидан тарқатилган дори воситаларининг барчаси акс эттирилмаган.
Республика тез тиббий ёрдам маркази филиали томонидан 2023 йилда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 7,3 млрд. сўмлик радиоэлектрон воситалари харид қилинган. Лекин бугунги кунга қадар улардан фойдаланиш етарли даражада эмас.
Барча ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ҳудудий филиалларида "Ягона тиббиёт ахборот тизими" (DMED)ни ишга тушириш белгиланган бўлса-да, ҳозирга қадар уларнинг бир нечтаси мазкур тизимга уланмаган.
Ҳудуддаги пуллик хизмат йўлга қўйилган тиббиёт муассасаларида шу тизим ўрнатилган, аммо касса модули ишга туширилмагани боис бир қатор муаммолар келиб чиқяпти.
Қорақалпоғистонда "Электрон рецепт" дастури ишга туширилгани диққатга сазавор. Аммо Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан 341 млн. сўм маблағ йўналтирилгани ҳолда, унинг бор-йўғи 15 фоизига электрон рецепт ёзилгани таажжублидир.
Йиғилиш давомида DMED тизими яхши йўлга қўйилган Хўжайлидаги "Кенегес" ОШП фаолияти намуна сифатида келтирилди.
Тадбир якунида келтириб ўтилган камчиликларни бартараф этишга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Izoh qoldirish uchun saytda ro'yxatdan o'ting
Kirish
Ijtimoiy tarmoqlar orqali kiring
FacebookTwitter