Мактаб, ота-она ва маҳалла ўртасида электрон мулоқот йўлга қўйилади
Бугун, 5 феврал куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йилда таълим, соғлиқни сақлаш, рақамлаштириш, маданият ва спорт соҳаларида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.
Йиғилишда ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш орқали уларда “ҳуқуқбузарликка қарши иммунитет” яратиш бўйича тизим қилиш зарурлиги таъкидланди.
Ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва касбга йўналтириш, тарбияси ва ўқишида муаммо бўлган ўқувчиларнинг ота-оналари ва маҳалла фаоллари билан бирга ишлаб, муаммоларни ечишга қаратилган аниқ чораларни кўриш муҳимлиги қайд этилди.
Маҳалла раислари ҳар ой мактабларда ота-оналар билан учрашиб, маҳалла ва мактабдаги муҳитни муҳокама қилиши мақсадга мувофиқ экани кўрсатиб ўтилди.
Мактабларда таниқли шоир ва ёзувчилар, спортчилар, фахрийлар, жамиятда обрўга эга инсонлар билан учрашувларни кўпайтириш лозимлиги айтилди.
Болалар тарбиясини яхшилашга, ота-оналар дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қиладиган миллий контентни маҳалла ва таълим муассасаларига етказиб туриш топширилди.
Мутасаддиларга “мактаб – ота-она – маҳалла” занжири асосида электрон мулоқот платформасини ишга тушириш топширилди.
Ёшлар ўртасида оммалашган ижтимоий тармоқларни таҳлил қилиб, уларнинг зарарли таъсиридан ҳимоялаш ва ижобий томонидан фойдаланиш бўйича ота-оналар ва ўқувчиларга содда тилда қўлланмалар яратиш муҳимлиги қайд этилди.
Шунингдек, мактабга мослашиш ва китобни севишга ўргатиш, яхши хулқли бўлиш, атрофидагилар билан мулоқот қилишни ўрганиш ва билим олишга кучли иштиёқни шакллантириш, касб танлаш, жамиятга мослашиш, катта ҳаётга қадам қўйишда фарзандларга қандай йўл-йўриқ бериш зарур, деган саволлар юзасидан ота-оналар учун халқчил тилда материаллар тайёрланади.
“Юқорида айтилган ташаббуслар амалиётда йўлга қўйилса, ота-онада масъулият, ўқитувчида мажбурият, ўқувчида ишонч, таълим ва тарбияда сифат, маҳаллада эса назорат бўлади”, — деди давлат раҳбари.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter