Ифлосланган сувдан тоза ичимлик суви ва водород ёнилғиси оладиган қурилма яратилди
Кембриж университети тадқиқотчилари ифлосланган ёки денгиз сувидан тоза ичимлик суви ва водород ёнилғиси ишлаб чиқарувчи қурилма яратишди. Қурилма қуёш энергиясида ишлайди.
Олимлар ултрабинафшаранг нурни ютувчи фотокатализаторни, ўз навбатида инфрақизил нурни ютувчи нанотузилмали углерод тўрига жойлаштиришди. Шу тарзда фотокатализатор водородни яратишда фойдаланадиган сув буғини ҳосил қилиш жараёнини юзага келтиришди. Сувни юқтирмайдиган ғоваксимон углерод тўри фотокатализаторнинг чўкмасдан, сув юзасида қалқиб туришини таъминлади, шу боис сув таркибидаги ёт жисмлар унинг ишлашига халақит бермади. Қолаверса, сув юзасида қалқиб туриш хусусияти қурилмада қуёш энергиясидан кўпроқ фойдаланиш имконини берди.
Бундан ташқари, олимлар технологияда транспирация имитациясини бажаришга эришишди — бу ўсимликларда сувнинг ҳаракатланиш жараёни бўлиб, ўсимлик танаси, барглари ва гуллари орқали буғланишини ўз ичига олади.
Қандай ишлади?
Қурилма ҳақиқий очиқ сув манбаларида синалди. Масалан, Кембриж марказидан оқиб ўтувчи Кем дарёси сувлари, қоғоз саноатининг лойқа чиқинди сувлари тозалаб кўрилди. Сунъий денгиз суви билан синовларда қурилма 154 соатдан кейин ҳам бошланғич салоҳиятининг 80 фоизини сақлаб қолди.
Тадқиқотчиларга кўра, фотокатализатор сувдаги ифлосланишлардан яхши ҳимоялангани ва нисбатан қуруқ сақлангани боис, қурилма узоқ вақт ишлаб бериши мумкин.
Ушбу ишланма учинчи дунё мамлакатларида ичимлик суви ва ёнилғи муаммосини ҳал этиши мумкин, дейилади Nature Water журналида чоп этилган мақолада.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter