Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эъзоза Турғунова

“Агар инсон ниманидир чин дилдан орзу қилса, бутун коинот уни шу орзусига етиштириш пайида бўлади!”

Бу хабарни онлайн ўқиётган бўлсангиз, сизнинг мамлакатингизга ҳавас қилса арзийди

Бу хабарни онлайн ўқиётган бўлсангиз, сизнинг мамлакатингизга ҳавас қилса арзийди

Фото: Cdn

Халқаро электралоқа иттифоқи мутахассислари томонидан ўтказилган сўровномада одамлардан эрталаб уйғонганларида биринчи бўлиб нима қилишлари ҳақида сўрашганида, россияликларнинг 39 фоизи шундай жавоб беришган экан: "Мен мобил телефонимдан интернетга кираман"...

Сиз-чи? Эрта тонгда уйғонишингиз билан нима қиласиз? Бу саволга аксарият юртдошларимиз ҳам айнан шундай жавоб беришса ажабмас.

Боиси, бугунги кунда кўпчилик учун кун онлайн янгиликларни ўқиш билан бошланади ва ижтимоий тармоқларда лентани кўриш билан тугайди. Сизга ҳам гўёки интернет ҳамма жойда мавжуддек туюладими?

Аммо, аслида, интернетдан фойдаланувчилар сони сайёрамиз аҳолисининг ярмидан ҳам камроқни ташкил қилади.

Ҳа, дунёда ҳаттоки интернет умуман йўқ жойлар ҳам мавжуд. У ердагилар филмни юклаб олиш ёки онлайн томоша қилишни ҳам, ижтимоий тармоқлар ўзи нима эканлигини ҳам билишмайди.

Масалан, Шимолий Кореяда бизникидек интернет йўқ. Улар Wоrld Wide Webдан ажратилган ички Gwangmeon тармоғидан фойдаланишади.

У ҳам бўлса фақат давлат мафкурасини тарғиб қилишга бағишланган бўлиб, фақат айрим кишиларгина фойдаланиши мумкин: жумладан, мамлакат раҳбарияти, шунингдек, хорижий фирма ва элчихоналар.

Оддий фуқаролар учун эса Хитой билан чегарадош ҳудудда кичик интернет-кафелар мавжуд, аммо улардан фойдаланиш ҳам вақти-вақти билан тақиқланиб туради.

Мобил интернетдан эса фақат дипломатлар, хорижий компания ходимлари ва сайёҳлар фойдалана олишади.

Шу боис Шимолий Корея университетларида ҳаттоки интернетдан қандай фойдаланишни ҳам ўргатишади.

Ҳарбий бошқарув ва доимий урушлардан чарчаган Мянма аҳолиси ҳам интернетга кириш имконига эга эмас. Аниқроғи, аҳолининг 1 фоиздан камроғигина интернетдан фойдалана олади. Тасаввур қилиш қийин а?

Африканинг Конго, Эфиопия, Либерия, Нигерия ва Гвинея каби кўпгина мамлакатларида эса интернет фойдаланувчилари сони ҳарқалай 1 фоиздан ортади. Бунга сабаб балки алоқа хизматларининг жуда қимматлигидир.

Масалан, Африка мамлакатлари орасида аҳоли сони бўйича иккинчи ўринда турувчи Эфиопияда тахминан 1 ГБ мобил интернет учун абонент тўловлари 10 доллардан бошланади. Аммо интернет тезлиги жуда паст.

Бундан ташқари, Покистон, Афғонистон, Лаос, Камбоджа, Мадагаскар узоққа бормайлик ана Туркманистон ва Тожикистон аҳолисининг 80 фоиздан ортиғи сўнгги янгиликларни интернет орқали ўқий олмайди.

Хўш, шундан кейин ҳам мобил интернетингиз сифати бироз пасайиб қолса туғилиб ўсган масканингиздан нолийверасизми?

Ваҳоланки, шу кунгача мамлакатимизда халқаро маълумотларни узатиш тармоғига уланиш тезлиги 28 баробарга ошди, провайдерлар учун интернет тарифларининг нархи 30 баробар арзонлашди, мобил таянч станциялар сони ҳам қарийб 3 баробарга кўпайди ва натижада аҳолимизнинг 75 фоиздан ортиғи интернетдан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.

Албатта бунга ҳавас қилса арзийди, шундай эмасми?

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг