Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

“Янги пахта” ёки BPO миллионлаб ўзбекистонликларни иш билан таъминлаши мумкин

“Янги пахта” ёки BPO миллионлаб ўзбекистонликларни иш билан таъминлаши мумкин

Фото: IT Park

Ўзбекистон аграр мамлакатдан постиндустриал давлат мақомига ўтмоқда, BPO эса асосий саноатга айланмоқда. Эксперт Темурмалик Элмуродовнинг фикрича, бу соҳа миллионлаб одамларни иш билан таъминлаши мумкин.

Кўпгина мамлакатлар, одатда, улар ишлаб чиқарадиган товарлар билан боғлиқ. Мисол учун, Бразилия деганда — қаҳва, Эквадор — банан, Индонезия деганда эса кокос кўз олдимизга келади.

Бундай тушунча, одатда, мамлакатлар ушбу маҳсулотнинг асосий етказиб берувчилари эканлигидан келиб чиқади.

Ўзбекистон пахта экспорти бўйича ҳеч қачон етакчи бўлмаган, бироқ хорижликлар мамлакат номини эшитганда, кўпинча шу ҳақда ўйлашади.

Буни яқин-яқингача пахта республиканинг хорижга сотган асосий товари бўлганлиги билан изоҳлаш мумкин (кўрсаткич ақл бовар қилмас даража — 70 фоизга етганди):

Экспортнинг тармоқ таркиби, Ўзбекистон, 1995–2018 йиллар.
Манба: The Second Systematic Country Diagnostic for Uzbekistan, World Bank

Сўнгги йилларда пахта улуши пасайиб бормоқда ва ҳозирда 10 фоиздан камроқни ташкил этади, аммо тушунча ҳали-ҳануз сақланиб қолган.

Бироқ, ушбу ҳолат тез орада ўзгариши мумкин, негаки, Ўзбекистон аграр давлатдан постиндустриал давлатга ўтмоқда.

Бу йўлда BPO соҳаси республикани халқаро бозорларда танитадиган омилга айланиши мумкин. Жараён аллақачон бошланган.

Глобал BPO бозори юзлаб миллиард долларга тенг ва ўсишда давом этмоқда

Аутсорсинг ХХ асрнинг ўрталарида, компаниялар айрим вазифаларни аутсорсингга йўллаш арзонроқ ва осонроқ эканлигини тушунган онда пайдо бўлди.

IT-аутсорсинг 1980-йилларда юзага келган. Илк кейс “Kodak” бўлиб, у маълумотлар марказини ўзи бошқариш ўрнига жараённи “IBM”га аутcорсинг хизмати сифатида топширди.

Дастлабки йилларда аутсорсинг бир компания аниқ муддатга эга бўлган аниқ лойиҳа учун бошқасини жалб қилиши билан чекланар эди.

Кейинчалик компаниялар бошқа компанияларга бизнес соҳаларини тўлиқ топширишни бошладилар.

2023 йилга келиб, BPO бозори 261,9 миллиард долларга баҳоланмоқда, прогнозларга кўра, 2031 йилда кўрсаткич 525,2 миллиард долларни ташкил қилади.

Асосий йўналиш — мижозларга хизмат кўрсатиш (30 фоиз). У асосан қўллаб-қувватлаш хизматлари ва қўнғироқ марказларини ўз ичига олади.

Бундан ташқари, логистика, инсон ресурслари, маълумотларни қайта ишлаш, харидлар, маркетинг ва бухгалтерия ҳисоби бўйича аутсорсинг тури ҳам кенг тарқалган.

Хуллас, асосий бизнесга зарар етказмасдан бошқа компанияга ўтказилиши мумкин бўлган барча соҳаларни аутсорсингга йўналтириш мумкин.

Асосий бозор эса Шимолий Америка ҳисобланади:

Шимолий Америка BPO хизматлари бозор ҳажми динамикаси.
Манба: Grand View Research

Ўзбекистоннинг BPO хизматларига дунёда талаб мавжуд. Кўрсаткич ўсиб бормоқда

Ўзбекистонда илк BPO компаниялари 2000-йилларнинг ўрталарида пайдо бўлган, аммо кескин ўсиш сўнгги йилларда бошланган.

АҚШ логистика бозорида ўз ўрнига эга бўлган бир нечта компанияларнинг муваффақият ҳикоялари сифатида бошланган жараён энди ўзига хос саноатга айланиб бормоқда.

Шундай қилиб, 2021 йилда мамлакатда 45 та компания бор эди, бир йил ўтиб эса уларнинг сони 164 тага етди. 2022 йилда 17 та янги BPO маркази очилиб, уларда 450 нафар мутахассис иш билан таъминланди.

Шу сабабли, ўтган йили IT хизматлари умумий экспортининг 140 миллион долларидан 65,1 миллион долларини BPO хизматлари ташкил этди:

Асосий харидор АҚШ ҳисобланади. Шимолий Америка BPO соҳасига бўлган талаб дунёда энг юқори бўлган мамлакат экан, талаб бундан кейин ҳам ўсишда давом этиши кутилмоқда.

Бу бизнес жараёнлари аутсорсинг компанияларига IT Park резидентлари бўлишга рухсат берилиб, BPO соҳасига бир неча йил олдин тикилган гаров ўзини оқламоқдами деган саволга қисман жавоб.

Шу туфайли, компанияларда эндиликда қуйидаги имкониятлар мавжуд:

  • жиҳозланган офис;
  • барча турдаги солиқлар ва божхона тўловларидан тўлиқ озод бўлиш;
  • жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкаси пасайтирилиши — 7,5 фоиз;
  • хорижий компаниялар учун дивидендлар бўйича солиқни 5 фоизгача камайтириш;
  • ходимларни танлашда ёрдам;
  • ва бошқалар.

bpo.mitc.uz  сайти ишга туширилиб, бу ерда нафақат Ўзбекистонда BPO компаниясини яратишнинг афзалликлари санаб ўтилган, балки унга ариза юбориш ҳам мумкин.

Халқаро ҳамкорлик доирасида кўрсатилаётган кўмакни ҳам таъкидлаш жоиз. Хусусан, “Huawei” ва “ZTE” компаниялари BPO марказларини яратишда иштирок этмоқда.

Уларнинг қизиқиши соҳанинг истиқболидан далолат беради, негаки, бу каби йирик халқаро компаниялар ҳар қандай сармояни синчковлик билан таҳлил қиладилар ва самара бермайдиган жойга ҳеч қачон пул тикмайдилар.

Айни пайтда IT Park Жаҳон банки билан “ Uzbekistan Digital inclusion” лойиҳаси устида ишламоқда. Унинг доирасида зарур кўникмаларга ўргатиш, ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш, Ўзбекистонни аутсорсинг марказлари жойлашган манзил сифатида тарғиб қилиш амалга оширилади.

Бундан ташқари, “ American Access Capital Management Corp” билан биргаликда ташкил этилаётган қўшма BPO корпорацияси соҳада 1 100 та иш ўрни яратади.

Ушбу ва бошқа ташаббуслар 2023 йилда IT-хизматлар экспорти ҳажмини 300 миллион АҚШ долларига, экспорт қилувчилар сонини эса 500 тага етказиш имконини бериши кутилмоқда.

ХХ аср “пахтаси”

Постиндустриал давр ўзи билан кўплаб ўзгаришларни олиб келди.

Электр транспорт воситалари, робототехника ва муқобил энергияга талаб ортиб бораётгани мисни “янги олтин”га айлантирмоқда.

Бизнес жараёнлари аутсорсингига ортиб бораётган талаб, қулай шароитлар ва мавжуд истиқболлар Ўзбекистонда BPO соҳасини “янги пахта” тимсолига айлантирмоқда.

Тўғри, BPO бевосита IT билан боғлиқ эмас, лекин у технологияга асосланган ва мамлакатнинг инсон капиталидан фойдаланади.

Соҳада яхшигина ҳақ тўланади. 2022 йилда ўртача ойлик 600-1300 долларни ташкил қилган. Таққослаш учун: мамлакатда ўртача иш ҳақи 350 доллар эди.

Умуман олганда, IT-аутсорсинг энг истиқболли йўналишлардан бири, аммо ҳали қилинадиган ишлар талайгина, масалан, ҳеч бўлмаганда асосий рақамли кўникмаларга эга бўлган одамлар сонини кўпайтириш лозим.

Агар шу ва бошқа масалаларни ҳал қилиш мумкин бўлса, Ўзбекистондаги BPO ҳам худди пахта каби, яқин йилларда миллионлаб одамларни иш билан таъминлаши мумкин.

Авваллари BPO соҳасида 10 000 киши фаолият юритган, ҳозирда эса уларнинг сони 5 миллиондан ортиқ кишига етган Ҳиндистон бунга яққол мисол бўла олади.

Муаллиф ҳақида:

Темурмалик Элмуродов — таҳлилчи, R&D мутахассиси, “Олий иқтисодиёт мактаби” тадқиқот университети магистри.

“Скартарис чўққиси” (https://t.me/skartariss) — Ўзбекистондаги бизнес, бозор ва технологиялар ҳақидаги етакчи телеграм-канал муаллифи.

“Univer Club Family” (Россия) компаниялар гуруҳи, Daryo.uz интернет нашрида ривожланиш учун масъул бўлган, Spot.uz сайти собиқ раҳбари ва таъсисчиси.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг