Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда IT-таълим: рақам ва фактлар

Ўзбекистонда IT-таълим: рақам ва фактлар

Фото: Xabar.uz

Халқаро IT сертификатларини олиш учун 50 фоизгача харажатларини қоплаш бўйича IT-istedod портали ишга туширилди. Бу ва IT-таълимга оид бошқа маълумотларни АОКАда ўтказилган брифингда Рақамли технологиялар вазирлиги вазир маслаҳатчиси Фазлиддин Анваров маълум қилди.

Таъкидланишича, бугунги кунда Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар 370 дан ортиқ ёшларни ишга қабул қилган.

Ёшларнинг IT-кўникмаларини шакллантириш, замонавий касбларга ўқитиш ва таълимни рақамлаштириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда:

  • Мамлакатимизда IT соҳасидаги олий таълим муассасалари сони 60 дан ва уларда таҳсил олаётган талабалар сони 50 мингдан нафардан ортди.
  • Хусусан, вазирлик тизимидаги IT олий таълим муассасаларида хусусан, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг 6 та филиали, Тошкент шаҳридаги Инҳа ва Амити университетлари томонидан 35 дан ортиқ мутахассисликлар бўйича 29 минг нафардан ортиқ олий маълумотли кадрлар тайёрланмоқда.
  • 2022 йилда “EPAM Systems” халқаро IT компанияси билан ҳамкорликда биринчи онлайн шаклдаги “IT Park University” рақамли университети фаолияти йўлга қўйилди.
  • Қоракўл IT-кластерини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди (2023 йил 5 июл). Ушбу кластерда 2023/2024 ўқув йилидан IT-йўналиш бўйича Бухоро вилоятида Ҳиндистон билан ҳамкорликда Acharya университети ташкил этилди.
  • Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан “Бир миллион дастурчи” лойиҳасининг навбатдаги босқичини амалга ошириш мақсадида ёшларга uzbekcoders.uz платформаси орқали АҚШнинг “Coursera” компаниясининг онлайн таълим ресурсларидан фойдаланиш имконияти яратилди. Ушбу лойиҳа доирасида 2023–2025 йилларда 1,2 млн нафар ёшлар 8 та йўналишдаги онлайн курсларда бепул таълим олишади.
  • Бугунги кунда uzbekcoders.uz сайти орқали “Coursera” платформасида рўйхатдан ўтган ўқувчилар сони 316 325 нафар, улардан 314 минг нафари фаол ўқувчилар ҳисобланади. Ўқувчиларнинг 162 901 нафарини эркаклар, 153 424 нафарини аёллар ташкил этди.

Маълумот учун: IT соҳадаги ўқув курсларда таҳсил олаётган ёки ушбу ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган 15 минг нафардан ортиқ ёшларга компютер харид қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда истеъмол кредитлари ажратилди.

Халқаро IT сертификатларини олиш учун 50 фоизгача харажатларини қоплаш бўйича IT-istedod портали ишга туширилди, шунингдек, Ягона интерактив давлат хизматлар портали (“my.gov.uz”) орқали аризаларни қабул қилиш учун “Халқаро IT-сертификатларни олиш ҳамда ўқиш харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисмини қоплаб бериш” хизмати жорий этилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида ҳозирги кунга қадар халқаро IT-сертификатни олиш учун қатнашган жами ёшлар сони 1600 нафардан ортиқ бўлиб, шундан:

735 нафар ёшларга жами 1 млрд. сўм дан ортиқ харажатлари қоплаб берилган. Жумладан, 2023 йил ҳозирги кунга қадар 285 нафар ёшларга жами 618,3 млн.сўм миқдорида харажатлар қоплаб берилди.

Аҳолининг рақамли кўникмаларини ошириш мақсадида республика бўйича 205 та рақамли технологиялар ўқув марказида 400 га яқин янги иш ўринлари яратилган бўлиб, уларда ҳозирги кунга қадар 195 минг нафардан ортиқ тингловчилар малакасини оширди. Шундан, 39 минг нафардан ортиғи давлат хизматчиларидир.

Иқтидорли ёшларни саралаш, қўшимча ўқитиш ҳамда халқаро меҳнат бозорига тайёрлаш тизимини жорий этиш ва замонавий IT-касбларга ўқитувчи “IT Skills” тизимини яратиш чоралари қўрилмоқда. Унга мувофиқ, ҳар йили 50 минг нафардан ортиқ ахборот технологияларига қизиқувчи ёшларнинг базаси яратилади, 5 минг нафар иқтидорли ёшларнинг билим ва кўникмалари оширилиб, халқаро меҳнат бозорига тайёрланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг