Миллиардерлар қандай китобларни ўқишади? (рўйхат)

Мутолаа — яхши машғулот, янги-янги ғоялар, маълумотлар оласиз. Китоб ўқиш миллиардер-тадбиркорларга ҳам бегона эмас, сармоялар, бизнесни қандай қуриш кераклиги ҳақидаги асарлардан ташқари, албатта, бадиий адабиётга мурожаат қилиб туришади. Ким билсин, балки ёшликда ўқилган китоблар уларни шу даражага олиб чиққандир.
Хўш, таниқли миллиардерларнинг севимли бадиий асарлари қайсилар — шарҳимиз шу ҳақда.
Илон Маск — “Узуклар ҳукмдори” (Жон Толкин)
- Компанияси: SpaceX, Tesla, Twitter ва бошқалар. Илон Маскнинг бойлиги — $180 млрд (бу ва кейинги маълумотлар Forbes рейтингидан олинган)
“Узуклар ҳукмдори” — XX асрда ёзилган, энг машҳур ва кўп ўқилаётган асарлардан бири. Толкин — замонавий фэнтези асосчиси. 1950-йилларнинг ўрталарида учта китобдан иборат “Узуклар ҳукмдори” нашр этилди, уларда мураккаб маданият, тарих ва афсоналарга бой сеҳрли ирқлар яшовчи Ўртаер ҳақида ҳикоя қилинади. Бу асарнинг киноталқинини томоша қилмаганлар топилмаса керак.
“Узуклар ҳукмдори” ҳамда “Асос” (Айзек Азимов фантастик трилогиясининг биринчи китоби, Илон Маск ушбу ёзувчининг ҳам мухлиси саналади — таҳр.) қаҳрамонлари доим дунёни қутқаришни ўз бурчлари деб билишган”, — Илон Маскнинг The New Yorker нашрига берган интервюсидан.
Жефф Безос — “Куннинг қолган қисми” (Кадзуо Исигуро)
- Компанияси: Amazon, Blue Origin ва бошқалар. Бойлиги — $114 млрд
“Куннинг қолган қисми” романида деярли бир умр лорд Дарлингтонга хизмат қилган кекса инглиз мулозими Стивеннинг кечмишлари қаламга олинган. Муаллиф яқинлашиб келаётган уруш домига кириб бораётган одамлар ҳаёти мисолида халқ ҳаётини хотира монолог шаклида ҳикоя қилади. Ушбу роман Букер мукофотини олган. Адабий жамоатчилик мазкур асарни “Йигирманчи асрнинг инглизча энг яхши романи”, дея эътироф этган. Ваҳоланки, Нобел мукофоти соҳиби — Исигуро Японияда туғилган, миллати япон, аммо инглиз тилида қалам тебратувчи ёзувчи. 1993 йили ушбу асар асосида режиссёр Жеймс Айвори “Кун поёнида” филмини суратга олган (бош ролларда — Энтони Ҳопкинс ва Эмма Томпсон).
“Куннинг қолган қисми”ни ўқиркансиз, беихтиёр ўйга чўмасиз. Мен 10 соат бировнинг ҳаёти билан яшадим, ҳаёт ва афсусланиш ҳақида янги нарсаларни кашф қилдим”, — Жефф Безоснинг Newsweek нашрига интервюсидан.
Дарвоқе, Жефф Безос миллиардерликка тамал тошини айнан китоблар сотиш орқали қўйган.
Ларри Эллисон — “Булоқ” (Айн Рэнд)
- Компанияси: Oracle ва бошқалар. Бойлиги — $107 млрд
Романда ижодкор кишилар тараққиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучлари сифатида кўрсатилган. Бош қаҳрамон — истеъдодли меъмор Ҳовард Рок ўз шахсий ва касбий стандартларининг қаттиқ ҳимоячиси, ҳеч қандай муросага тоқати йўқ.
1949 йилда романни режиссёр Кинг Видор кинога айлантиради (бош ролда — Гэри Купер). Сценарийни Айн Рэнднинг ўзи ёзган.
“Болалигимда меъмор бўлишни орзу қилганман. Унда ҳали “Булоқ”ни ўқимаган эдим. Мен дунёда меъмор каби қилган ишига нисбатан кам ҳақ тўланадиган касб йўқлигини назарда тутяпман”, — Ларри Эллисоннинг Смитсон институтига берган интервюсидан.
Билл Гейтс — “Жавдарзордаги халоскор” (Жером Сэлинжер)
- Компанияси: Microsoft (асосчиларидан бири). Бойлиги — $104 млрд
Асар бош қаҳрамони — шифохонада даволанаётган 16 ёшли Ҳолден Колфилд. У касалликка чалингунига қадар, ўтган қишда ўзи билан содир бўлган воқеаларни ҳикоя қилади. Асар ўсмир, унинг ҳаётининг бир неча куни, замонавий жамиятнинг қонун ва ахлоқларини қабул қила олмаслиги ҳақида.
“Жавдарзордаги халоскор”ни 13 ёшимда ўқиганман, ҳануз энг севимли китобларимдан бири. Жуда донишманд асар. Роман ёшлар саросимага тушиб қолгандек туюлгани билан, аслида катталар англамайдиган нарсаларни кўра олишлари ва ақлли қарорлар чиқариши ҳақида”, — Билл Гейтснинг Academy of Achievement таълим ташкилоти вакиллари билан суҳбатидан.
Майкл Блумберг — “Ҳурматли мактаб боласи” (Жон ле Карре)
- Майкл Блумберг — Ню-Йорк шаҳрининг собиқ мэри, Bloomberg ахборот агентлиги эгаси, миллиардер. Бойлиги — $94,5 млрд
“Ҳурматли мактаб боласи” — хоин фош этилганидан сўнг Гонконгга бориб, у ерда Британия разведкасини тиклашга уринган Жорж Смайл ҳақидаги жосуслик романи. Қаҳрамон ҳукуматнинг ҳужумидан махфий хизматни қутқариш жосуслик амалиётини ўтказиши шарт.
“600 саҳифали бу асар асосан тасвирлашдан иборат, ҳеч қандай ҳаракат йўқ. Аммо қандай оҳанрабоси бор-а!”, — The New York Times билан суҳбатда Блумберг асардан олган таассуротини шундай ифодалаганди.
Сергей Брин — “Кўчки” (Нил Стивенсон)
- Google асосчиларидан бири. Бойлиги — $76 млрд
Илмий-фантастик романда ўқувчи компютер ва бир пайтнинг ўзида биологик вирус — “Кўчки” воситасида одамлар онгини бошқарадиганлар фитнасига дуч келган бир гуруҳ қаҳрамонларнинг саргузаштларидан воқиф бўлади.
Антиутопия асар 1993 йилда Британия илмий фантастика уюшмасининг мукофоти, 1994 йилда Артур Кларк мукофотига номзод бўлган.
“Бу ўз давридан ўн йил илгарилаб кетган асар. Муаллиф келажакни олдиндан кўра билган, менга шуниси билан қизиқ”, — Сергей Бриннинг Academy of Achievement ташкилотига берган интервюсидан.
Марк Цукерберг — “Энеида” (Вергилий)
- Meta (Facebook) асосчиларидан бири ва раҳбари. Бойлиги — $64,4 млрд
Троя қулаганидан сўнг қолган-қутган халқи билан Италияга кўчиб ўтган афсонавий қаҳрамон Эней ҳақидаги кўҳна достон. Асарда Римнинг илоҳий тарзда бунёд бўлиши ҳикоя қилинади, Эней шарафланади, Рим ва Карфаген ўртасидаги абадий душманликни асословчи афсоналар келтирилади.
New Yorker ёзишича, “Энеида” Марк Цукербергнинг севимли китобларидан биридир. Марк асарни илк марта ўрта мактабда лотин тилини ўрганаётганида ўқиган, “вақт ва макон чегарасини билмас шаҳар” қуриш йўлидаги Энейнинг жасоратларидан ҳайратга тушган экан.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter