Ким триллионер бўлишни хоҳлайди?

Дунё биринчи триллионерни қачон кўради? Oxfam International яқинда чиқарган ҳисоботда айтилишича, бунга оз қолди — яқин ўн йил ичида. Қўшимча қилинишича, ҳозир жаҳондаги беш нафар энг бой одам 2020 йилдагидан 114 фоиз бойроқ.
Триллионернинг “туғилиши” учун ўн йил кифоялигига ишониш қийин. Триллионга элтувчи йўл — жуда мураккаб, ҳам шахсий, ҳам макроиқтисодий сабаблари бор. Агарда гиперинфляция юз бермаса, соф триллион доллар бойликка эришишни кўзлаган ҳар кимни бу йўлда жиддий тўсиқлар кутиб турибди.
Аввало инсон табиати. Худди бир вақтлар машҳур “Ким миллионер бўлишни истайди?” ўйин-шоусида сўрашганидек. Яна олтита нол қўшинг ва у риторик савол бўлмай қолади: кўп миллиардерлар (яъни триллионерликка потенциал номзодлар — таҳр.) асосан вақтларини пулларини кўпайтиришга эмас, балки сарфлашга зўр беришяпти ва бу табиий.
Масалан, ушбу мақола ёзилаётган пайтда жаҳоннинг энг бой одамлари рўйхатида 177 млрд доллар билан иккинчи ўринни банд этиб турган Жефф Безос. У ҳозир Amazon компаниясини бошқармаяпти, офисгамас, тренажёр залига серқатнов бўлиб қолган. Безоснинг истеъдодига шак-шубҳа бўлиши мумкинмас, бироқ ҳатто унинг Blue Origin ракета компанияси фазо кенгликларини забт этган тақдирда ҳам у триллионер бўлолмайди.
Оилавий ҳаёт бойлик тўплашга таъсир ўтказмай қолмайди. Жефф Безос, Билл Гейтс, Илон Маск ва бошқаларнинг бойлиги қисқаришига ажрашишлар катта таъсир қилган. Улкан империя — Walmart эса компания асосчиси Сэм Уолтоннинг кўп сонли ворислари ўртасида тақсимлаб юборилган.
Бойлик тинмай тўпланмаслиги сабабларидан яна бири — хайрия ва лойиҳалар. Саховатпеша Билл Гейтс ўз бойлигининг катта қисмини Гейтс жамғармасига бериб юборганидан кўпчилигимиз хабардормиз.
Пулларини қизғанмайдиган миллиардерларни шунчаки фидойилар деб ўйлаш хато. Агар сизнинг бир неча ўн миллиард долларингиз бўлсаю, улардан воз кечиш эвазига сиз қўлга киритаётган ижтимоий капитал кўпинча бераётганингиздан салмоқлироқ бўлиши мумкин. Умуман, умр давомида бунча пулни сарфлашнинг ўзи осонмас, тўғри сарфлашни-ку айтмаса ҳам бўлади. Шунинг учун ҳам ўта бой одамлар пулларининг бир қисмини хайрия қилиб, гарчи уларнинг молиявий фаровонлиги камайса ҳам, ўз ижтимоий фаровонликларини ошириш пайида бўлишади.
Баъзида бу лойиҳалар хайрия йўсинида бўлмагани билан, ортида молиявий манфаатлар ҳам ётмаган бўлиши мумкин. Дунёнинг энг бой кишиси — 222 млрд долларга эга Илон Маск Twitter (ҳозирги X) ижтимоий тармоғини 44 миллиард долларга сотиб олди. Сиёсий ва маданий дискурсга таъсир кўрсатиш учун Twitter эгаси бўлишни хоҳлагани аниқ, ўзиям айтган. Ҳозир Twitter Маск тўлагандан анча арзонлашган, яъни унинг триллионер бўлиш масаласини қийинлаштиради.
Триллионер бўлишнинг ҳеч қандай шахсий фойдаси йўқдир, эҳтимол. Қайтанга бу одам сиёсий нишонга айланиши мумкин.
Триллионерлик йўлидаги тўсиқлардан яна бири — диверсификацияга интилиш. Қўлингизда улкан пул бўлса, уни албатта тақсимлаб ишлатасиз. Масалан, Гейтс биринчи навбатда ўз қўлидаги Microsoft акцияларининг салмоқли қисмини сотиб юборган, тахмин қилиш мумкинки, у пулларини бошқа жойларга ҳам тикиб, авайлаш пайида бўлган. Ўз даври учун бу яхши ғоя эди. Аммо ҳозир кўряпмизки, Гейтс Microsoft акцияларини сотмаганида янаям бойроқ бўларди. Ҳатто айрим ҳисоб-китобларга кўра, триллионер бўлиши ҳам мумкин экан, албатта бунинг учун Microsoft акциялари кескин қимматлашиб кетиши лозим бўларди.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам, тўлиқ диверсификация ҳеч кимни миллиардер қилмайди. Аксинча, кўпчилик миллиардерлар бор-будларини кейинчалик (балки) жуда юқори даромад келтирувчи кам сонли ихтисослашган корхоналарга тикишади. Аммо бир умр юқори хавотирли бизнес юритишда ҳам маъно йўқ. Триллионер бўлгандан кўра, пулларни нақдлаштириб олиб, ҳаётнинг гаштини суриб қолган яхши эмасми?!
Ва ниҳоят, макроиқтисодий омиллар. Жаҳондаги кўпгина мамлакатларнинг молиявий аҳволи қўшимча тўсиқларни юзага келтиради. Аксарият бой мамлакатларда қарз ҳам, дефицит ҳам юқори, аҳоли эса қариб боряпти. Бу фискал босим солиқларнинг ошишига олиб келса ва айримлари ўта бой инсонларни туртиб ўтса ажабланмаймиз.
Хуллас, яқин ўн йилда триллионер бўлиши мумкин биронта инсонни кўрмаяпмиз. Агар биринчи триллионер пайдо бўлган тақдирда ҳам, у зўраки триллионер бўлади, катта раҳматни эса Федерал захира тизимига айтаверасиз (долларнинг қадрсизланиши назарда тутиляпти).
Манба: telegra.ph
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter