DevOps муҳандислари ҳамда дастурчилар энг юқори маошли касблар рўйхатида — HeadHunter
Онлайнда иш топишга мўлжалланган HeadHunter (hh.uz) сервисида 2023 йилнинг биринчи ярмида иш берувчилар 40 мингдан зиёд иш ўринларини таклиф этишди. Бу 2022 йилнинг худди шу даврига нисбатан 47 фоиз кўпдир.
Сервисда таклиф қилинган иш ўринларининг 84 фоизи Тошкент шаҳрига тўғри келди. Самарқанд 4,3 фоиз, Бухоро 1,3 фоиз улуш билан етакчи учликка кирди.
Ҳисобот даврида сервисда таклиф қилинган ойлик иш ҳақлари ўртача (солиққача) 5,029 млн сўмни ташкил қилди.
Энг юқори маошлар савдо менежерлари, рақамли маркетологлар, DevOps муҳандислари, Android, Python ва Java дастурчилари, шунингдек, молия директорлари ва кўчмас мулк бўйича агентларга таклиф этилди. Ушбу таклифларнинг 9 фоизида таклиф этилган ойлик маош қиймати 1000 доллардан ошди.
Сервис орқали январ–июн ойларида 120 минг нафардан ортиқ ўзбекистонликлар иш қидиришган. Бу 2022 йилнинг иккинчи ярмидагидан 60,5 фоиз, иккинчи ярмидагидан 110 фоиз кўпдир. Резюме ва таклиф этилаётган иш ўринлари нисбати 2023 йилнинг дастлабки ярмида 1:3 нисбатни ташкил этди.
Сервис вакилларига кўра, бу кадрлар етишмаслигидан далолат беради. Айниқса, малакали ходимлар, хусусан, техник соҳада ўрта, ўрта-махсус ва олий таълимга эга мутахассислар тақчиллиги кузатилмоқда.
Иш қидирувчилар сервис орқали асосан қуйидаги йўналишларда ўзларига иш излашган:
- сотувлар бўйича менежер, мижозлар билан ишлаш бўйича менежер;
- маъмур (администратор);
- дастурчи;
- сотувчи-консултант, сотувчи-кассир;
- ҳисобчи (бухгалтер);
- муҳандис-конструктор, муҳандис-лойиҳачи;
- ҳайдовчи;
- харидлар бўйича менежер;
- ўқитувчи, педагог;
- официант, бармен, бариста.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter