Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

2024 йилда ҳаётимизни ўзгартирувчи 10 технология — MIT таҳлили

2024 йилда ҳаётимизни ўзгартирувчи 10 технология — MIT таҳлили

Фото: MIT Technology Review

Массачусетс технология институтининг MIT Technology Review журнали 2024 йилда инсон ҳаёти ва фаолиятини энг кўп ўзгартириши кутилаётган муҳим технологиялар рўйхатини (топ-10) тузди. Бунга ишонсак бўлади. MIT олимларининг ўзлари ҳам кўплаб илғор илмий тадқиқотларга муккаси билан шўнғишган, айрим соҳаларда балки етакчи эмасдирлар, аммо ортда ҳам қолишаётгани йўқ.

Ҳамма нарса учун сунъий интеллект — бу рўйхатда биринчи! Миллиардлаб одамлар ChatGPT билан танишишдан ташқари, яна кўплаб катта тил моделлари ва ўнлаб махсус нейротармоқларда ишлашни ўрганиб олишди. Бир йилнинг нари-берисида сунъий интеллект дунёни ўзгартириб юборди, ахборот макони маслаҳатгўй, матнлар ёзувчи, расмлар чизувчи, видеолар ясовчи ақлли ёрдамчиларга тўлиб кетди. Шак-шубҳасиз, сунъий интеллект ва унга асосланган ишланмаларга қизғин қизиқиш, бу технологияларнинг шиддат билан ривожланиши 2024 йилда ҳам давом этади.

Юқори самарали қуёш фотоэлементларини MIT мутахассислари муҳим технологиялар рўйхатида иккинчи ўринга жойлаштиришди. Қуёш энергияси муҳим энергоманбалар қаторига кирди, ҳатто айрим минтақаларда қазилма энергиясига рақобатчи ўлароқ кўрилмоқда, масалан, Хитой энергетикасидаги улуши 50 фоиздан ошди. Унинг биргина камчилиги — фойдали иш коэффициенти эди. Ҳозир қуёш панелларининг самарадорлиги 20 фоиз атрофида. MIT мутахассислари 2024 йилда перовскитли фотоэлементлар кенг тарқалишни бошлаши ва тижорий қуёш панелларининг самарадорлигини кескин оширишига ишонишмоқда.

2024 йилнинг илғор технологиялари орасида учинчи ўрин Apple Vision Pro гарнитурасига берилди. 3 500 долларга нархланган қурилма 2 февралдан кенг сотувга чиқади. Ҳозиргача аралаш реаллик гарнитурасини урфга киритишга уринишлар ўзини оқламаган (Марк Цукербергнинг Oculus VR шлемларини эсланг). Бу сафар қандай: қурилма қўлма-қўл бўладими ёки унутилишга маҳкумми — тез орада билиб оламиз. Apple кўп ваъдаларни беряпти. Аммо пишиқ дастурий таъминот, кўп ва хўб иловаларсиз гарнитуранинг ўзи — бир пулга қиммат, ваҳоланки, нархи осмонда — ҳамманинг ҳам “қўли етмайди”.

Аҳолининг саломатлигини яхшилашга жиддий таъсир кўрсатувчи ишланмалар тўртинчи қатордан жой олди. Булар — семиришдан халос этувчи дори-дармонлар.  Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунёда ортиқча вазнлилар кўпайиб бораётганини эпидемия дея таърифлади. Mounjaro ва Wegovy сингари янги дорилар ушбу “касаллик”ка қарши яхши самара берди. Қолаверса, янги дориларнинг ён таъсирлари ҳам фойдали эканлиги — юрак хуружи ва инсултлардан ҳимоялаши айтилмоқда. Шуларга ўхшаш яна бошқа дорилар ҳам пайдо бўлмоқдаки, бу жуда кўп одамлар қамраб олиниши ва касалликлардан халос бўлишига умид уйғотади.

Геотермал энергиялардан фойдаланиш бўйича янги технологиялар — бешинчи ўринда. Ер бағридан чиқаётган иссиқликдан фойдаланиш бошланганига анча йиллар бўлди, бироқ чинакамига самарали технологиялар ва усуллар пайдо бўлаётгани бу соҳанинг очилмаган қўриқ эканини англатади. Бурғилаш ва қувурлар ётқизишнинг янада мураккаб усуллари илгари иложсиз ҳисобланмаган Ернинг чуқур қаъридан ҳам энергия ва иссиқлик олиш имконини беради.

Чиплет (митти интеграл схема)лар ҳам 2024 йилнинг энг умидбахш технологиялари рўйхатига киритилди. Бир нечта кичик кристаллдан катта чип ва процессорлар йиғиш технологиялари пайдо бўлди. Бу эса нисбатан оддий воситалар ёрдамида процессорлар функцияларини ошириш ва Мур қонунининг ишлашда давом этишига замин яратади. Яқин келажакда янада кучли ва мураккаб ишланмалар яратишнинг ягона йўли — чиплетлар бўлиб қолмоқда.

Еттинчи ўринда — генларни таҳрирлаш орқали “дорилар” ишлаб чиқариш. 2023 якунига келиб бу тоифа дориларни одамларда тўлиқ ҳажмда қўллашга рухсат берилди. Инқилобни ўз “генетик қайчилари”дан ўроқсимон-ҳужайрали анемия ва трансфузион-қарам бета-талассемияни даволашга рухсат олган Vertex компанияси бошлаб берди. Технология самарали эканини исботлади, энди бошқалар ҳам янги соҳага кириб келишни бошлайди.

Илғор технологиялар рўйхатига суперкомпютерларни масштаблаштиришни давом эттириш ҳам кирди. Замонавий тизимларнинг энергия сарфи шунчалик юқори ва бошқарилиши мураккабки, келгуси масштаблаштириш — бир қарашда амалга ошириб бўлмас вазифадек эди. Аммо суперкомпютерлар эксафлопсли довонни ҳам забт этиб, иқлимий, ядровий реакциялар ва бошқа кўплаб жараёнларни моделлаштириш янада тезроқ, аммо камхарж юз беражак келажакка юзланмоқда.

Инсониятга қулайлик яратиб, экологияни асровчи иссиқлик насослари амалдаги йилнинг муҳим технологиялари рўйхатида тўққизинчи ўринда эътироф этилди. Бу насослар — кондиционерларни эслатади, фақат ишлаш тамойили бошқача. Электр токида ишловчи иссиқлик насослари ҳатто қаҳратон совуқда ҳам жуда кам энергия ҳисобига хоналарни иситиб беради. Иссиқлик насослари жаҳонда урфга кириб боряпти, АҚШда оммалашиш бобида биринчи марта газ печларини ортда қолдирди. Германияда ўтган йили қабул қилинган қонун билан ҳар бир янги қурилаётган уй электр токида ишловчи иссиқлик насосида иситилиши мажбурияти белгиланди.

Ва ниҳоят, 2024 йилда сиз ва бизнинг ҳаётимиз ва фаолиятимизга жиддий таъсир кўрсатиши кутилаётган муҳим омиллар қаторига MIT вакиллари X (собиқ Twitter)га рақобатчи кўплаб ижтимоий тармоқларнинг пайдо бўлиши эҳтимолини киритишди. Мутахассисларга кўра, бу ижтимоий тармоқни сотиб олган Илон Маск ўзини деспот сифатида намоён этиб, фойдаланувчилар ва реклама берувчиларни чўчитиб юборди. Шу боис ушбу тармоқ ижтимоий тармоқлар оламида эгаллаб турган марказий ўрин амалда яксон бўлди ва унинг ўрнига кўз тикаётган кўплаб “қотиллар” пайдо бўлмоқда, хусусан, улар орасида ўз фойдаланувчилари сонини кўпайтириб бораётган Bluesky ва Threads сингари тармоқлар бор.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг