Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентда IТ мутахассислари учун бўш иш ўринлари ярмаркаси бўлиб ўтди

Тошкентда IТ мутахассислари учун бўш иш ўринлари ярмаркаси бўлиб ўтди

Бугун 6 май куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида JobFest 2022 фестивали бўлиб ўтди. Бўш иш ўринлари ярмаркасидан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистондаги ва хориждаги энг илғор ташкилотларни, шунингдек, IТ йўналишлари мавжуд бўлган барча олий ўқув юртларининг битирувчилари ва талабаларини бир жойга жамлаш эди.

Тадбирда EPAM, АGMK, “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзбектелеком”, АКFА group, Huawei, Vivo, Express 24, Check Point Software Technologies, New Мах Теch ва Ўзбекистон почтаси каби қатор ташкилотлар ҳамда мамлакатимизнинг етакчи университетлари вакиллари иштирок этди.

JobFest 2022 бўш иш ўринлари ярмаркаси доирасида семинарлар ҳам бўлиб ўтди. Жумладан, “Itransition” компаниясининг бош муҳандиси Павел Лебедев “Техник суҳбатдан қандай ўтиш керак?” мавзусида семинар ўтказди, EPAMнинг тизимлар бўйича катта муҳандиси Руслан Салихов эса DevOps ва унинг аҳамияти ҳақида тақдимот қилди.

Бундан ташқари, Huawei компаниясининг Wireless Network Design бўйича муҳандиси Хабибуллин Жавдат “Road to Mobile 2030” мавзусида, IТ & Cloud маҳсулотлар менежери Жавлон Нурматов “Интеллектуал дунё учун маълумотлар инфратузилмасини яратиш” мавзусида ва “World of Warships” лойиҳасининг техник гуруҳ раҳбари Михаил Попов “GameDev'да ишлаш” мавзусида нутқ сўзлади. Lesta компаниясининг HR директори Анна Посазженникова эса “Орзулар ҳақиқатга айланганда” мавзусидаги семинар машғулоти билан тақдимотларга якун ясади.

Сўзга чиққанларнинг тақдимотлари талабаларда катта қизиқиш уйғотди ва улар маърузачиларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиш билан бирга фойдали маслаҳатлар олишга ҳам муваффақ бўлдилар.

Ярмаркада пойтахтимиздаги турли олий ўқув юртларининг 600 дан ортиқ талабалари ҳамда Ўзбекистоннинг 50 дан зиёд йирик компания вакиллари иштирок этди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг