Рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича асосий вазифалар белгиланди
Кеча Президент раислигида рақамлаштириш бўйича 2023 йилги вазифалар ва режаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик.
Давлатимиз раҳбари соҳада амалга оширилган ишлар етарли эмаслигини, IT хизматлар экспортини келгусида 1 миллиард долларгача ошириш режа қилинганини қайд этди.
Йиғилишда рақамли технологиялардан фойдаланиш кўламини янада ошириш зарурлиги таъкидланди.
Аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган ички ишлар идораларида 34 та, адлия идораларида 32 та, “Ўзстандарт”да 29 та, соғлиқни сақлашда 11 та хизмат электрон шаклга ўтказилмагани қайд этилди.
IT соҳада дастурий маҳсулот ишлаб чиқаришда ҳам, экспортда ҳам ҳудудлар кесимида номутаносиблик кузатилаётгани, асосий қисм Тошкент шаҳрига тўғри келаётгани кўрсатиб ўтилди.
Мажлисда аҳоли муаммоларини ҳал қилиш жараёнларини рақамлаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, ҳудудларни рақамлаштириш учун молиявий манбаларни кенгайтириш масаласига тўхталиб ўтилди.
Президент барча бизнес жараёнларини ҳамда аҳоли учун энг зарур хизматларни тўлиқ рақамлаштириб, ўзаро интеграция қилиш вазифасини қўйди.
Давлатимиз раҳбари ёшларни ITга ўқитиш, уларга ишлаши учун шароит ва маҳсулоти учун бозор яратиш зарурлигини таъкидлади.
Олис ва чекка ҳудуддаги ёшларни хорижий тилларга ўргатиш учун алоҳида телеканал ташкил қилинган. Рақамлаштириш вазирлигига ушбу телеканалда ITга ўқитиш бўйича ўқув курслари ва камида 30 фоиз қизиқарли контентларни жойлаштиришни таъминлаш топширилди.
IT хизматлар экспортини янада ошириш учун IT парк резидентларига хорижий буюртмаларни жалб қилишга қўшимча шарт-шароитлар яратилиши белгиланди.
Ушбу тадбирда тармоқ ва соҳаларда ҳамда ҳудудларда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш масалалари бўйича белгиланган асосий вазифалар бўйича инфографика тақдим этилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter