Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўгай ота-она қўлида тарбия топган Стив Жобс

Ўгай ота-она қўлида тарбия топган Стив Жобс

Фото: "Uznayvse.ru"

"Apple" корпорацияси асосчиси Стивен Пол Жобс 1955 йили Сан-Францискода туғилган. Отаси сириялик Абдулфаттох Жандалли, онаси немис миллатига мансуб Жоан Шибле ўртасидаги никоҳ норасмий бўлгани ва ота-оналар бу турмушга қаршилик қилганлари сабаб болани бошқа оила қўлига топширишган. Шу тариқа у Пола ва Клара Жобслар хонадонида улғайди.

Стив мактабда шўх бола бўлгани билан ақли анча ўткир эди. Тўртинчи синфдан олтинчи синфга сакраганидан ҳам буни билиш қийин эмас. Ўқувчилик давриданоқ электроникага жуда қизиққан. Билл исмли ўртоғи билан қизиқишлари мос келар, кўп вақтини унинг уйида ўтказарди. Кейинчалик Билл "Apple"нинг илк ходими бўлди.

Мактабни битирган Жобс Орегон штатидаги Рида коллежига ўқишга кирди. Лекин тўлов миқдори кўп бўлгани учун кўп ўтмай ўқишни ташлашга мажбур бўлди. Шундан сўнг "Hewlett-Packard" компаниясида ишлай бошлади.

Стив 20 ёшдалигида дўсти Возняк компьютер ясаш ва сотишга кўндирди. Вақт ўтиб дўстлар "Apple Computer" корпорациясига биргаликда асос солганлар. Илк сармоя учун Стив микроавтобусини, Возняк дастурловчи калькуляторини сотганди.

Компаниянинг илк компьютерлари 666.66 долларга нархланган. Кўп ўтмай электроника дўконидан 50 дона компьютерга буюртма тушган. Шунда Стив уйининг гаражида устахона очиб, барча ўртоқларини ёрдамга чақирган. Йигитлар бир ёқадан бош чиқариб, компьютер ясашга тушишган. Стив эса уларни назорат қилиб, йўл кўрсатиб турарди.

Ўша замонда пайдо бўлган "IBM" компьютерлари "Apple"га рақобатчи эди. Ундан ўзишни мақсад қилган Стив Жобс реклама ва маҳсулотни қадоқлашга катта эътибор қаратди. Меҳнатлари бесамар кетмай, компьютерлар йилига 5 миллионлаб сотилди ва компания раҳбари 25 ёшидаёқ миллионер бўлишга улгурди.

2000 йилда қаҳрамонимиз энг камтарона маош оладиган директор сифатида Гиннеснинг рекордларига киритилган. У йилига 1 доллар маош оларди.

2001 йили Стив "Apple"нинг илк плеери - "iPod"ни тақдим этди. Кейинроқ бу маҳсулот компаниянинг асосий даромад манбаига айланди. Балки кўпчиликнинг эътиборини қозонганига унинг "Минглаб қўшиқлар - сенинг чўнтагингда" жарангдор шиори сабаб бўлгандир. "iPod"нинг хотираси йилдан йилга кенгайиб, имкон қадар кўп мусиқаларни сиғдира олди. 2006 йилда у янада такомиллашиб, "iPod Classic" номини олди ва 160 гигабайт ҳажмдаги мусиқа, фото ва видеоларни жамлаш имкониятига эга бўлди.

2007 йилда компания "iPhone" телефонлари билан машҳурликнинг янги поғонасига кўтарилди.

2004 йил августида Стивга ошқозон ости бези саратони ташхиси қўйилган эди. Йиллар давомида у енгилмай, хасталик билан изчил курашди. Аммо якунда ғолиблик дард томонда бўлди. Жобс 2011 йили август ойида ишни тарк этган бўлса, шу йили октябрь ойида жони узилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг