Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Эъзоза Турғунова

“Агар инсон ниманидир чин дилдан орзу қилса, бутун коинот уни шу орзусига етиштириш пайида бўлади!”

“Хитойлик Стив Жобс” Appleни ортда қолдира оладими? (видео)

Ҳозирги кунда смартфонлар бизнеси жаҳондаги энг инновацион бозорлардан бирига айлангани ҳеч биримизга сир эмас!

Мазкур бозорда гарчи кўп йиллик тарихга эга йирик технология гигантлари етакчилик қилаётган бўлса-да, бироқ соҳага яқиндагина шиддат билан кириб келиб, мижозларнинг эътиборию эътирофини қозонаётган брендлар ҳам йўқ эмас. Бундай шоввозлар қаторига, ҳеч шубҳасиз, Хитойнинг Xiaomi компаниясини ҳам киритиш мумкин.

Хўш, компаниянинг бу қадар тез ривожланишига нима туртки берди? Карвоннинг бошида аслида ким турибди?

Xiaomi компаниясига 2010 йилда асос солинган. Қисқа вақт ичида бренд Хитой бозорида ўз позициясини мустаҳкамлаб, айни вақтда жаҳон смартфон бозорини ҳам забт этмоқда. Албатта, бундай муваффақиятларга эришишда Xiaomi раҳбари ва асосичиси Лей Цзюннинг хизматлари беқиёс.

Хитойда Лей Цзюнни “хитойлик Стив Жобс” дейишади. У ўз компанияси ишлаб чиқарган арзон ва сифатли қурилмалар билан мижозларнинг ҳурматини қозониб келмоқда.

Лей Цзюн 1969 йилда Хитойнинг Сянтао шаҳрида туғилган. Шаҳар, асосан, енгил атлетикачи ёшлари билан яхши танилган эди. Бироқ Лей ўзгача йўлни танлайди ва 1987 йилда Ухан университетининг компютер технологиялари бўйича ихтисослашган факултетига ўқишга киради.

Афсуски, у пайтларда компютерлар ҳали яхши оммалашмаган, бутун бошли университетда биттагина компютер билан жиҳозланган синф хонаси бор эди. Устига-устак синф кўпинча совуқ бўлар эди. Бироқ бундай омиллар Лейнинг иштиёқини сўндира олмади.

У вақт топдим дегунча компютер хонасига югурарди. Шундай қилиб у дастурлаш тилларини яхши ўзлаштирди ва компютер автоматикасини ҳам ўрганиб борди.

Ҳали университетнинг илк босқичларида таҳсил олиб юрган чоғларидаёқ Лей Цзюн ўз компаниясига асос солишни орзу қиларди. Ҳатто у иккинчи босқичда ўқиб юрганида курсдошлари билан биргаликда “сариқ атиргул” номли компютер технологиялари тўгарагини ташкил қилади.

У талабалигининг сўнгги йилларидаёқ Хитойда машҳур дастурчи бўлиб танилди. Лей ўша пайтда яратган дастурлари орқали дурустгина маблағ йиғишга ҳам улгурган эди.

Ўқишни якунлагач, 21 ёшли Лей Цзюн Пекинга йўл олади. У ерда қаҳрамонимиз илмий-тадқиқот институтида бироз муддат ишлайди.

1991 йилда Лейнинг ҳаётида улкан бурилиш юз беради: компютер технологияларига бағишланган кўргазмада у Kingsoft компанияси президенти Цю Боцзюн билан танишади. Орадан бир неча кун ўтгач, Лейни Kingsoft компаниясига ишга таклиф қилишади.

1998 йилга келиб Лей Kingsoft компаниясининг бош директори лавозимига тайинланади. У компанияни бошқариш билан бир қаторда медиафайл ва китобларни сотишга мўлжалланган Joyo.com номли сайт устида ҳам иш бошлайди. Мазкур сайт 2004 йилда Amazon компанияси томонидан 75 млн долларга сотиб олинади.

Ҳали қирқ ёшни қаршиламаган ишбилармон жуда улкан муваффақиятларга эришади. Жумладан, 2009 йилда миллиардлаб доллар маблағларга эгалик қилиш билан бирга, Kingsoft раисининг ўринбосари вазифасида ҳам ишларди. Бироқ унинг ёшликдаги орзуси ҳали-ҳамон амалга ошмаган эди. Ва ниҳоят, 2010 йилда Лей Цзюн ўз ҳамкорлари билан бирлаликда Xiaomi стартапига асос солади.

Стартапга асос солган 8 кишининг барчаси ушбу ташаббус уларга нақадар қимматга тушишини яхши англашарди. Бироқ уларга омад кулиб боқди ва Xiaomi янги технологиялар саноатида энг илғор компаниялардан бирига айланди.

2011 йилда биринчи Xiaomi смартфони — Mi One тақдим этилди, у кучли дастур ва техник параметрлари билан ажралиб турарди. Бунинг устига смартфон рақобатчиларнинг қурилмаларига қараганда бир мунча арзон нархда бевосита интернет-дўкон орқали сотиларди.

2012 йилда компаниянинг умумий капитали 40 млн АҚШ долларига баҳоланади. Айнан шу йили Лей Цзюн фан ва техника тараққиётига қўшган ҳиссаси учун Хитой миллий мукофотига ҳам лойиқ кўрилади. 2014 йилдан бошлаб компания халқаро бозорда ҳам ўз маҳсулотларини сотишни бошлайди.

Биласизми, Лей Цзюн ҳали-ҳамон Kingsoft компаниясининг директорлар кенгашига аъзо ва унинг 15 фоиз акцияларига эгалик қилади.

Лей Цзюн ҳафтасига 40 соат эмас, 100 соат меҳнат қилади. Гарчи хитойликлар уни “иккинчи Стив Жобс” деб аташса-да, Лей бунга салбий муносабат билдиради.

Унинг фикрича, Apple ва Xiaomi — бутунлай бошқа-бошқа компаниялар, уларнинг стратегия ва қарашлари жуда фарқли. Шундай бўлса-да, Лей Стив Жобснинг ишидан илҳомланганини ҳеч қачон инкор этмайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг