Интернетсиз ҳаёт йўқ(ми?)
Масофавий равишда компьютерлар орқали маълумотлар алмашишни кўзлаган ҳолда интернетни 1969 йили ихтиро этдилар. Аммо 1990-йилларга келибгина у кўплаб давлатларда аҳоли орасида оммалашди.
Зикр этилган йиллардан олдин ҳам ҳаёт бор эди, инсонлар яшашда давом этаётганди, тўғрими? Лекин интернет инсон ҳаётининг бир қисмига айланиб олгач, турмушнинг барча омиллари билан узвийлик касб этди. Шу аснода ҳаётни ундан айро тарзда тасаввур этолмасликка ўргандик.
Албатта, интернет ўз афзалликларини исботлаб бўлди ва инсониятнинг бундан кейинги авлодлари ҳам ундан воз кечмаслиги тайин. Аммо бошқа сабаблар билан бутан олам интернетсиз қолиши хавфини йўқ, деб бўлмайди. Масалан, глобал талафотлар, табиат ҳодисалари, қуёшдаги кучли чақнашлар заррачалар таъсири ва радиацион муҳитни ўзгартириб, Ердаги барча электр энергияни ўчириб қўйиши мумкин. Кичик бир мисол: 1859 йили Англиянинг Каррингтон қишлоғида магнит бўрони боис маҳаллий электроника ишдан чиққан.
Тасаввур қилинг, агар қандайдир сабаб билан интернет тармоғи узилса, нима бўлади? Аввало, яқинлари билан тармоқ орқали ҳол-аҳвол сўрашга одатланган кишиларни хавотир чулғаб олади. Мобиль телефон орқали ҳам алоқага чиқолмайди, чунки операторлик хизматлари-да бутун жаҳон тармоғи орқали ишлайди. Кўпчилик шаҳар телефонидан фойдаланишга уринади ва алоқа тармоғида юқори даражадаги бандлик юзага келади. Хат-хабар алмашиш мақсадида эса анъанавий почтага мурожаат қилинади ва бу жараёнда жуда катта навбат ҳосил бўлади. Зарур хабарларнинг вақтида етиб бориши секинлашади, чунки почта хизмати барига тенг равишда улгуролмайди. Бинобарин, электрон почталар анъанавий почталарнинг ишини енгиллаштириб, қоғоз кўринишидаги мактубларнинг эгасига вақтида етиб боришига самарали таъсир кўрсатди.
Агар интернет дабдурустдан ўчиб қолса, бу иқтисодиёт учун катта талафотдир. Чунки интернетсиз нафақат мессенжерлар, балки онлайн банк иловалари ҳам ишламай қолади. Шунда онлайн тўловлар ва пул ўтказмалар бекор бўлиб, мижозлар ўз-ўзидан йўқолиб кетади. Зеро, пластик картадаги пулни нақдлаштиролмайсиз - банкоматлар ҳам бутунжаҳон тармоғи орқали ишлайди. Демак, кўплаб компаниялар интернетсиз умуман фаолият юритолмайди. Электрон почта билан боғлиқ бизнеслар ҳам инқирозга юз тутади.
2011 йили Мисрда оммавий тартибсизлик сабаб интернет 5 кунга ўчиб қолди. Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг хабар беришича, бу мамлакат учун анча қимматга тушди. Атиги 5 кунлик муддат кунига 18 миллион долларни йўқотишга олиб келди. Ҳукумат умумий 90 миллион доллар миқдорида моддий зарар кўрди.
Глобал тармоқсиз яшаган тақдирда таълим сифати ҳам тушиб кетади. Масофавий дарслар, электрон китоблар, вебинарларнинг йўқлиги инсонларнинг билим даражаси, тафаккур ўткирлигини саёзлаштириб юборади. Кадрлар қулай равишда малака ошириш имкониятидан маҳрум бўлиб, ўз устиларида ишлашдан тўхтайдилар, хорижий тажриба жабҳаси оқсоқликни бошдан кечиради.
Интернетсизликнинг яна бир асорати - ишсизлик. Гувоҳи бўлдингизки, коронавирус пандемияси пайти кўплаб иш жойлари масофавий меҳнатга ўтди. Агар онлайн ишлаш имконияти бўлмаганида, аҳволни ўзингиз тасаввур этаверинг. Одамлар ишсиз ва пулсиз қолиб кетарди ёхуд карантин қоидалари қатъий ўрнатилмаган ҳолда касалланиш кўрсаткичлари тубдан ошарди. Ҳеч бир юртнинг тиббиёти бундай шароитда ишлашга тайёр эмас.
Масофавий ишлаш, ўзини ўзи банд қилиш тамойилларининг мавжудлиги барча давлатларда ҳам ишсизлик кўрсаткичларини пасайтирди. Айниқса ногиронлиги бор, имконияти чекланган шахслар ҳам ахборот-коммуникацион воситалар орқали меҳнат қилишга, ўзининг кунини ўзи кўришга ўтиши ижтимоий ҳимояни бирмунча енгиллаштирди. Ҳа, камбағаллик ҳолатларини қисқартириш ечими ҳам интернетга бориб тақалади.
Интернет йўқ бўлса, ишсизлик, пулсизлик, руҳиятдаги бузилишлар бора-бора жиноятларни келтириб чиқаради. Ҳаётда ўрнини топишга қийналган, мотивацияга муҳтож, тобора камбағаллашиб бораётган инсонлар қинғир йўллар орқали пул топишга ўтадилар. Интернетсиз яшаш одамлар ҳаётини қийинлаштириб юборгани боис уларда тажовузкорлик ошиб кетади ва бир-бирларига ҳужум қилишга мойил бўлиб қоладилар.
Мутахассисларнинг маълум қилишларича, фақат глобал талафотлар ва кучли даражадаги табиат ҳодисаларигина интернетни дунё бўйлаб батамом ўчириб қўйиши мумкин. Бу кимнингдир хоҳиши ёки қарори билан амалга ошадиган иш эмас. Мисол учун, хакерлик гуруҳлари оммавий равишда интернетни узишга уринганлари билан маҳаллий тармоқлар сақланиб қолади. Бундан ташқари, қасддан узилган интернетни қайта улаш чоралари осонга кўчади. Ҳаётни интернетсиз тасаввур қилиб кўриш эса унинг афзалликларини чуқурроқ англашга ёрдам беради ва глобал тармоқдан унумли фойдаланишга ундайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter